Жаҳон | 19:05 / 31.01.2024
7082
2 дақиқада ўқилади

Хитой «Толибон» вакилини Афғонистон элчиси сифатида аккредитациядан ўтказди

Аввалроқ, Хитой «Толибон» ҳокимият тепасига келганидан кейин Афғонистонга расман янги элчи тайинлаган биринчи давлат бўлган эди. 

Хитой раҳбари Си Жинпинг Афғонистоннинг Хитойдаги янги элчисидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазирлиги хабар берди. 

30 январ куни бўлиб ўтган тантанали маросимда 42 давлат элчилари Си Жинпингга ишонч ёрлиқларини топширди. Улар орасида Билол Каримий ҳам бор эди, у илгари «Толибон» ҳукумати матбуот котиби ўринбосари бўлиб ишлаган. 

Аввалроқ, Хитой «Толибон» ҳокимият тепасига келганидан кейин Афғонистонга расман янги элчи тайинлаган биринчи давлат бўлган эди. Чжао Шенг 2023 йил 13 сентябр куни Кобулда бўлиб ўтган тантанали маросимда Афғонистоннинг тан олинмаган ҳукумати раҳбари Муҳаммад Ҳасан Охундга ишонч ёрлиқларини топширди. 

Хитой расмийлари Чжао Шенгнинг тайинланиши «Толибон» ҳукуматини расман тан олишга тайёрлик белгиси эканлигига аниқлик киритмади.

Толибон 2021 йил 15 августда Кобулни эгаллаб олди ва уч ҳафтадан сўнг янги ҳукумат тайинланишини эълон қилди. Аммо дунёнинг ҳеч бир давлати бу ҳаракатни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида расман тан олгани йўқ. Халқаро ҳамжамият янги ҳокимиятдан Афғонистондаги турли этник-сиёсий кучлар вакиллари, шунингдек, аёллардан иборат коалицион ҳукумат тузишни талаб қилмоқда. Ўз навбатида, «Толибон» ҳамма билан яхши муносабатда бўлишни истаётганини таъкидлаб, барча давлатларни Кобулда ўз элчихоналарини қайта очишга чақирмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид