11:35 / 17.01.2024
2471

Хоразмда Ҳиндистон университети кампуси очилиши мумкин

Хоразм вилояти Ҳиндистон олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқда.

Фото: srmap.edu.in

Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси кўмагида Хоразм вилояти ҳокимлиги ва Ҳиндистоннинг SRM University AP университети вакиллари ўртасида онлайн шаклдаги мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё".

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Анвар Давлатов SRM University AP университети билан ёшларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича таълим бериш йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифини илгари сурди.

SRM University AP халқаро алоқалар департаменти директори Адити Жаин мазкур университетда турли йўналишларда, жумладан, ахборот ва алоқа технологиялари бўйича бакалавриат ва магистратура даражасида мутахассислар тайёрланиши, шунингдек, илмий ишлар олиб борилишини маълум қилди. 

Ҳиндистон университети вакили Хоразм вилояти олий билим юртлари билан академик алоқалар ўрнатиш, хусусан, қўшма ўқув дастурлари ташкил этиш, ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйишдан манфаатдорлик билдирди.

Шунингдек, вилоятда университет кампусини очиш истиқболлари юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди.

Томонлар ўзаро ҳамкорликнинг амалий жиҳатларини Хоразм вилояти делегациясининг яқин кунларда Ҳиндистонга режалаштирилаётган сафари чоғида батафсил муҳокама қилишга келишиб олди.

Top