Жаҳон | 14:02 / 20.01.2024
1965
3 дақиқада ўқилади

Microsoft россиялик ҳакерларни дирекция почтасини бузиб киришда айблади

Россия билан алоқадор Midnight Blizzard гуруҳи Microsoft корпоратив тизимларига ҳужум қилди, дея хабар беради компания. Ҳакерлар ноябр ойининг охиридан бери жиноий ҳаракатларни содир этган.

Фото: AP

Россия билан алоқадор Midnight Blizzard ҳакерлар гуруҳи Microsoft корпоратив тизимларига, жумладан компания раҳбариятининг электрон почтасига ҳужум қилди, деб хабар берди компания 19 январ, жума куни ўз блогида. Бу гуруҳ Nobelium номи билан ҳам танилган

Microsoft маълумотларига кўра, ҳакерлар 2023 йил ноябр ойининг охиридан бери жиноий ҳаракатларни амалга оширган, ҳужум 12 январда аниқланган. Ҳакерлар «Microsoft корпоратив электрон почталарининг жуда кичик қисмига, жумладан, юқори бошқарув, киберхавфсизлик, юридик ва бошқа бўлимлар аъзоларига тегишли почталарга киришга муваффақ бўлди», — дейилади компания хабарида. 

Гуруҳ хатлар ва уларга бириктирилган ҳужжатларни ўғирлашга муваффақ бўлган. Текширув шуни кўрсатдики, ҳакерлар дастлаб Midnight Blizzard’нинг ўзи ҳақидаги маълумотни почта орқали излаган. Корпорация маълумотларига кўра, ушбу киберҳужум Microsoft маҳсулотлари ёки хизматларидаги заифлик билан боғлиқ эмас. Ҳозирда ҳакерлар мижозлар базасига, бошланғич кодга ёки сунъий интеллект тизимларига киришга муваффақ бўлганлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқ, дейди компания. 

Midnight Blizzard ҳакерлари Россия махсус хизматига алоқадор деб кўрилади

Ғарбда Midnight Blizzard гуруҳи Россия ташқи разведка хизмати (СВР) билан алоқадор сифатида кўрилади, деб таъкидлади Microsoft. Унинг маълумотларига кўра, ҳакерлар камида 2018 йилдан бери жосуслик ва разведка маълумотларини қидириш билан шуғулланган. Microsoft Midnight Blizzard мақсадларини АҚШ ва Европадаги «ҳукуматлар, дипломатик муассасалар, нодавлат ташкилотлар ва АТ-хизматлари етказиб берувчилари» деб кўрсатди. 

Ғарб россиялик ҳакерлар томонидан амалга оширилган ҳужумлар, шунингдек, уларга қарши курашиш чоралари ҳақида бир неча бор хабар берган. Декабр ойи бошида АҚШ ва Британия «ФСБ ходими» Руслан Перепятко ва «Сиктивкардан IT ходими» Андрей Коринецга қарши санкциялар киритди. Вашингтон уларни нишони «АҚШ давлат идоралари» бўлган «зарарли киберфаолият» билан шуғулланган «Центр 18» ишига алоқадорликда айблади. 

Лондон бу шахсларни Star Blizzard гуруҳи аъзолари сифатида таснифлади, уни Британия ҳукумати «ФСБ» билан боғлиқ деб кўради. Бош вазир ўринбосари Оливер Доуденнинг айтишича, гуруҳ Британия парламенти аъзолари, расмийлари, таҳлил марказлари ва ноҳукумат ташкилотларига ҳужум қилган. Россиянинг Лондондаги элчихонаси Британиянинг айбловларини «ўйлаб топилган» ва асоссиз деб атади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид