БМТ ходимлари ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумида иштирок этганликда айбланмоқда
БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш агентлиги бир неча ходимларини ишдан бўшатди. Қарор улар ҲАМАСнинг Исроилга қарши ҳужумида иштирок этгани ҳақидаги хабарлар фонида қабул қилинди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) 7 октябр куни Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи томонидан Исроилга уюштирилган ҳужумга алоқадорлиги ҳақидаги хабарлар ортидан бир қанча ходимларни ишдан бўшатяпти. 26 январ, жума куни UNRWA бош комиссари Филипп Лаззарини шундай деди: «Мен ушбу ходимларнинг меҳнат шартномаларини зудлик билан бекор қилишга ва ҳақиқатни кечиктирмасдан аниқлаш учун тергов ўтказишга қарор қилдим».
Лаззарини бу ходимларга қўйилган айбловлар ҳайратланарли эканлигини тан олди. Унинг сўзларига кўра, Исроил унга ҳужумда бир қатор UNRWA ходимларининг иштироки ҳақида маълумот берган. «UNRWA’нинг бу ҳаракатларга алоқадор ҳар бир ходими жиноий жавобгарликка тортилади», деб ваъда берди БМТ агентлиги раҳбари. Филипп Лаззарини UNRWA ходимлари қандай аниқ ҳаракатларда айбланаётгани ва унинг қўл остидагиларидан қанчаси ҲАМАС ҳужумида иштирок этган бўлиши мумкинлигига аниқлик киритмади.
АҚШ UNRWA’га ёрдам беришни тўхтатяпти
АҚШ давлат департаменти UNRWA ходимларининг ҲАМАС томонида Исроилга ҳужумда иштирок этиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлардан ўта хавотир билдирди ва шу муносабат билан UNRWA’га қўшимча маблағ ажратиш тўхтатилганини таъкидлади. Америка ташқи сиёсат идораси маълумотларига кўра, гап агентликнинг 12 нафар ходими ҳақида кетмоқда. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 24 январ куни БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан вазиятни муҳокама қилиб, UNRWA ходимларига қарши айбловлар чуқур ва зудлик билан текширилиши кераклигини таъкидлади.
Гутерриш содир бўлган воқеадан ҳайратда қолганини айтди ва агар айбловлар тасдиқланса, жавобгарларни дарҳол ишдан бўшатиш ва жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилди. «Ким БМТнинг асосий қадриятларига хиёнат қилса, Ғазода, бутун минтақада ва дунёнинг бошқа қисмларида хизмат қилаётганларга хиёнат қилган бўлади», деб таъкидлади жаҳон ташкилоти раҳбари.
Ғазо секторида уруш бошланганидан бери икки миллиондан ортиқ фаластинлик гуманитар ёрдамга боғлиқ.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 26 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
17:46 / 10.11.2024
Қатар Исроил ва Ҳамас ўртасидаги воситачиликни тўхтатди
17:39 / 07.11.2024
БМТ Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони камайганини қайд этди
17:00 / 05.11.2024
Ўтган юз йилда цунами 260 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди — БМТ
14:10 / 05.11.2024