Воронежга дронлар ҳужум қилди, шаҳарда фавқулодда ҳолат режими жорий этилган
Россия мудофаа вазирлиги Воронеж вилояти узра Украинанинг бешта дрони уриб туширилганини маълум қилди. Воронеж аҳолиси портлашлар овозини эшитган. Губернатор хабар беришича, УУА парчалари қулаши натижасида бир бола жароҳатланди. Шаҳарда фавқулодда ҳолат режими жорий этилди.
16 январ, сешанбага ўтар кечаси Россия мудофаа вазирлиги Воронеж вилояти узра Украинанинг бешта дронини уриб туширгани ва яна учтасини тутиб олганини маълум қилди. Маҳаллий Telegram-каналлар Воронежнинг турли туманларида портлашлар эшитилгани, осмонда ёрқин чақнашлар кузатилгани ҳақида ёзган. Baza хабарига кўра, Тепличная кўчасидаги кўп қаватли уй шикастланган.
Воронеж вилояти губернатори Александр Гусевнинг маълум қилишича, уриб туширилган дрон парчалари квартира ичига тушган. Оқибатда 2013 йилда туғилган қиз қўли, оёғи ва бўйнидан кесилган жароҳатлар олди, унга воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилди, дея аниқлик киритди минтақа раҳбари. Унинг қўшимча қилишича, квартира балконида ёнғин чиққан ва у тезда ўчирилган. Бундан ташқари, губернатор сўзларига кўра, яна бир қанча уйларнинг ойналари синган.
Шаҳар мэри Вадим Кстенин ўзининг Telegram-каналида шаҳарда «қарор қабул қилиш тезлиги учун» фавқулодда ҳолат режими жорий этилганини ёзди. Украина дронининг парчалари тушган уй аҳолиси эвакуация қилинди ва вақтинча мактабга жойлаштирилди, дея қўшимча қилди мэр. У етказилган зарар комиссия томонидан баҳоланишига ваъда берди.
Воронеж вилоятига авиабомба тушиб кетиши
2 январ куни Россия ҳарбий самолёти Воронеж вилоятининг Петропавловка қишлоғига «авиация ўқ-дорилари»ни ташлаб юборди. Буни Россия мудофаа вазирлиги тасдиқлади. Telegram-каналларда жойлаштирилган видеоларда вайрон бўлган уйлар акс этган, маҳаллий аҳоли эса «кўчанинг ярми» зарар кўрганини айтган. Ўшанда губернатор Гусев ўқ-дорилар тушиб кетиши оқибатида ҳеч ким жабрланмаганини, бироқ камида етти уйга зарар етганини билдирди.
Мавзуга оид
21:50 / 04.10.2024
Лукашенко: президент вертолётига ҳужум урушга олиб келади
07:50 / 20.09.2024
Малайзия Ўзбекистонда дронлардан фойдаланиш кўламини кенгайтиради
10:50 / 14.09.2024
Reuters: Россия ўз дронлари учун Хитой двигателларидан фойдаланяпти
16:58 / 12.09.2024