ЕИ Украина ва Молдова билан аъзолик бўйича музокараларга тайёрланмоқда
Европа комиссияси музокаралардан олдин Украина ва Молдова қонунчилигини Европа Иттифоқи қонунчилиги билан солиштириш учун скрининг жараёнини бошлайди.
Еврокомиссия 17 январ, чоршанба куни скрининг жараёни бошланганини эълон қилди – Украина қонунчилигининг Европа Иттифоқи қонунчилигига мувофиқлигини таҳлил қилиш. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Страсбургдаги Европарламентда сўзлаган нутқида маълум қилди. «Энди биз сиёсий вазият ва Европа кенгашида қабул қилган қароримизга амал қилишимиз керак. Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича музокараларга тайёргарлик кўришда текшириш жараёнини бошлаяпмиз ва музокаралар асосини яратмоқдамиз», деди у.
Худди шу нарса Молдовага ҳам тааллуқлидир, деди Европа Иттифоқи кенгайиши бўйича Европа комиссиясининг расмий вакили Анна Писонеро Брюсселда журналистларга. «Скрининг жараёни, албатта, Молдова учун ҳам бошланади. Бу дарҳол юз беради ва бу босқичда барча Европа Иттифоқи қонунчилигини қамраб оладиган гуруҳлар яратилади», деди у ва экспертиза олтита тематик кластерга бирлаштирилган 33 та қонунчилик бўлимида кечишини қўшимча қилди.
Писонеронинг сўзларига кўра, Еврокомиссия ҳозирданоқ музокаралар асоси лойиҳаси устида ишламоқда, у яқин ҳафталарда ЕИ кенгашига тақдим этилади. «Музокаралар асоси - музокараларнинг ҳақиқий бошланиши. Ва шубҳасиз, улар Европа комиссияси текширув жараёнини ўз ичига олиши ва музокаралар бўйича позицияни шакллантириши керак», - дейди Украина Олий радасининг Европа Иттифоқи билан интеграциялашув қўмитаси раҳбари Иванна Климпуш-Цинцадзе.
Украина бош вазири Дмитрий Шмихалнинг сўзларига кўра, 2023 йилда скринингга тайёргарлик кўриш мақсадида Киев Европа Иттифоқининг 28 мингга яқин ҳуқуқий ҳужжатлари дастлабки таҳлилини ўтказган. «Ҳукумат доимий равишда қонунчилигимизни Европа қонунчилигига яқинлаштириш устида ишламоқда. Украинани замонавий Европа давлатига айлантириш, Европа оиласининг бир қисми бўлиш учун. Европа Иттифоқи эса бу ишда ижобий ўзгаришларни кўрмоқда», - дея таъкидлади Украина ҳукумати раҳбари.
Европа кенгаши 14 декабр куни Брюсселда Украина ва Молдова билан Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни бошлашга қарор қилди.
Мавзуга оид
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
21:24 / 13.11.2024
Кураховодаги украин гарнизони қуршовга тушиши мумкин. Фронтдаги энг мураккаб йўналишлардан бирида нималар бўлмоқда?
18:53 / 13.11.2024
Борис Жонсон Украинага британ ҳарбийлари юборилиши шартини айтди
14:54 / 13.11.2024