Ўзбекистон | 13:07 / 14.01.2024
12006
3 дақиқада ўқилади

Ноёб судралиб юрувчилар макони – Марказий Фарғона чўллари | Манзил

Водий марказидаги қум барҳанларини ўзига макон тутган 7 турдаги судралиб юрувчилар дунёнинг бошқа ҳеч қаерида учрамайди. Бундан ташқари, чўл ичра кулранг эчкиэмарлар изғиб юради. “Манзил” лойиҳаси навбатдаги сонида Марказий Фарғона чўлларидаги ҳайвонот олами билан таништиради.

Марказий Фарғона чўллари – ҳам Наманган, ҳам Фарғона, ҳам Андижон вилоятлари таркибига кирувчи уникал маскан. Олимларнинг сўзларига кўра, қадимда Сирдарё ўзани шу ердан ўтган ва кейинчалик дарё ўзанини ўзгартириши натижасида қум барҳанлари пайдо бўлган.

Фарғона водийси биохилмахиллик юқори ҳудуд ҳисобланади. Чўлликдаги биоолам ҳам хилмахилликда шунга мос. Ушбу оқ барҳанлар орасида илмий тадқиқотлар олиб борган Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти илмий ходими, герпетолог Тимур Абдураупов ва унинг ҳамкасблари биохилмахилликни кўриб, ҳайратда қолганини таъкидлайди.

Олимнинг сўзларига кўра, ушбу ҳудудда фақат шу ердагина яшовчи 5 турдаги судралиб юрувчилар фанга аввалдан маълум бўлган. Сўнгги тадқиқотлар натижасида яна 2 та тур, яъни фақат Марказий Фарғона чўлларидагина яшовчи судралиб юрувчилар аниқланган. Яъни улар Фарғона водийсидан бошқа жойда учрамайди. Ушбу жониворлар олимлар томонидан тавсифлаб бўлинган ва халқаро нуфузли журналлардан бири ҳисобланувчи “Animals”да илмий мақолалар чоп этилган. Уларнинг бири “Фарғона геккони” деб аталди. Иккинчисига эса яқинда вафот этган зоолог олим Эмилия Викторовна Вашетко шарафига “Эмилия геккони” деб ном берилди.

Ҳудудда бошқа ноёб турлар ҳам яшайди. Масалан, кулранг эчкиэмар. Тадқиқотчилар уни аввалига мутлақо бошқа тур деб ўйлаган. Лекин генетика унинг аввалги турлардан кўп ҳам фарқ қилмаслигини кўрсатиб берган. Авваллари бу ерда бошқа тадқиқотчилар ишлагани учун улар эчкиэмарлар умуман қирилиб кетган, деган хулосага келишган. Чунки Фарғона водийсида унинг гўшти турли касалликларга даво деган нотўғри қараш бор ва одамлар уларни овлаб йўқ қилиб юборишган. Шу сабабли олимлар уни тўлиқ овлаб қириб юборишган, деб ўйлашган экан. Лекин тадқиқотчилар уларнинг қандайдир йўллар билан омон қолган популяциясига дуч келишганини таъкидлашади.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан Марказий Фарғона чўллари ҳудудида миллий табиат боғи ташкил қилиш ишлари бошланган. Бу жараён ўз ниҳоясига етиши билан чўлликдаги жониворлар ва ўсимлик олами, биохилмахилликнинг ўзига хос намунаси тўлиқ муҳофазага олинган ва келаси авлодга сақлаб қолинган бўлади.

Тоҳиржон Турсунов,
Kun.uz'нинг “Манзил” лойиҳаси учун махсус

Мавзуга оид