Жаҳон | 22:01 / 15.01.2024
12797
8 дақиқада ўқилади

Юристларидан фахрланган ЖАР президенти, Тайван сайлови якунлари ва Украина уриб туширган самолётлар — кун дайжести 

Жаҳонда рўй берган воқеа-ҳодисалар, баёнотлар тафсилотлари ва эътиборга молик воқеаларни одатдагидек кундалик дайжестимизда тақдим этамиз.

Ғазодаги вазият

Исроилнинг Ғазога нисбатан агрессияси қурбонлари қарийб 24 мингга етган. Қурбон бўлганларнинг аниқ сони 23 минг 968 нафарга, ярадорлар эса 60 минг 582 нафарга етган. Бу ҳақда Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий вакили Ашраф ал-Қудрат маълум қилган.

Сўнгги тун давомида Исроил армиясининг ҳужумлари оқибатида 100 дан зиёд фаластинликлар нобуд бўлган.

Ғазода ўлдирилган Исроил аскарлари сони эса 522 нафарга етган. Бу Исроил томони тан олган расмий маълумот. ҲАМАС томонига кўра, йўқ қилинган исроиллик аскарларнинг сони аслида 10 баробарга кўпроқ.

Вашингтон маъмурияти Исроил томонидан Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатлар интенсивлигини пасайтириш вақти етди деб ҳисобламоқда.

АҚШ буни Исроил расмийлари билан муҳокама қилмоқда, дея хабар берган СBS телеканали Оқ уй миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик коммуникациялар бўйича координатори Жон Кирбига асосланиб.

Байден ва унинг ёрдамчилари Нетаняҳу Америка томонининг Ғазо секторидаги вазият бўйича тавсияларига риоя қилмаётганидан тобора норози бўлишмоқда, деб хабар беради Axios портали.

Портал манбаларидан бирининг хабар беришича, АҚШ маъмуриятидагилар президент Байденнинг сабри тугаб бораётгани, Вашингтоннинг «ҳафсаласи пир бўлгани»ни айтишган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу токи Исроил Ғазонинг Миср билан чегарасини назоратга олмас экан, анклавда уруш тугамаслигини таъкидлади.

«Биз бу туйнукни ёпмасдан урушни тугатмаймиз. Йўқса биз ҲАМАСни йўқ қилиб, Ғазони қуролсизлантирсак ҳам, бу туйнукдан бошқа жангчилар ўтаверади, янги ҳарбий техника, қуроллар ҳам етказилади. Шунинг учун биз уни ёпишимиз керак», — деган Нетаняҳу. 

Исроилга қарши суд

Жанубий Африка Республикаси президенти Сирил Рамафоса ўз мамлакати юристлари Ғазо секторида геноцид амалга оширганликда айбланаётган Исроилга қарши халқаро судда қандай ишлашаётганидан мамнунлигини билдирган.

«Бизнинг адвокатларимиз Ҳаагада ишни ҳимоя қилишганда, мен ватанимизнинг ўғлони Роналд Ламолани кўрганимда, бу қадар фахрни ҳеч қачон ҳис қилмаганимни тушундим», — деган Рамафоса.

Рамафосанинг қайд этишича, унинг мамлакати Ҳаага судида ишни олиб бориш учун жуда кучли юристлар жамоасини шакллантирган.

«Айрим одамлар биз босган қадамлар хавфли эканини айтишмоқда. Гўёки биз кичик давлатмиз, иқтисодиётимиз ҳам катта эмас. Улар бизга қайта ҳужум қилишлари мумкин экан. Лекин биз ўз принципларимиздан қайтмаймиз. Бизни демокрятимиз отаси ўргатганидек, токи Фаластин халқи озод бўлмас экан, биз ҳақиқатан ҳам эркин бўла олмаймиз», — деган Рамафоса. 

Яманга ҳужум

АҚШ ва Буюк Британия Яманнинг Ал-Ҳудайда вилоятида жойлашган ҳусийчиларнинг объектига биттадан ҳужум уюштиришди, деб хабар берган Sky News Arabia ҳусийчиларнинг баёнотига асосланиб.

Бу орада АҚШ ҳусийчиларга зарбалар борасида маълумотларни сиздиргани учун Британиядан ғазабланган. Бу ҳақда The Daily Telegraph газетаси ёзмоқда.

Нашрнинг қайд этишича, 11 январ куни кечаси The Times нашри Қиролли вазирлар маҳкамасининг шошилинч йиғилиши ўтказилгани, унда бош вазир Риши Сунак Британия кучлари АҚШнинг ҳусийчиларга қарши операциясида иштирок этишига розилик бергани эълон қилинган. Америка ҳарбий идорасидагилар британиялик ҳамкасбларига бу маълумот сиздирилганидан норозилик билдиришган. Чунки барча маълумотлар қирувчи самолётлар зарба бериб бўлганидан сўнг очиқланиши назарда тутилган бўлган.

The Daily Telegraph’нинг қайд этишича, Лондон маълумотни сиздирган инсонни фаол қидирмоқда.

Бу орада АҚШ ўзининг эсминец кемаси Қизил денгизда ҳусийчилар зарбасига дучор бўлганини хабар қилди. Бироқ Америкага тегишли қирувчи самолёт Яман ҳудудидан туриб «Ансоруллоҳ» томонидан учирилган ракетани уриб туширишга муваффақ бўлган. 

