Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ сенати Россия активларини мусодара қилиш тўғрисидаги қонунни қўллаб-қувватлади
REPO қонуни Қўшма Штатларга Россия Марказий банки - АҚШ билан уруш ҳолатида бўлмаган давлатнинг активларини мусодара қилиш имконини беради. Сенат бундай чора мисли кўрилмаган ҳолат эканини таъкидлади.
24 январ, чоршанба куни АҚШ сенатининг ташқи алоқалар қўмитаси «Украиналиклар учун иқтисодий фаровонлик ва имкониятларни тиклаш» (REPO) қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади, унга кўра Россиянинг АҚШда музлатиб қўйилган активлари мусодара қилинади ва қайта тиклаш учун Украинага берилади. Овоз беришда 20 депутат «маъқул» ва 1 нафар депутат «қарши» овоз берди (республикачи сенатор Рэнд Пол овози).
Тегишли сенат қўмитаси веб-сайтида таъкидланганидек, ҳужжатнинг якуний матни қонун лойиҳасига бир қатор икки партиявий тузатишлар ва такомиллаштиришни ўз ичига олган, жумладан «президентнинг Қўшма Штатлар G7 билан активларни мусодара қилиш бўйича кўп томонлама ҳаракатларни мувофиқлаштираётгани ҳақидаги кафолатлари, тезлаштирилган суд текшируви тартиб-қоидалари, «Геноцид ва ваҳшийликларнинг олдини олиш тўғрисида Эли Визел қонуни» ҳамда давлат департаментининг 2024 йилда тугаши режалаштирилган глобал ҳамкорлик маркази ваколатлари амал қилиш муддатини узайтириш» назарда тутилган.
2018 йилда АҚШда қабул қилинган «Геноцид ва ваҳшийликларнинг олдини олиш тўғрисида Эли Визел қонуни»да АҚШ ҳукумати ушбу жиноятларнинг олдини олишга ва тегишли чоралар кўришга қаратилган стратегия ишлаб чиқаётгани ҳақидаги қоида мавжуд.
АҚШ давлат департаменти қошидаги глобал ҳамкорлик маркази (ГҲМ) хорижий дезинформация ва ташвиқотга қарши курашиш учун махсус яратилган. Давлат департаменти веб-сайтида таъкидланганидек, унинг вазифаси бу усуллардан фойдаланган ҳолда душман таҳдидларини фош қилиш ва уларга қарши туришдир» ҳамда «Россия бу соҳада катта хавф туғдиришда давом этмоқда».
Мусодара тўғрисидаги қонуннинг АҚШ учун оқибатлари
«2022 йилда Украинага ноқонуний ҳужум ва давом этаётган уруш оқибатида юзага келган вайронагарчиликларни ҳисобга олсак, Россия Украинани қайта қуриш учун маънавий ва ҳуқуқий жавобгарликка эга эканлигига шубҳа йўқ, деди сенатнинг ташқи алоқалар қўмитаси раиси Бен Кардин - Бироқ, REPO қонуни ҳарбий куч ишлатиш учун рухсатномадан ташқари, бу қўмитада биз овоз берадиган ҳар қандай нарсадан ҳам муҳимроқ оқибатларга олиб келади. Биз билан уруш ҳолатида бўлмаган хорижий давлатнинг Марказий банки активларини мусодара қилиш Қўшма Штатлар учун биринчи ҳолатга айланади. Шуни ёдда тутган ҳолда, прецедент манфаатларимиз ва қадриятларимизни акс эттиришига ишонч ҳосил қилишимиз керак».
Кардиннинг аниқлик киритишича, мавжуд маълумотларга кўра, АҚШда Россиянинг 5 миллиард долларлик активлари музлатилган. Дунё бўйлаб бу активлар тахминан 300 миллиард долларни ташкил қилади. «REPO тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши умид қиламанки, бошқа давлатларни, шу жумладан, Россия суверен активлари катта қисмига эга бўлган Европадаги ҳамкорларимиз ва иттифоқчиларимизни ушбу активларни Украина фойдасига мусодара қилишга ва қайта фойдаланишга ундайди», - дея қўшимча қилди у.
2023 йилнинг ёзида Европа Иттифоқи ишчи гуруҳи Россия активларини мусодара қилишнинг қонуний йўли йўқ деган хулосага келди. Шундан сўнг, ЕИ шу тариқа олинган фойдани Украинани қайта тиклашга ўтказиш учун музлатилган маблағларни қайта инвестиция қилиш имкониятларини ўрганишга эътибор қаратди.
АҚШдан Украинага қўшимча ёрдам
Сенат ташқи алоқалар қўмитаси раиси Бен Кардиннинг сўзларига кўра, REPO тўғрисидаги қонун президент Байден бир неча ой олдин тақдим этган қўшимча ёрдам қонун лойиҳасига муқобил ёки ўрнини босувчи восита эмас, у «Украина учун зудлик билан зарур бўлган 60 миллиард доллар маблағни, шу жумладан унинг шошилинч эҳтиёжлари, Россияга қарши мудофаани давом эттириш, шунингдек, Исроил ва Тайван учун муҳим молиялаштиришни ҳам таъминлайди». «Қўшимча қонун лойиҳаси конгресснинг ташқи сиёсатдаги энг долзарб устувор вазифаси бўлиб қолмоқда - биз уни қабул қилишимиз керак, чунки буни қилмаслик оқибатлари фалокатли бўлади», деди Кардин.
«Қўмитанинг REPO тўғрисидаги қонунни қабул қилиши анчадан бери долзарб эди, - деди қонун лойиҳаси муаллифи, сенатнинг ташқи алоқалар қўмитаси аъзоси, республикачи Жим Риш. - Деярли икки йил давомида Россия Украинага ноқонуний, асоссиз ҳужуми натижасида ақлбовар қилмайдиган жиноятлар содир этди. Украинани қайта тиклаш учун пул тўлаш керак ва бу ҳаракатни рағбатлантириш учун АҚШ етакчилиги зарур».
Аввалроқ Москва Россиянинг хориждаги активлари музлатиш ёки мусодара қилинишига жавобан Россия Федерациясидаги «дўст бўлмаган мамлакатлар» активларига нисбатан ҳам худди шундай чоралар кўриши мумкинлигини билдирган эди. Бундай активлар миқдори 288 миллиард долларга баҳоланмоқда.