Жаҳон | 09:25 / 17.01.2024
4848
3 дақиқада ўқилади

Франция Украина билан хавфсизлик кафолатлари бўйича келишув тузади

Франция Украина билан хавфсизлик кафолатлари бўйича икки томонлама битим тузади, деди мамлакат президенти Эммануэл Макрон. Лондон аввалроқ Киев билан шундай келишув имзолаган эди. Макрон, шунингдек, Украинага янги қурол етказиб беришни ваъда қилди.

Фото: Ludovic Marin/AP Photo/picture alliance

Париж Киев билан Украинага янги ҳужум содир этилган тақдирда унга ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи икки томонлама битим тузади. Бу ҳақда 16 январ, сешанба куни Франция президенти Эммануэл Макрон маълум қилди. Унга кўра, феврал ойида Украинага ушбу келишув тафсилотларини якунлаш учун келади. Шу билан бирга, Украина мудофаа вазири Рустем Умеров пайшанба куни Парижга ташриф буюради, деб хабар қилди Франция ҳарбий идораси.

Макрон шунингдек, Киевга янги қурол-яроғ етказиб берилишини ҳам эълон қилди. Франция президентининг сўзларига кўра, яқин ҳафталарда Украинага 40 та узоқ масофали SCALP ракетаси ва бир неча юзта бомба жўнатилади.

«Биз кўпроқ ҳарбий ёрдам берамиз ва Украинага осмонини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ёрдамни тақдим этамиз», деди Эммануэл Макрон матбуот анжуманида. 

Россия Федерациясининг кенг кўламли ҳужуми бошланганидан бери Франция Украинага 1,7 миллиард евро миқдорида ёрдам кўрсатди. 

Лондон Киев билан хавфсизлик шартномасини имзолаган 

Украина билан икки томонлама хавфсизлик шартномасини имзолаган биринчи давлат Британия бўлди. Бу 12 январ куни Британия бош вазири Риши Сунакнинг Киевга ташрифи чоғида амалга оширилди. Битим Украина НАТОга киргунга қадар кучда қолади. 

Сунак шунингдек, Британия 2024 йилда Украинага ҳарбий ёрдамни 2,9 миллиард еврогача оширишини маълум қилди. Бу пакет, Британия ҳукумати раҳбари сўзларига кўра, қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа ускуналари, танкка қарши тизимлар, узоқ масофали ракеталар ва минглаб снарядларни ўз ичига олади. 

16 январ куни Германия ҳам 2024 йилда Украинага ҳарбий ёрдамни сезиларли даражада ошириши маълум бўлди - режалаштирилган 4 миллиард евродан 7 миллиарддан кўпроққа. Конгрессдаги республикачилар Украинани қўллаб-қувватлаш учун янги маблағ ажратилишига тўсқинлик қилишда давом этаётган АҚШдаги ички сиёсий инқироз фонида Европа давлатлари Киевга ёрдамни кўпайтирмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид