Жаҳон | 21:39 / 21.01.2024
33664
5 дақиқада ўқилади

Донецкда бозорга зарба берилди. Асосий маълумотлар

Камида 27 киши ҳалок бўлган. ОАВ бу ҳужумни Донецк учун урушнинг 10 йилидаги «энг қонлиси» деб атамоқда.

РФ қуролли кучлари ҳарбийлари ва 21 январ куни Донецкнинг Киров районига йўлланган зарба қурбонлари жасадлари
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Донецк ёппасига ўққа тутилгани ҳақида «ДХР» маъмурияти 21 январ тонгида хабар берди. Аннексия қилинган шаҳар мэри Алексей Кулемзин маҳаллий вақт билан соат 10:20 атрофида зарба остида қолган «Меркурий» бозори жойлашган Киров райони аҳолисини бошпаналарини тарк этмасликка чақирди.

15 дақиқа вақт ўтиб Кулемзин Киров райони ўққа тутилиши оқибатида жабрланганлар борлигини хабар қилди, яна ярим соат вақт ўтганидан кейин эса — Украина қуролли кучлари томонидан учирилган снарядлар «Текстилшчик микрорайонининг савдо марказлари жойлашган гавжум жойига тушгани»ни айтди. Ўша хабарида Донецк мэри илк қурбонлар ҳақида маълум қилди.

Кейинги бир неча соат давомида Кулемзин ҳамда «ДХР» раҳбари Денис Пушилин зарба қурбонлари сони ошиб бораётгани ҳақида хабар бериб турди. Аввалига саккиз нафар қурбон борлиги айтилганди, кейин — 12, 13, 18 ва сўнгги маълумотларга кўра 27. «Война Глазами Журналиста» телеграм-канали маълумотига кўра, қурбонлар рўйхатидаги 27 кишининг ҳаммаси ҳам зарба вақтида ушбу бозор ҳудудида бўлмаган. Камида бир киши худди шу Киров районидаги кўп қаватли турар жой биноси ҳовлисига зарба келиши оқибатида ҳалок бўлган.

Яна камида 20 киши, жумладан икки бола жароҳатланган, Пушилиннинг маълумотига кўра, болаларнинг аҳволи ўрта оғирликда деб баҳоланмоқда. Оғир аҳволдаги ярадорлар ҳам бор, кўпчиликда ҳаётий муҳим органлар соҳасига чуқур кириб борган жароҳатлар қайд этилган, айримларнинг қўл-оёғини кесиб ташлашга тўғри келган. «Жабрланганлардан уч нафари, афсуски яшаб кета олмади», — дея аниқлик киритган Пушилин. У 22 январни «ДХР»да мотам куни деб эълон қилган.

«ДХР» раҳбарининг маълумотига кўра, бозор жойлашган квартал бўйлаб «Курахове ва Красноҳоривка йўналишларидан 152 ва 155 миллиметр калибрли стволли артиллерия қуролларининг комбинацияланган зарбалар» йўлланган. Пушилин ва Кулемзин қасддан фуқаролик инфратузилмасини ўққа тутишда айблаган Украина қуролли кучлари ҳозирча бу маълумотни изоҳламаган. «Важние истории»га кўра, Донецкдаги бозор , Украина ҚКнинг Курахове ва Красноҳоривка шаҳарларидаги позицияларидан «стволли артиллерия зарбалари етиб борадиган масофа»да жойлашган.

«Меркурий» ўққа тутилиши вақтида ҳалок бўлган аёл жасади устида йиғлаётган эр
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

РФ ташқи ишлар вазирлиги Донецк ўққа тутилиши юзасидан муносабат билдирди. Вазирлик зарбани «Россиянинг тинч аҳолисига нисабатан варварларча террорчилик акти» деб баҳолаб, бу «Ғарбнинг украиналик қўғирчоқлар қўли билан РФни „стратегик мағлубият“га учратишга бўлган истаги»дан келиб чиққанини билдирди. ТИВ «халқаро тузилмалар ва ҳукуматларни зарбани қоралаш»га чақирган, шунингдек Украина ҳукуматини «дипломатик методлар билан тинчлик ва барқарорликка эришиш учун сиёсий ирода йўқлиги»да айблаган. Вазирлик версиясига кўра, бу яна бир бор «махсус ҳарбий амалиётнинг барча мақсадларига эришиш зарурлиги»ни кўрсатмоқда.

Донецк бўйлаб зарба 22 январ куни РФ ТИВ раҳбари Сергей Лавров иштирокида кечадиган БМТ Хавфсизлик кенгашининг Украина бўйича йиғилишидаги асосий мавзулардан бири бўлади, деб хабар қилган РФ доимий ваколатхонаси.

Зарбанинг асосий нишонига айланган «Меркурий» бозори, «Яндекс.Карты» сервисидаги изоҳларга қараганда, маҳаллий аҳоли орасида машҳур бўлган, аҳоли бу жойни озиқ-овқат ва кийим-кечаклар нархи арзонлиги учун мақташган.

Дорихона олдида ётган донецклик кишининг жасади
AFP / Scanpix / LETA
AFP / Scanpix / LETA
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

«Важние истории» қайд этишича, 21 январ кунги ҳужум, катта эҳтимол билан Донецк учун 2014 йилдан буён давом этаётган урушдаги энг қонли ҳужум бўлди. Нашр тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони кўплиги бўйича солиштириш учун 2022 йил 14 мартдаги ракета зарбасини келтирган. Ўшанда Донецк марказига «Точка-У» ракетаси учиб келган, бунда томонлар бир-бирини айблаганди. «ДХР» расмийларига кўра, ўша ҳужум оқибатида 21 киши ҳалок бўлган. БМТ эса 15 кишининг ўлимини қайд этган.

AFP / Scanpix / LETA

Мавзуга оид