Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги
Ўзбекистонда айрим дарёлар ўзанларида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилиниши белгиланганди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги электрон савдо платформаси орқали қум-шағал аралашмаси қазиб олишга рухсатнома берилаётгани ҳақидаги танқидларга муносабат билдирди.
Унда билдирилишича, «Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонига кўра, 2024 йил 1 майдан бошлаб энг оғир экологик вазиятда бўлган Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ҳудудида қум ва шағал қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилди. Мораторий даврида ушбу дарёлар ўзанларида қум ва шағал қазиб олишга рухсатномалар берилмайди.
Мазкур ҳудудларда қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб, мораторийни бузган шахсларга нисбатан табиатга етказилган зарар миқдори 10 бараварга оширилган ҳолда қўлланади, шунингдек, ушбу қоидабузарликни содир этишда фойдаланилган техника мусодара қилинади.
«E-auksion электрон савдо платформаси орқали қум-шағал материалларини қазиб олишга рухсатномалар беришга келсак, ушбу амалиёт фақат мораторий жорий этилмаган ҳудудларда қўлланади. Шу билан бирга, дарёлар ўрнига муқобил тоғли ва тоғолди ҳудудларида жойлашган альтернатив кон участкаларида қум-шағал қазиб олиш ишлари ташкил этилади, — дейилади вазирлик муносабатида.
Таъкидланишича, кейинги йилларда республикада қурилиш кўламининг кенгайиши натижасида қум-шағал аралашмасини қазиб олишга эҳтиёж кескин ошди. Бироқ кўпчилик бу эҳтиёжни қондириш учун эртанги кунни ўйламай, дарё ўзанларидан қонунга хилоф равишда катта миқдорда қум-шағал қазиб олиб, атроф-муҳитга тузатиб бўлмас зарар етказа бошлади.
Жумладан, 2023 йилда ноқонуний равишда қум-шағал қазиб олиш билан боғлиқ 303 та ҳолатда 68 миллиард сўм жарима қўлланган. Ушбу ҳолатларнинг 42 таси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Дарё ўзанларида 1-1,5 метргача чуқурликда қум ва шағал қазишга рухсат берилган бўлса-да, 10 метр чуқурликда қазилиши натижасида дарё ўзани кенглиги 400 метргача кенгайиб кетиш ҳолатлари кузатилган.
Вазирликнинг билдиришича, айни пайтда халқаро ва маҳаллий олимлар иштирокида Чирчиқ дарёсини қайта тиклаш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.