Ўзбекистон | 22:13 / 30.01.2024
4400
2 дақиқада ўқилади

Туркияда сохта ҳужжат тайёрлаб, фирибгарлик қилаётган ўзбекистонликлар борлиги маълум бўлди 

Йил бошидан буён 70 нафардан ортиқ ўзбекистонлик ҳужжати сохталиги туфайли Туркиянинг тегишли идоралари томонидан тергов қилинмоқда. 

Фото: Kun.uz

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси Туркияда сохта ҳужжат тайёрлаб, фирибгарлик қилаётган ватандошлардан эҳтиёт бўлишга чақирди. 

Қайд қилинишича, Истанбулдаги баъзи ширкатлар томонидан Ўзбекистон фуқароларига қонунга зид равишда турли хил қалбаки хужжатларни расмийлаштириб бериш, АҚШ, Канада ёки Европа давлатларига бориш учун виза расмийлаштириш баҳонасида кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли орқали ўзлаштириш ҳолатлари кўпаймоқда. Ушбу ширкатлар номи баёнотда келтирилмаган. 

Бош консулхонага келиб тушган маълумотга кўра, йил бошидан буён 70 нафардан ортиқ ўзбекистонлик ҳужжати сохталиги туфайли Туркиянинг тегишли идоралари томонидан тергов қилинмоқда. 

«Бундай ҳолатлар туфайли Туркияда қонуний яшаб келаётган фуқаролар ҳам бир қанча бюракратик тўсиқларга учрамоқда», дейилади баёнотда. 

Бош консулхона ватандошларни шундай ширкатларга алданмаслик, шубҳали ёки қалбаки ҳужжатларни Туркия давлат идораларига топширмаслик, пул, шахсий ва муҳим маълумотларни бегона шахсларга бермаслик ҳақида огоҳлантирган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид