Блинкен Давосда Зеленскийни АҚШ ёрдами давом этишига ишонтирди
АҚШ маъмурияти Киевни янада қўллаб-қувватлаш учун Конгресс билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда, деди АҚШ давлат котиби. Европа комиссияси раҳбари халқаро ҳамжамиятни Украинага ёрдамни давом эттиришга чақирди.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Украина президенти Володимир Зеленскийни Россияга қарши курашаётган мамлакатига ёрдам бериш давом этишига ишонтирди. 16 январ, сешанба куни Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида Зеленский билан бўлиб ўтган учрашувда АҚШ ташқи сиёсат идораси раҳбари: «биз Украинани қўллаб-қувватлашимизни давом эттириш тарафдоримиз ва бу мақсадга эришиш учун Конгресс билан жуда яқин ҳамкорлик қиламиз», деди.
Учрашувда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ҳам иштирок этди. У Украина президентини АҚШ ва унинг иттифоқчилари урушда Россиянинг мағлубияти ва Украина ғалабасини таъминлашга қатъий қарор қилганига ишонтирди.
Ўз навбатида, Зеленский Блинкен билан «муҳим учрашув» ҳақида эълон қилди. «Биз Украина ва АҚШ ўртасидаги келгуси ҳамкорликни муҳокама қилдик. Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва узоқ масофани нишонга олиш қобилияти бизнинг давлатимиз учун айниқса муҳим», — деб ёзди у Telegram’да. У, шунингдек, АҚШ маъмурияти, бутун Америка халқига АҚШ Конгрессида Украинани «икки партиявий қўллаб-қувватлагани» учун миннатдорчилик билдирди. «Биз сизнинг қўллаб-қувватлашингизга ишонамиз, шу жумладан келажакда ҳам», деди у. Хусусан, у Киевга Россия ракеталарини уриб туширишда ёрдам берадиган АҚШда ишлаб чиқарилган Patriot тизимлари тақдим этилганини таъкидлади.
Зеленский НАТО раҳбари ва йирик бизнес вакиллари билан учрашди
Бундан ташқари, Зеленский Давосда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан учрашди. «Биз кўплаб муҳим масалаларни муҳокама қилдик. Жанг майдонидаги вазият, давлатимизнинг мудофаа эҳтиёжлари, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини янада мустаҳкамлаш, НАТОнинг Вашингтонда бўлиб ўтадиган навбатдаги саммитига тайёргарлик, икки томонлама хавфсизлик шартномалари бўйича ҳамкорлар билан ишлаш, Украина НАТОга киргунга қадар амалда бўладиган G7 декларацияси шулар жумласидан», - дея у Telegram’да учрашув мавзуларини санаб ўтди.
Украина президенти, шунингдек, Давосда йирик бизнес раҳбарлари билан учрашув ўтказишини эълон қилди ва инвесторларни ўз мамлакатига сармоя киритиш ва уни қайта тиклашда иштирок этишга таклиф этди. «Бу ерда бўлиш, Украинага инвестицияларни кучайтириш ва иқтисодиётимизни қўллаб-қувватлаш жуда муҳим», деди у ҳамда Украинани тиклаш учун хусусий капитални жалб қилиш муҳимлигини таъкидлади.
Фон дер Ляйен Украинанинг омон қолиш қобилиятига ишоняпти
Ўз навбатида, Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен халқаро ҳамжамиятни Киевни янада қўллаб-қувватлашга чақирди. «Украина 2024 йил ва ундан кейинги йиллар учун молиялаштиришда аниқликка муҳтож», деди у Давос форумидаги нутқида. Бундан ташқари, Украина қуролли кучлари «Украинани ҳимоя қилиш ва унинг қонуний ҳудудларини қайтариб олиш учун узлуксиз қурол таъминотига муҳтож», дея қўшимча қилди фон дер Ляйен. У, шунингдек, Украинанинг Россия Федерациясига қарши урушга дош бера олишига ишонч билдирди.
Шу билан бирга, Еврокомиссия раҳбари «Украинанинг энг яхши келажаги бу - Европа», деди. Европа Иттифоқига аъзо бўлиш «Украина учун тарихий муваффақият» бўлиши мумкин, дея қўшимча қилди у.
Жаҳон иқтисодий форуми 19 январгача давом этади
19 январга қадар давом этадиган Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида сиёсат, бизнес ва фуқаролик жамиятидан 2800 га яқин вакил иштирок этиши кутилмоқда. Кун тартибида Украинадаги уруш, шунингдек, Исроилнинг ҲАМАС гуруҳига қарши ҳарбий амалиёти асосий ўрин тутади.
Аввалроқ АҚШ Конгрессидаги демократлар ва республикачилар 2024 йилга мўлжалланган бюджет бўйича келишувга эришган эди, унда Украинага 300 миллион долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатилган. Қонун чиқарувчилар, агар керак бўлса, 2025-молия йилида ҳам худди шундай эҳтиёжлар учун 300 миллион ажратиш ниятида. Умуман олганда, Киевга ёрдам 2026 йил охиригача узайтирилди.
Европа Иттифоқида Украинага кейинги ёрдам Венгрия томонидан қаршиликка дуч келди. Фон дер Ляйен Киевга кейинги тўрт йил ичида 50 миллиард евро ажратишни таклиф қилган, бироқ Будапешт декабр ойида Европа Иттифоқи саммитида бу қарорга вето қўйди. 1 феврал куни ЕИнинг бу борадаги фавқулодда саммити режалаштирилган.
Мавзуга оид
14:30 / 09.11.2024
Зеленский РФ билан хавфсизлик кафолатларисиз сулҳ тузишни рад этди
10:42 / 08.11.2024
Зеленский Будапештда РФга ён босмасликка чақирди
09:08 / 08.11.2024
Зеленский: Курск областидаги КХДР аскарлари йўқотишларга дучор бўлмоқда
08:30 / 07.11.2024