Жаҳон | 17:55 / 18.01.2024
9265
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Ямандаги ҳусийчиларга навбатдаги зарбалар сериясини йўллади

Бу зарбалардан олдин Байден маъмурияти Ямандаги ушбу исёнчи гуруҳни яна террорчилар рўйхатига киритди.

Фото: AFP

АҚШ Яманда Эроннинг иттифоқчилари бўлган ҳусийчилар гуруҳининг объектлари бўйлаб сўнгги ўн кунликда тўртинчи бор зарбалар сериясини амалга оширди. Бу ҳақдаги маълумот пайшанбага ўтар кечаси Пентагон вакили томонидан тасдиқланган.

Американинг ушбу минтақадаги кучлари қўмондонлиги (Centcom) маълумотига кўра, зарбалар Tomahawk ракеталари билан берилган, улар америкаликларнинг ҳарбий кемаларидан учирилган.

Буюк Британия мудофаа вазирлиги BBC’га хабар қилишича, мамлакат Ямандаги сўнгги ҳарбий амалиётда иштирок этмаган.

Америка қўмондонлиги маълумотига кўра, бу сафарги ҳужум нишони ҳусийчиларнинг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилиш учун тайёрланган 14 та ракетаси бўлган. Старт йўналишида ўрнатилган ракеталар «тўғридан тўғри савдо кемалари ва АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари кемаларига хавф туғдириб, исталган вақтда учирилиши мумкин эди, шу туфайли Америка қуролли кучлари ҳимояланиш учун ўзининг ажралмас ҳуқуқи ва мажбуриятидан фойдаланган», дейилади баёнотда.

Бундан бироз аввалроқ Байден маъмурияти ҳусийчиларни яна халқаро террорчилик ташкилоти деб эълон қилган ва бу орқали АҚШнинг ҳозирги президентининг ваколат муддати аввалида қабул қилинган қарор бекор қилинганди. Президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан бу қадам ҳусийчиларнинг савдо кемаларига ҳужумларига жавобан ташланганини билдирди.

Навбатдаги зарбалардан бир неча соат олдин ҳусийчилар Адан кўрфазида эгаси америкалик бўлган Genco Picardy кемасига ҳужум уюштирган, бу уларнинг 11 январдан буён ушбу минтақада амалга оширган иккинчи ҳужуми бўлганди.

Centcom хабарига кўра, исёнчилар зарбаси оқибатида Genco Picardy кемаси шикастланган, аммо экипаж аъзоларидан ҳеч ким жабрланмаган.

Душанба куни ҳусийчилар Американинг бошқа бир кемасига баллистик ракета билан зарба йўллаган, бу уларнинг 2023 йил ноябрида бошланган кампанияси давомида Америка кемасига қилинган илк муваффақиятли ҳужуми бўлганди.

Вашингтондагилар ҳам чоршанба кунги зарбалар олдини олувчи зарбалар бўлгани ва бу билан жангарилар яқин вақтлар ичида учиришга тайёрланган воситалар йўқ қилинганини маълум қилган.

«Бу зарбалар, биз томонимиздан қўлланган бошқа ҳаракатлар қатори ҳусийчиларнинг Қизил денгиз, Боб-ал-Мандиб бўғози ва Адан кўрфазидаги халқаро ҳамда тижорат кемаларига мулоҳасиз ҳужумларини давом эттириш имкониятига путур етказади», — дейилган Centcom баёнотида.

Centcom қўмондони генерал Майкл Курилла АҚШ ҳусийчилар «Қизил денгиз жанубий қисми ва унга ёндош сув йўлларида хорижий денгизчиларни хавф остига қўйиш ва тижорий юк ташиш йўлларига таҳдид солишни бас қилмагунича» уларга қарши ҳаракатларни амалга оширишда давом этишини таъкидлаган.

11 январ куни АҚШ ва Буюк Британия кучлари Канада, Австралия, Нидерландия ва Баҳрайн каби бошқа қатор мамлакатлар кўмагида Яман бўйлаб биринчи зарбалар сериясини амалга оширганди, бу ҳусийчилар Қизил денгиз ва Боб-ал-Мандиб бўғозидан ўтувчи кемаларга ҳужумларни тўхтатиш бўйича ултиматумини бажармаганидан кейин рўй берганди.

Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ва унинг манфаатларига хизмат қиладиган ҳусийчилар Ғазодаги  ҲАМАС гуруҳи билан бирдамлигини намойиш этаётгани ҳамда фақат Исроилга алоқадор кемаларга ҳужум қилаётганини билдирган. Аммо ушбу ҳудудда умуман Исроил давлати ва унинг фуқароларига алоқадор бўлмаган кемалар ҳам ҳужумга йўлиқмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид