Жаҳон | 13:07 / 20.01.2024
2496
2 дақиқада ўқилади

ЕИ давлатлари Россияга қарши 13-санкция пакетини муҳокама қилишни бошлади

Россиянинг Украинага ҳужуми икки йиллиги муносабати билан янги санкцияларни қабул қилиш мураккаб музокаралар туфайли осон бўлмайди, деб ёзади Bloomberg.

Европа Иттифоқи давлатлари Россиянинг Украинага ҳужуми учун санкцияларнинг янги пакетини муҳокама қилишни бошлади, деб хабар берди Bloomberg 19 январ, жума куни

13-санкция пакети уруш бошланганининг икки йиллиги – 24 февралда қабул қилиниши режалаштирилган. Кейинги чекловлар жисмоний ва юридик шахсларнинг янги рўйхати, янги савдо чекловлари ва Европа Иттифоқидаги компаниялар орқали ҳам, учинчи мамлакатларда ҳам санкциялардан қочишга қарши қўшимча чора-тадбирлардан иборат бўлиши кутилмоқда, деб ёзади Bloomberg. 

Санкциялар шу ҳафта Европа Иттифоқи элчиларининг учрашувида муҳокама қилинди. 24 февралгача келишувга эришиш осон бўлмайди, чунки аввалги пакетни тасдиқлаш учун бир неча ҳафталик музокаралар керак бўлганди, деб таъкидлайди Bloomberg. 

Украинага ёрдам учун янги фонд муҳокамаси 

Бундан ташқари, ЕИ етказиб беришни молиялаштиришни осонлаштириш мақсадида жорий Европа тинчлик жамғармаси (EPF) ўрнига Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун янги фонд яратиш режаларини муҳокама қилишда давом этмоқда, деб ёзади Bloomberg. 

EPF доирасида аъзо давлатлар Украинага юборган қуроллари учун товон пули олади. Жамғарма бир неча бор кенгайтирилган, бироқ маблағларни ажратиш ва сарфлаш бўйича қарорлар Европа Иттифоқи давлатларининг бир овоздан қўллаб-қувватлашини талаб қилади, бу Венгрия бош вазири Виктор Орбанга Украинага ёрдамга вето қўйиш имконини берди, деб эслатади Bloomberg. 

Бундан ташқари, баъзи мамлакатлар, шу жумладан Германия, ҳозирги форматда EPF самарадорлиги камроқ бўлишини таъкидлади, чунки кўпроқ таъминот мавжуд захиралардан эмас, балки янги сотиб олинган қуроллардан келади. Ҳозирча аниқ келишувларга эришилмаган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид