Жаҳон | 23:20 / 24.01.2024
9564
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Россия активларини мусодара қилиш ва уларни Украинага бериш йўлида дастлабки қадамни ташлади 

Бу маблағлар Россия ҳужуми оқибатида юзага келган вайронагарчиликларни бартараф қилиш учун сарфланиши кутилмоқда. 

Фото: EPA-EFE

АҚШ Сенати ва Вакиллар палатасининг Ташқи алоқалар қўмитаси Россия активларини мусодара қилиш ва уларни Украинага беришга йўл очадиган қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу маблағлар Россия ҳужуми оқибатида юзага келган вайронагарчиликларни бартараф қилиш учун сарфланади. 

Агар қонун лойиҳаси Сенат ва Вакиллар палатасида тўлиқ маъқулланса ва президент Жо Байден томонидан имзоланса, бу тарихда илк бор АҚШ билан урушмаётган давлат активларини мусодара қилишга имкон беради. Қайд қилинишича, Байден маъмурияти қонун лойиҳасини қўллаб-қувватламоқда. 

АҚШ ҳудудида Россия Марказий Банкининг 5-6 миллиард доллар қийматдаги активлари бор. Улар 2022 йил февралида Россиянинг Украинага ҳужумидан сўнг дарҳол музлатиб қўйилган. Бу ҳаракатлар Европа, Канада ва Япониядаги ҳамкорлар билан келишилган ҳолда амалга оширилди, айни пайтда Россия Марказий Банкининг хорижда музлатилган активларининг умумий қиймати тахминан 300 миллиард долларни ташкил этади. 

Шу билан бирга, G7 Украинани қайта тиклаш учун Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиш бўйича ҳалигача консенсусга эришгани йўқ. Аммо АҚШ томонидан бу борадаги дастлабки қадамнинг ташланиши бошқа давлатларни жалб қилишда ёрдам бериши мумкин. 

22 январ куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари Россиянинг музлатилган активларидан тушадиган даромад солиғини жорий этишга сиёсий розилик берди. Шу билан бирга, Reuters агентлиги россиялик расмийларга таяниб, Европа Иттифоқи Россия Марказий банкининг музлатилган активларини мусодара қилиши эҳтимоли камлиги, чунки у молиявий ва ҳуқуқий хавфлардан қўрқиши ҳақида ёзди. Шу билан бирга, Ғарб етакчилари уруш пайтида Украинани Россия активларини мусодара қилиш ва нақд пулга айлантириш орқали молиялаштириш ғоясини қўллаб-қувватламоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид