Жаҳон | 09:32 / 13.01.2024
4307
3 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Қизил денгизда ҳарбий миссияни режалаштирмоқда

Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари АҚШнинг Қизил денгиздаги кемаларни ҳимоя қилиш миссиясида ЕИнинг иштирок этиш имкониятини муҳокама қилади. Минтақага Европанинг учта фрегатини юбориш варианти кўриб чиқилмоқда.

Фото: Houthi Military Media Center/picture alliance/dpa

ЕИ ташқи ишлар вазирлари 22 январ куни бўлиб ўтадиган йиғилишда АҚШнинг Қизил денгизда тижорий юк ташиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича миссиясида иштирок этиш имкониятларини муҳокама қилади. Ғарб ахборот агентликлари хабар беришича, Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат хизмати янги қўшма Европа операциясини бошлаш бўйича биринчи таклифларни ишлаб чиқди, у минтақага уч фрегат ва ҳаводан қўллаб-қувватланадиган эрта огоҳлантириш тизимларини, жумладан разведка самолётларини жўнатишни ўз ичига олади.

18 январ куни бу режалар Сиёсат ва хавфсизлик сиёсати қўмитасида муҳокама қилинади, унда Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг элчилари ва Европа ташқи ҳаракатлар хизмати вакиллари иштирок этади. Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Европа Иттифоқи зудлик билан тегишли режалар ишлаб чиқиш устида иш олиб бораётганини айтди.

Германия Европа миссиясида иштирок этишга тайёр 

Германия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Себастян Фишер Германия ҳукумати Европа Иттифоқининг Қизил денгиздаги миссиясида иштирок этишга тайёрлигини, бироқ унинг мандати ҳали якунланмаганини, шунинг учун миссиядаги иштирок кўлами ҳақида гапиришга ҳали эрта эканлигини айтди. Қизил денгизда Европа миссиясини ишга тушириш бўйича расмий қарор энг яхши ҳолатда Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг феврал ойи бошида бўладиган йиғилишида қабул қилиниши кутилмоқда. Германиянинг миссияда иштирок этиши учун Бундестаг розилиги талаб қилинади. 

Дастлаб Ҳинд океанида мавжуд бўлган Atalanta қароқчиликка қарши миссияси мандати Американинг Қизил денгиздаги миссиясида иштирок этиш учун етарли бўлади, деб тахмин қилинган эди, аммо бу вариант ҳозирда ушбу операцияни бошқараётган Испания томонидан блокланди. Испаниядаги ҳукмрон коалицияда Мадриднинг Қизил денгиздаги ҳарбий амалиётларда иштирок этиши бўйича келишмовчиликлар юзага келди. 

Ҳозирда Қизил денгизда тижорий юк ташиш ҳусийчи исёнчиларнинг кемаларга ҳужуми туфайли тўхтатиб қўйилган, улар шу йўл билан Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётини тўхтатишга ҳаракат қилмоқда. 12 январга ўтар кечаси АҚШ ва Буюк Британия Нидерландия, Канада, Австралия ва Баҳрайн кўмагида Ямандаги ҳусийчилар базаларига йирик ҳужумлар уюштирди. 

Мавзуга оид