Украинадаги уруш

Украина қуролли кучлари томонидан кассетали ўқ-доридан фойдаланиш самарадорлиги пасайиб бормоқда, деб ёзмоқда The New York Times газетаси.

Ўз номини ошкор этмаган Украина взводи қўмондонининг айтишича, аввал АҚШдан жўнатилган кассетали снарядлардан «Россия қўшинларининг йирик гуруҳларига зарба бериш» учун фойдаланилган, бироқ энди жангларда анча кичик бўлинмалар иштирок этмоқда. Қайд этилишича, Россия қўшинларига самарали зарба беришда улар томондан қазилган чуқур траншеялар халақит бермоқда.

Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Азов денгизи узра Россиянинг А-50 разведкачи самолётини уриб туширгани ва ҳаво қўмондонлиги олиб борувчи Ил-22 самолётига зарба бериб зарар етказганини таъкидлашмоқда.

Бироқ бу маълумотларни Россия томони тасдиқлагани йўқ. Фақат ҳарбий пабликларда Ил-22 самолёти пилотларининг зудлик билан Анапага авариявий қўниш тўғрисидаги сўзлашмалари аудиоси тарқатилди. Кейинроқ Анапага авариявий қўниш амалга оширган Ил-22 нинг жиддий зиён етказилган фотолари тарқалди.

Россиялик уруш тарғиботчиси бўлган Тelegram-каналлар А-50 ва Ил-22 самолётларига русларнинг Қрим кўпригини қўриқлаётган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари адашиб зарба берган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзишди. 

Тайвандаги сайлов

Тайван оролида президентлик сайловлари бўлиб ўтди ва унда Лаи Чинг-тэ ғалаба қозонди. У ҳудуд мустақиллиги тарафдори бўлиб, сайловчиларнинг 40,3 овозини тўплаган.

Иккинчи ўриндаги, Пекин билан муносабатларни нормаллаштиришни ёқловчи мухолифатдаги Гоминдан партияси вакили Ҳоу Ю-иҳ 33,4 фоиз овоз тўплаган.

Пекиндагилар бу овоз бериш жараёнини «уруш ва тинчлик, фаровонлик ва таназзул» ўртасидаги танлов деб атаган ва тайванликларни «денгиз бўғозининг икки томонидаги муносабатлар чорраҳасида тўғри танлов қилиш»га чақирган.

Тайван 1949 йилдан буён ўзининг мустақил маъмурияти томонидан бошқарилади.

Пекин «Бир Хитой приципи»га амал қилишни талаб қилиб келади. ХХР фикрича, бир вақтнинг ўзида ҳам Хитой халқ республикаси ва Тайвандаги Хитой республикасини тан олиш мумкин эмас. Бироқ барча йирик давлатларда Тайбейнинг норасмий маданий ва иқтисодий ваколатхоналари очилган.

Тайван масаласи ўтган йилнинг ноябрида Сан-Франциско шаҳрида АҚШ президенти Жо Байден ва ХХР раиси Си Жинпинг ўртасидаги музокараларнинг асосий мавзуси бўлган. Шу кунларда Жо Байден АҚШ Тайван мустақиллигини қўллаб-қувватламаслигини ҳам таъкидлаган.

Хитой ташқи ишлар вазири Ванг И эса Тайван Хитойнинг бўлинмас қисми экани, у ҳеч қачон алоҳида давлат бўла олмаслиги ва орол, албатта, Хитой таркибига қайтишини таъкидлаган. 

Янги эпидемия хавфи

Ҳар йили ўтказиладиган Давос иқтисодий форумида қирғин келтириши бўйича COVID-19 дан 20 баробар оғир ўтувчи касаллик муҳокама қилинади.

«Коронавирус пандемиясидагидан 20 баробар кўпроқ ўлим олиб келувчи «Х касаллиги» хусусидаги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги огоҳлантиришларини ҳисобга олиб, соғлиқни сақлаш тизимини бўлажак кўплаб хавф-хатарларга қарши тайёрлаш учун қандай саъй-ҳаракатлар амалга оширилиши керак», — дейилади форум сайтида.

Қайд этилишича, бу борадаги муҳокамалар 17 январ куни бўлиб ўтади. Сўзга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус, Бразилия соғлиқни сақлаш вазири Низия Тринидади, Astrazeneca фармацевтика компанияси бошқаруви раиси Мишел Демаре ва бошқа экспертлар чиқиши кутилмоқда. 

Исландияда отилган вулқон

Исландияда бутун бир шаҳарча ёниб кетиши мумкин. Оролнинг жанубидаги Рейкянес яриморолида жойлашган, аҳолиси асосан балиқчилик билан кун кўрадиган Гриндавик шаҳарчаси яқинида икки ҳафта муқаддам отила бошлаган вулқон кучайиб, қайноқ лавалар шаҳар кўчаларигача бостириб келмоқда.

Вулқон отилишидан аввал 200 га яқин кичик зилзилалар ҳам рўй берган.

Ҳозир шаҳардаги бинолар ва уйлар ёнмоқда. Табиий офат натижасида ҳеч ким жабрланмаган, чунки шаҳар аҳолиси вулқон отилиши хавфи туфайли олдинроқ эвакуация қилинган.

Мавзуга оид