Ўзбекистон | 11:04 / 18.01.2024
21234
4 дақиқада ўқилади

Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаевнинг лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилади

Президент раислигидаги видеоселекторда инвестициялар соҳасида чорак якунигача ўзгариш қилмаса, комплекс учун масъул бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаевнинг лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилиши маълум қилинди.

Фото: Жамшид Ходжаев

Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаевнинг лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилади. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йилда инвестиция, экспорт ва халқаро ҳамкорлик соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Давлат раҳбари тизимдаги муаммоларни санаб ўтди. Комплекс раҳбарияти сўнгги олти йилда четдан қарийб 50 миллиард доллар инвестиция киргани ҳақида маълумот бераётгани, лекин ушбу инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотга, қўшилган қийматга, экспортга таъсири қандай бўлгани бўйича таҳлиллар етарли эмаслиги қайд этилди.

Масалан, ўтган йили ялпи ички маҳсулот ҳам, саноат ҳам 6 фоизга ўсди. Бироқ, товарлар экспортида кутилганидек ўсиш бўлмагани айтилди. Ҳудудларда эса молиялаштириш тўлиқ якунланган 8 триллион сўмлик 1 мингта лойиҳа ҳалигача ишга тушмаган.

Мамлакат сертификатларини тан олиш бўйича ҳалигача бирорта давлат билан келишувга эришилмаган. Халқаро молия ташкилотлари билан қиймати 480 миллион долларлик 5 та лойиҳа бўйича келишув имзоланганига 1−2 йил бўлган бўлсада, ўзлаштириш бошланмаган. Ёки, икки йил олдин ташкил қилинган Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасига 1 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келиш бўйича режалар тўлиқ амалга оширилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан комплекс учун масъул бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев чорак якунигача ўзгариш қилмаса, лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилиши тўғрисида огоҳлантирилди.

Ўз тизимидаги камчиликлар ва сусткашлик учун Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов ва Техник тартибга солиш агентлиги раҳбари Дилшод Саттаров лавозимидан озод қилинди.

Бадриддин Абидов

Инвестиция комплексига кирувчи вазир ва ҳокимларнинг режалари ва натижалари суст бўлган ўринбосарлари ишдан бўшатилиб, уларга аниқ KPI белгиланиши ва шундан кейин бир йил муддатга шартнома асосида ишга олиниши белгиланди. Натижага қараб шартнома узайтирилади ёки бекор қилинади.

Дилшод Сатторов
  • Маълумот учун, Жамшид Ходжаев 2017-2019 йилларда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига (ҳозирги инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги) раҳбарлик қилган. 2019 йилдан қишлоқ хўжалиги вазири бўлган, 2022 йил июлида Ўзбекистон бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий масалалари бўйича ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимига тайинланган, 2022 йил декабрида вазирлик раҳбарлигидан кетган, ҳукуматда инвестициялар ва ташқи савдо мажмуаси раҳбари бўлиб қолганди.
  • Бадриддин Абидов 2018-2019 йилларда ташқи савдо вазири ўринбосари, 2019-2022 йилларда инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари, 2023 йилдан ҳозирги вақтгача инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди
  • Дилшод Сатторов 2016-2018 йилларда Молия вазирлиги Ғазначилик бошлиғи – вазир ўринбосари бўлган, 2018 йилдан Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги бош директори сифатида ишлаган, 2021 йил июлида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бош директори этиб тайинланганди.

Мавзуга оид