Жаҳон | 12:03 / 27.01.2024
2447
3 дақиқада ўқилади

Россия сайловлар вақтида ғарбда овоз бериш участкаларини очади

Фото: Ведомости

Сайлов участкалари «дўст бўлмаган» мамлакатларда ҳам ишлайди, дея хабар берди Россия ТИВ. Россияда президентлик сайловлари 15-17 март кунлари бўлиб ўтади.

Президентлик сайловлари учун сайлов участкалари Россия ваколатхоналари жойлашган барча мамлакатларда, шу жумладан «дўст бўлмаган» (Украинага қарши уруши туфайли РФга қарши санкциялар жорий этган) давлатларда очиқ бўлади, деди 26 январ, жума куни Россия ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова расмий брифингда. Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Россиянинг хорижий муассасалари ёпилган қатор мамлакатларда, хусусан, АҚШ, Германия, Чехия, Финландия ва Болтиқбўйи мамлакатларида сайлов участкалари аввалгига қараганда камроқ бўлади. 

Захарова, шунингдек, Россия ташқи ишлар вазирлиги хориждаги сайлов участкалари сонини «300 талик кўрсаткич асосида» ҳисоблаб чиқаётганини, бунда айрим мамлакатларда овоз бериш нафақат пойтахтда, балки «россияликлар яшайдиган ихчам жойларда» ҳам ўтказилишини ҳисобга олганини таъкидлади. Шу билан бирга, Мария Захарова сайлов куни «дўст бўлмаган» мамлакатлардаги сайловчиларга таҳдидлар бўлиши мумкинлигини эълон қилди, бунда, унинг айтишича, «Россияга қарши риторика даражаси одатдагидан юқори бўлади».

Россия президенти сайловлари 

Россияда президентлик сайловлари 15-17 март кунлари бўлиб ўтади. 2023 йил декабр ойи бошида номзодини илгари суришини эълон қилган Владимир Путиндан ташқари, 10 дан ортиқ номзод иштирок этишни режалаштирмоқда. Парламентдаги партиялардан Леонид Слуцкий (ЛДПР), Николай Харитонов (КПРФ), Владислав Даванков («Новые Люди») номзодини кўрсатиш режаларини эълон қилди. Бундан ташқари, сиёсатчи Борис Надеждин ҳам сайловларда иштирок этишни мўлжаллаган. 

Россия учун «дўст бўлмаган» мамлакатлар рўйхати 2022 йил март ойида, Украинада уруш бошланганидан кўп ўтмай тасдиқланган. У охирги марта 2022 йил октябр ойида кенгайтирилган ва ҳозирда 49 та давлатни, жумладан АҚШ, Канада, Австралия, Британия ва Европа Иттифоқининг барча мамлакатларини қамраб олади. 

Январ ойи бошида «Ведомости» манбасига таяниб Россиянинг бир қатор «дўст бўлмаган» давлатлар консулликларида сайлов участкалари очилмаслигини ёзган эди. Ўшанда Захарова ташқи ишлар вазирлиги «вазиятни ўрганаётганини» айтди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид