Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оқ уй: АҚШ Россияда Ил-76 ҳалокати билан боғлиқ вазиятни ўрганмоқда
АҚШ маъмурияти Россия самолёти ҳалокати ҳақидаги хабарларни ҳисобга оляпти, аммо бу борада қўшимча маълумотга эга эмас, деди Жон Кирби.
АҚШ маъмурияти Украина томони билан ҳарбий асирларни алмашиш арафасида Россиянинг Ил-76 транспорт самолёти ҳалокатга учрагани ҳақидаги хабарларни ҳисобга оляпти, аммо бу борада қўшимча маълумотга эга эмас, деди 24 январ, чоршанба куни Оқ уй ҳузуридаги миллий хавфсизлик кенгаши стратегик алоқалар координатори Жон Кирби.
Унинг сўзларига кўра, Вашингтон «бу хабарларни (Ил-76 ҳалокати ҳақида) кўрган, аммо бизда уларни тасдиқлашнинг иложи йўқ». Кирби Оқ уйдаги брифингда АҚШ маъмурияти «бу масала бўйича кўпроқ аниқлик ва қўшимча маълумот олиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда», деди.
Украина халқаро терговни талаб қилади
Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский Украина Россиянинг Ил-76 ҳарбий-транспорт самолётининг Белгород вилоятида қулаши ҳолати юзасидан халқаро тергов ўтказилишини талаб қилишини айтганди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, «барча фактлар аниқланиши керак». Украина президенти Россия самолёти нима учун қулаган бўлиши мумкинлиги ҳақида бирорта версияни ҳам келтирмади.
Россиянинг Ил-76 самолёти Белгород вилоятида ҳалокатга учради
Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти 24 январ куни Белгород вилоятининг Корочанск туманида Яблоново қишлоғи яқинидаги далага қулаб тушди. Вилоят губернатори Вячеслав Гладковнинг сўзларига кўра, бортдаги барча одамлар ҳалок бўлган.
Telegram’даги «Важные истории» ва «ЧТД» каналлари Россия мудофаа вазирлигига таяниб, Ил-76 бортида алмашиш учун олиб кетилаётган 65 нафар украиналик асир, шунингдек, 6 нафар экипаж аъзоси ва 3 нафар ҳамроҳлик қилувчи шахс бўлганини маълум қилди. Россия мудофаа вазирлиги ҳалокатни «террор ҳужуми» деб атади ва бунинг учун Киевни айблади.
Кейинроқ фавқулодда баёнотда Украина бош разведка бошқармаси ҳарбий асирларни алмашиш 24 январга режалаштирилганини тасдиқлади, бироқ украиналик асирларнинг хавфсизлигини Россия томони таъминлаши кераклигини таъкидлади.
«Транспорт самолётининг 30 километрлик жанговар зонага қўниши хавфсиз бўлиши мумкин эмас ва ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳар икки томон муҳокама қилиши керак. Биз Россия Федерациясида вазиятни беқарорлаштириш мақсадида режалаштирилган ҳамда Украина ва давлатимизга халқаро ёрдамни заифлаштириш учун қасддан қилинган ҳаракатлар ҳақида гапиришимиз мумкин», - дейилади баёнотда.