“Манзил” жамоаси бу сафар ҳам одатдагидек Ўзбекистоннинг энг чекка ва олис ҳудудларига сафар қилди. Бу галги манзилларимиз уяли алоқа ва интернет тармоқлари етиб борган, лекин бир пайтлар дунёдан “узилиб қолган” қишлоқлар бўлди. Саёҳатимизда алоқа соҳасида ишлайдиган мутахассислар ҳамроҳ бўлишди.
Навоий вилояти, Хатирчи тумани, Ангидон қишлоғи
Уч йил муқаддам Ангидон қишлоғига илк бор бориб, гўзал табиати ҳақида кўрсатув тайёрлаган эдик. Ўшанда бу қишлоқда уяли алоқа умуман ишламасди. Маҳаллий аҳоли яқинлари билан боғланиш учун пастроқ тоғ чўққиларга чиқишга мажбур эди. Абдураззоқ Имомов ўша кунларни эслаб, кечаси чўққига чиқиб қийинчилик билан қўнғироқ қилганини эслайди.
Бугун эса Ангидонга интернет ва алоқа келган. Бу жараёнда ўз меҳнати билан иштирок этган монтёр Нурали Омонов ва унинг ҳамкасблари нафақат Ангидон, балки Хатирчининг энг олис тоғ қишлоқларигача кабелли интернет етказиш учун меҳнат қилишмоқда.
Қашқадарё вилояти, Майданак
Майданак сингари баланд тоғли ҳудудларда алоқа ўрнатиш осон эмас. Бу ерда уяли алоқа ишлаши ва интернет орқали фазони кузатиш жараёнида олинган маълумотлар тез фурсатда ўрганиш учун Фанлар академиясига юборилади. Монтёр Ҳусан Алиқулов ушбу ҳудуддаги антенналарни ўрнатишдаги ҳиссасини фахр билан ёдга олади. Унинг фаолияти натижасида юзлаб одамлар учун яқинлари билан боғланиш имконияти пайдо бўлди.
Бугунги кунда бу ҳудудларда интернетнинг борлиги туфайли қишлоқ болалари, хусусан Сухроб каби ёшлар IT соҳасига қизиқиш билдирмоқда. Улар таълимни масофавий тарзда олиб, келажакда илғор соҳаларда ишлашни ният қилишмоқда.
Сурхондарё вилояти, Ўшор қишлоғи
Ўшор – тоғлар бағрида жойлашган яна бир олис ҳудуд. Қишлоқ аҳолиси бир пайтлар уяли алоқадан қийналган, ҳатто шошилинч ҳолатларда бир-бирини хабардор қилишнинг иложи бўлмаган. Абдуқаҳҳор ота Шарипов ўтмишдаги қийинчиликларни эслаб, уяли алоқа келганидан кейинги енгилликларни ҳаяжон билан сўзлаб берди.
Бу ҳудудда фаолият юритган Нажмиддин Хўжаёров сингари монтёрлар эса 40 метрли станцияларда ишлаб, нафақат техник вазифани, балки инсонлар ўртасида кўприк вазифасини ҳам бажаришмоқда. У ўз меҳнатининг энг катта мукофоти деб халқ дуосини олиш эканини таъкидлайди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Қорақалпоқ посёлкаси













