Ўзбекистон | 17:58 / 24.01.2024
6984
5 дақиқада ўқилади

Пекинда Мирзиёев ва Си Жинпингнинг расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди

Ўзбекистон ва Хитой етакчилари кўп қиррали ва ҳар томонлама стратегик шерикликни янада кенгайтириш масалаларини кўриб чиқди.

Фото: Президент матбуот хизмати

24 январ куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси раиси «»Си Жинпингнинг расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида Ўзбекистон президенти Хитой етакчисига ташриф билан келиш таклифи ва кўрсатилаётган илиқ меҳмондўстлик ҳамда Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг юксак эътирофи учун самимий миннатдорлик билдирди.

Давлат раҳбарлари кейинги йилларда икки томонлама муносабатлар ривожида кучли суръатга эришилганини таъкидладилар.

Барча даражаларда алоқалар фаоллашиб, сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб бораётгани, мамлакатларимиз муҳим масалалар юзасидан бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Ўтган йил ноябр ойида Пекин шаҳрида Ташқи ишлар вазирлари стратегик мулоқотининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Парламентлараро ҳамкорлик фаоллашди.

Президент ХХР раисига камбағалликка қарши курашиш бўйича ҳамкорликка шахсан эътибор қараётгани ва қўллаб-қувватлаётгани учун ташаккур билдирди.

Томонлар Ўзбекистонда Хитойнинг «Лу Бан устахонаси» профессионал таълим тизимини жорий қилиш бўйича пилот лойиҳа бошланганини олқишлади.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.

Ўтган йил якунлари бўйича товар айирбошлаш 14 миллиард долларга етди. Яқин истиқболда буни 20 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар борлиги тўғрисида якдил фикр билдирилди.

Кейинги йилларда Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялар ҳажми беш баробар, қўшма корхоналар сони эса уч баробар ошди.

Инфратузилма, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва «яшил» энергетикада технологиялар трансфери соҳаларида ҳамкорлик дастурларини тайёрлаш ва қабул қилишга келишиб олинди.

Шу маънода, ўтган йил охирида Ўзбекистонда Хитой компаниялари иштирокида қуввати 1000 мегаваттлик иккита янги қуёш электр станциялари фойдаланишга топширилгани мамнуният билан қайд этилди.

Хитойнинг етакчи банклари, «Ипак йўли» фонди ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан самарали молиявий-техник ҳамкорликнинг бугунги даражаси юқори баҳоланди.

Давлат раҳбари инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашнинг молиявий воситаларини кенгайтириш, жумладан, қўшма платформа яратиш борасида келишувларга эришилганини, шунингдек, Хитой Эксимбанкининг Тошкент шаҳрида Марказий Осиё учун минтақавий офис очиш қарорини олқишлади.

Ўзбекистон президенти хитойлик шерикларни Ўзбекистондаги давлат корхоналари ва банкларини хусусийлаштириш жараёнларида фаол иштирок этишга чақирди.

Етакчилар ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашганига мамнуният билдирди. Бу борадаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари кенгашини тузишга келишиб олди.

«Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида Трансминтақавий транспорт ва транзит кўпригининг муҳим таркибий қисми бўладиган «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темирйўлини қуриш бўйича амалий ишларни тез фурсатда бошлаш муҳим экани таъкидланди.

Куни кеча Пекинда биринчи таълим форуми, Шанхайда Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари кўргазмаси муваффақиятли ўтгани қайд этилди. Шу кунларда ўтаётган Ўзбекистон маданияти кунлари доирасидаги тадбирлар Хитой пойтахти аҳолиси ва меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди.

Таълим ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, ўзаро маданият кунларини ўтказиш амалиётини давом эттириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Қўшма Ёшлар инновация форумини ўтказиш таклиф қилинди.

Режалаштирилган барча тадбирлар ва илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш мақсадида томонлар Ҳукуматлараро қўмита ва унинг барча кичик қўмиталари йиғилишларини жорий йилнинг биринчи ярмида ўтказишга аҳдлашиб олди.

Минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

«Ягона Хитой» сиёсати ҳамда «уч ёвуз куч»га қарши курашиш борасидаги позиция ўзгармас экани тасдиқланди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон етакчиси ХХР раҳбарини ташриф билан мамлакатимизга келишга таклиф қилди ҳамда дўст Хитой халқининг яқинлашиб келаётган хитойча Янги йил – «Чун Цзе» байрами билан табриклади.

Учрашув ҳар доимгидек ишонч, очиқлик ва дўстлик руҳида ўтди.

Мавзуга оид