Покровск ҳудудида россиялик пиёдалар гуруҳлари билан кечаётган жанглар ҳақида дастлаб 21 июл куни DeepStatе OSINT-проекти хабар берганди.
«Душман бир неча кун олдин бригадалардан бирида пиёдалар камайиб кетганидан, шунингдек, жойлардаги вазият ишончсизлигидан фойдаланиб, Зверево орқали шаҳар ичкарисига кириб келди. Вазият ҳалокатли тус олмаслиги учун зудлик билан 155-алоҳида механизациялашган бригада ва 68-алоҳида егер бригадаси йигитлари вазиятни ўнглашига тўғри келди», – дейилади DeepStatе хабарида.
Лойиҳа муаллифлари диверсантларни қидириш ва яксон этиш ишлари давом эттирилаётганини қўшимча қилган. Покровск жануби-ғарбий чеккасидаги Ҳимоячилар кўчаси устидан назорат учун ҳам жанглар кетмоқда. DeepStatе маълумотига кўра, россиялик диверсантлар у ерда мустаҳкам ўрнашиб олишга ҳамда украин ҳарбийлари машиналарига пистирма қўйишга ҳаракат қилмоқда.
BBC манбаси DeepState маълумотини тасдиқлаган: унинг маълумотига кўра, бригадалардан бири аввалига диверсантларни ўз кучи билан тўхтатишга уринган, аммо шахсий таркибдаги етишмовчилик туфайли буни уддалай олмаган.
Покровск мудофааси учун масъул бўлган «Донецк» гуруҳи 20 июл куниёқ аксилдиверсия чоралари (шаҳарга яқинлашиб келган россиялик диверсантларни аниқлаш ва бартараф этиш) амалга оширилаётгани ҳақида баёнот берганди.

GENYA SAVILOV/AFP via Getty Images
BBC Украина хизмати «Хортица» оператив-стратегик гуруҳига қўшимча изоҳ сўраб мурожаат қилди. У ердагилар ҳозирда вазият оператив хавфсизлик нуқтайи назаридан шарҳланмаслигини маълум қилишган.
BBC’нинг Покровскни ҳимоя қилаётган ҳарбийлар орасидаги ўз манбаси россиялик диверсантлар олдин ҳам шаҳарнинг жанубий ва жануби-ғарбий чеккаларига «кириш»ни амалга ошириб келганини айтиб берган. Украин ҳарбийлари уларни муваффақият билан йўқ қилган. Аммо бу сафар вазият бироз бошқачароқ.
Покровск мудофааси борган сари қийинлашмоқда, чунки Россиянинг асосий кучлари олдинга силжишга муваффақ бўлмоқда.
«Илгари, жанговар тўқнашув чизиғи ҳали шаҳарга етиб келмаганида, бу ҳақиқатан ҳам диверсия-разведка гуруҳлари эди. Ҳозир эса чизиқ деярли жануби-ғарбий чеккада жойлашган. Баъзилар шаҳар чеккасидаги россияликларнинг тўлақонли штурм гуруҳларини диверсия-разведка гуруҳлари билан адаштирмоқда», – дейди манба.










