Жаҳон | 11:11 / 24.01.2024
3154
3 дақиқада ўқилади

Германия биринчи марта Украинага ҳарбий вертолётлар етказиб беради

Украина қуролли кучлари олтита кўп мақсадли Sea King Mk41 вертолётларини, улар учун зарур жиҳозлар ва эҳтиёт қисмларни олади, деб хабар берди Германия мудофаа вазирлиги.

Фото: Wolfgang Minich/picture alliance

Германия ҳукумати биринчи марта Украинага ҳарбий вертолётлар етказиб беришга қарор қилди. Украина қуролли кучлари (УҚК) олтита кўп мақсадли Sea King Mk41 вертолётлари, зарур жиҳозлар ва улар учун эҳтиёт қисмлар тўпламини олади, деб хабар берди Германия мудофаа вазирлиги 23 январ, сешанба куни навбатдаги «Рамштайн» форматида йиғилиш якунланганидан кўп ўтмай. 

Бундан ташқари, украиналик ҳарбийлар парвоз техникасини бошқариш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича зарурий тайёргарликдан ўтади. Германия мудофаа вазирлиги раҳбари Борис Писториуснинг сўзларига кўра, денгиз Sea King Mk41 - «украиналикларга кўплаб соҳаларда ёрдам берадиган тасдиқланган ва ишончли вертолёт: у Қора денгиз узра разведкадан тортиб аскарларни ташишгача қўлланиши мумкин». «Бу Германиядан биринчи шундай етказиб бериш», - деди Писториус. 

Германия мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланганидан кейин Германия Украинага умумий қиймати қарийб олти миллиард еврога тенг ҳарбий ёрдам етказиб берган. Аввалроқ, 2023 йил бошида Британия томонидан ушбу русумдаги иккита вертолёт Украинага топширилган эди. 

Америкада ишлаб чиқарилган вертолётлар 

Бундесвер веб-сайтида таъкидланганидек, ушбу русумдаги вертолётлар немис ҳарбийлари томонидан 1970-йилларнинг ўрталаридан бери фойдаланилади. Германияда уларнинг асосий мақсади - қидирув-қутқарув хизмати. Бу вертолёт «катта ҳаракат радиусига эга - 1500 кмдан ортиқ, радар ва инфрақизил камера билан жиҳозланган, энг ёмон об-ҳаво шароитида ҳам уча олади». Яна бир афзаллик - «амфибия-вертолётнинг махсус дизайни», у, агар керак бўлса, сувга фавқулодда қўнишга имкон беради. 

Sea King Mk41 вертолётлари 1959 йилдан бери АҚШда ишлаб чиқарилади ва Sikorsky Aircraft Corporation томонидан ишлаб чиқилган. Америка армияси улардан 1961 йилда фойдаланишни бошлаган. 

«Рамштайн» форматидаги учрашув натижалари 

Шу куни эрталаб АҚШ шафелигида ташкил этилган Украина мудофааси бўйича («Рамштайн» формати) алоқа гуруҳининг 18-йиғилиши бўлиб ўтди. Украина иттифоқчилари мамлакат ҳукуматини кейинги ҳарбий ёрдамга, жумладан узоқ масофага учувчи қуроллар етказиб беришга ишонтирди, деди Украина мудофаа вазирлиги вакили Илларион Павлюк. 

Унинг сўзларига кўра, ваъда қилинган қурол душманга ҳам фронт чизиғида, ҳам орқадан самарали зарба бера олади, шунингдек, унинг логистика марказларини йўқ қилиш учун фойдали бўлади. Учрашув онлайн тарзда ўтказилди. У ерда Украина делегациясига мудофаа вазири Рустем Умеров бошчилик қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид