Иқтисодиёт | 21:13 / 01.02.2024
16518
2 дақиқада ўқилади

“Солиқ” иловаси ишламай қолди. Иловада профилактика ишлари кетмоқда

Солиқ қўмитасига кўра, иловага ўндан ортиқ янги электрон хизматлар қўшилмоқда. Илова 2 февралдан бошлаб ишлай бошлаши маълум қилинди.

Солиқ қўмитасининг “Солиқ” мобил иловасида узилишлар кузатилмоқда. Ҳолатга аниқлик кириши мақсадида Kun.uz қўмита ахборот хизмати билан боғланди.

Маълум қилинишича, иловада 31 январ ва 1 феврал кунлари профилактик ишлар олиб борилмоқда. Бу даврда мобил илова вақтинчалик ишламайди. Шунингдек, иловага янги хизматлар қўшилмоқда. Хусусан, ҳозирда 32 та хизмат бўладиган бўлса, яна 10 дан ортиқ электрон хизматларни иловага киритиш кўзда тутилган.

“Бундан ташқари, йил боши бўлгани сабабли солиқ тўловчиларимиз томонидан ижарага берилган мол-мулкларни ижарага қўйиш ва декабр ойи учун тасдиқланган кешбэкларни картага ўтказиб олиш хизматлари ҳам ойнинг 25-кунидан кейин амалга оширилади. Яна бошқа электрон хизматларга юкламалар ошди”, дейилади қўмита изоҳида.

Қўшимча қилинишича, шу давргача йиғилган кешбэклар илова янгиланган ҳолатда ҳам ўзгаришсиз сақланиб қолади ва кейинчалик картага ўтказиб олиш мумкин бўлади.

Иловадаги тўлов хизматларига МИБга қарздорлик учун ва йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича жарималарни тўлаш имконияти ҳам қўшилган.

Маълум қилинишича, 2 февралдан бошлаб илованинг иш фаолияти қайта тикланади.

“Солиқ” иловасидаги узилишлар 26 январ куни ҳам кузатилган, ўшанда харид чекларини рўйхатдан ўтказганда тўланадиган 1 фоизлик кешбек бекор бўлиши ҳақида тарқалган миш-мишлар рад этилган, илова шу куни оқшомда қайта ишлай бошлаган эди.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид