Исроил Сурия пойтахтига ракета зарбасини берди, Эрон ҳарбийлари ҳалок бўлди
Дамашққа берилган зарба оқибатида эронлик юқори мартабали ҳарбийлар ҳалок бўлди.
Исроилнинг Сурия пойтахти Дамашққа берган ракета зарбаси оқибатида Эроннинг элита ҳарбий-сиёсий тузилмаси бўлмиш Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг (ИИҚК) тўрт нафар аъзоси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Қайд қилинишича, Исроил Дамашқ ғарбидаги кўп қаватли уйга ракета билан зарба берган. Бинодан Сурия ҳукуматини қўллаб-қувватловчи эронлик маслаҳатчилар фойдаланган. Зарба оқибатида уй бутунлай вайрон бўлган.
Дамашқдаги «Ал-Мувасат» шифохонаси директори Имом Ал-Амин Суриянинг «Ал Ватан» газетасига маълум қилишича, ҳужумдан сўнг шифохонага бир кишининг жасади келтирилган. Шунингдек, уч нафар ярадор, жумладан бир аёл ҳам келган.
Ижтимоий тармоқларда Фаластиннинг «Исломий жиҳод» ҳаракати етакчиларидан бири Акром ал-Ажурий ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди, бироқ ташкилот вакили буни рад этади. Унинг Reuters агентлигига айтишича, зарба оқибатида гуруҳ аъзоларидан ҳеч бири жабрланмаган.
Исроил расмийлари бу зарба бўйича ҳозирча маълумот бермади.
Исроил Суриядаги Эрон билан боғлиқ нишонларга мунтазам равишда зарба беради. 2023 йил октябр ойида Фаластин-Исроил можароси бошланганидан бери, Исроил кучлари Суриядаги нишонларга ҳужумларни кучайтирди. Декабр ойида исроилликларнинг иккита зарбаси оқибатида ИИҚК уч нафар аъзоси, жумладан Сурия ва Эрон ўртасидаги ҳарбий мувофиқлаштириш бўйича масъул маслаҳатчи ҳалок бўлган эди.