Жаҳон | 11:30 / 24.01.2024
4815
3 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея КХДРдан қанотли ракеталар учирилганини эълон қилди

Жанубий Корея ҳарбийларига кўра, Шимолий Кореянинг бир нечта қанотли ракеталари очиқ денгиз томон учирилган ҳамда Корея яримороли ва Хитой орасидаги сувларга қулаган.

Фото: KCNA VIA KNS/AFP

КХДР очиқ денгиз томон бир нечта қанотли ракеталарни учирди, улар Корея яримороли ва Хитой ўртасидаги сувларга қулади, деб хабар берди Жанубий Корея қуролли кучлари бош штаби 24 январ, чоршанба куни эрталаб. Жанубий Корея ҳарбийлари АҚШдан келган мутахассислар билан биргаликда воқеа тафсилотларини таҳлил қилмоқда.

Шимолий Корея томонидан синовдан ўтказилиши ядровий ва ракета дастурлари каби халқаро санкцияларга дучор бўлган баллистик ракеталардан фарқли ўлароқ, қанотли ракеталарнинг учирилиши техник жиҳатдан жазо чораларига сабаб бўлмайди. Бироқ, бу ракеталар ядро каллакларига ҳам эга бўлиши мумкин, дея эслатади dpa агентлиги. 

Шимолий Кореянинг ракета ва ядро синовлари 

Бундан бир неча кун олдин, 19 январда Шимолий Корея «Хэил-5-23» сувости ядро қуроли тизимини - ядровий каллак билан жиҳозланиши мумкин бўлган сувости дронини синовдан ўтказаётганини эълон қилди. «Хэил-5-23» тизимининг мавжудлигини мустақил тасдиқлаш имкони йўқ. Пхенянга кўра, сувости дрони илк бор ўтган йилнинг март ойида синовдан ўтказилган ҳамда душман кемалари ва муҳим портларга кутилмаган ҳужумлар уюштиришга қодир. 

15 январ куни Шимолий Корея гипертовушли ракетани муваффақиятли синовдан ўтказганини эълон қилди. Жанубий Корея ҳарбийларига кўра, ўрта масофага мўлжалланган ракета минг километрга яқин масофани босиб ўтиб, Япон денгизига қулаган.

14 январ куни Шимолий Корея Япония томон баллистик ракета учирди - бу 2024 йилда бундай қуролнинг илк синови бўлди. Япония соҳилни қўриқлаш хизмати ва мамлакат мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ракета шарқий қирғоқдан отилган ва Япониянинг махсус иқтисодий зонаси ташқарисида денгизга қулаган.

Корея яриморолида кескинлик кучаймоқда

Январ ойи бошида Шимолий Корея Жанубий Корея ороллари томон 200 тадан ортиқ снаряд отганди. Бунга жавобан Жанубий Корея қуролли кучлари ўқ отиш машқларини ўтказди.

Ўтган йил декабр ойида Пхенян бир неча синовлардан сўнг, Шимолий Корея томонига кўра, парвоз масофаси 1002,3 километрни ташкил этган қитъалараро ракетани учирди. Ноябр ойида КХДР коинотга ўзининг биринчи ҳарбий разведка сунъий йўлдошини юборди.

Мавзуга оид