Зеленский: 500 минг кишини сафарбар этиш заруратини кўрмаяпман
Украина президентининг таъкидлашича, у ярим миллион кишини сафарбар қилиш зарурлигини билдирадиган «етарлича аниқ тафсилотларни» кўрмаяпти.
Украина президенти Володимир Зеленский урушга 500 минг кишини жалб қилиш заруратини ҳали кўрмаётганини айтди. Бу ҳақда у 21 январ, якшанба куни Channel 4 News телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди.
«Мен ҳали ярим миллион кишини сафарбар этиш кераклигини айтиш учун етарлича аниқ тафсилотларни кўрмадим», деди Зеленский. Президент, шунингдек, сафарбарлик масаласи, унинг фикрича, биринчи навбатда, «адолат масаласи» эканини таъкидлади. «Чунки биринчи кунданоқ урушда бўлганлар бор. Уларнинг шикоят қилмаётгани одамларнинг ўрнини босиши, дам олиши учун имконият бўлмаслиги керак, дегани эмас», - дея тушунтирди давлат раҳбари.
«Улар адолатга лойиқдир, уларнинг ўрнини бошқалар эгаллайди. Ва агар ўқитилган, профессионал одамлар етарли бўлмаса, ҳарбийларга сафарбарлик воситаси берилиши керак, шунда улар жамиятнинг бир қисмини сафарбар қилиб, кейин тайёрлай олади - бу жуда муҳим», - дея давом этди Зеленский. У сафарбарлик тўғрисидаги қонунни «ақлли ва адолатли» деб атади.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, сафарбарлик ҳолатида одамлар тегишли тайёргарликдан ўтишини ва барча зарур жиҳозларни олишини билиши муҳим. «У тўғридан тўғри зулматга кира олмайди. Яъни, саволлар кўп. Сафарбарлик ҳақидаги масала - авваламбор, адолатга тааллуқли», - дея хулоса қилди президент.
Украинада сафарбарлик тўғрисидаги қонун
2023 йил декабр ойи охирида Украина ҳукумати олий радага сафарбарлик тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди, бироқ 11 январда у қайта кўриб чиқиш учун қайтарилди. Қонун лойиҳасининг биринчи таҳририда ҳукумат, жумладан, сафарбарлик учун чақирув ёшини 27 ёшдан 25 ёшга қисқартиришни, фуқароларни икки - ҳарбий хизматга «лойиқ» ва «нолойиқ» тоифага бўлиш, оралиқ тоифани истисно қилишни таклиф этди. Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматга чақиришни кечиктириш ва озод қилиш ҳуқуқига эга бўлганлар рўйхатини белгилаш ҳам кўзда тутилган.
Бундан ташқари, чақирув қоғозларини топшириш тартибини соддалаштириш таклиф этиляпти. Қонун лойиҳасига кўра, у шахсан ёки электрон кабинет ва электрон почта орқали етказиб берилиши мумкин. Хизматдан бош тортганлар учун бир қатор чекловлар ўрнатиш таклиф қилинмоқда. Уларга хорижга чиқиш, кўчмас мулк билан битимлар тузиш, автомобил ҳайдаш ва кредит олиш тақиқланиши мумкин.
«ГУР» раҳбари Кирилл Буданов: Украинага сафарбарлик керак
Украина мудофаа вазирлигининг бош разведка бошқармаси («ГУР») раҳбари Кирилл Буданов аввалроқ фронтда одам етишмаслиги сабабли мамлакатда сафарбарлик зарурлигини билдирган эди. «Биз сафарбарликсиз эплай олишимизни тасаввур қилишнинг иложи йўқ», деди у Financial Times нашрига.
Будановнинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари (УҚК)да сезиларли даражада кадрлар танқислиги кузатилмоқда, бироқ Россияда ҳам бу борада муаммолар мавжуд.
Мавзуга оид
14:30 / 09.11.2024
Зеленский РФ билан хавфсизлик кафолатларисиз сулҳ тузишни рад этди
10:42 / 08.11.2024
Зеленский Будапештда РФга ён босмасликка чақирди
09:08 / 08.11.2024
Зеленский: Курск областидаги КХДР аскарлари йўқотишларга дучор бўлмоқда
08:30 / 07.11.2024