Жаҳон | 20:27 / 02.02.2024
39696
5 дақиқада ўқилади

Украина разведкаси «Ивановец» катери чўктирилганини маълум қилди. Бу нимаси билан муҳим?

Кемага катерлар ёрдамида ҳужум уюштирилган. 

Украина мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси 1 февралга ўтар кечаси мамлакат қуролли кучлари Россия Қора денгиз флотининг «Ивановец» ракета катерига зарба берилганини маълум қилди. Россия бу маълумотни расман тасдиқламаган, аммо россиялик ҳарбий блогерлар кема чўкиб кетганини ёзишмоқда.

Бош разведка бошқармасининг телеграм-каналида эълон қилинган пресс-релизда айтилишича, катер Қора денгизда, аннексия қилинган Қрим соҳиллари яқинидаги Донузлав кўли ҳудудида патруллик қилиб келган. 

«Россия кемаси корпусга берилган кетма-кет зарбалардан кейин сузишни давом эттира олмайдиган даражада шикастланди — „Ивановец“ қуйруқ қисмига оғди ва чўкиб кетди», — дейилган баёнотда.

Амалиёт Украина Рақамли трансформация вазирлиги ва United24 краудфандинг платформаси кўмагида Group 13 номли махсус разведка қисми томонидан амалга оширилгани айтилган. 

Россия мудофаа вазирлиги ҳозирча бу баёнот юзасидан изоҳ бермаган.

Аммо россиялик ҳарбий блогерлар ҳам Украина разведка ресурсларида жойланган, кемага бир вақтнинг ўзида бир неча дронлар ҳужум қилаётгани акс этган видеони тарқатишган.

«„Ивановец" кичик ракета кемаси Украина қуролли кучларининг Севастополга тунги ҳужумини қайтариш чоғида чўкиб кетди. Кема учта денгиз дрони зарбасини ўзига қабул қилди. Экипаж охирига қадар кемани сув юзасида ушлаб қолиш учун курашди», — дея ёзган «Военкор Котенок» телеграм-канали.

Ҳарбий соҳага ихтисослашган яна бир блогер Борис Рожин ҳам Россия Қора денгиз флоти Донузлав ҳудудида дронларнинг тунги ҳужуми чоғида 1989 йилда ясалган, сув сиғими 493 тонна, узунлиги 56 метрга тенг бўлган, «Москит» ракеталари билан жиҳозланган «Ивановец» кичик ракета кемасини йўқотганини маълум қилган. Кема экипажи 41 кишидан иборат, уларнинг тақдири номаълум. 

Бундан аввалроқ Россия мудофаа вазирлиги Қримга 20 та ракета билан ҳужум қилингани ҳақида хабар берган, Украинадаги манбалар эса бу ҳужум натижасида Белбекдаги аэродромда турган ҳарбий самолётлар шикастлангани ҳақида ёзганди.

Россия мудофаа вазирлигига яқин саналган Rybar телеграм-канали бу икки воқеани ўзаро боғлаган: унга кўра, ракета ҳужумидан кейин тўққизта экипажсиз катер Одессадан чиққан ва Дунай дарёсининг қуйилиш жойидан Қрим томон сузиб кетган.

Канал муаллифининг тасдиқлашича, денгиз дронларидан тўрттаси Донузлав кўли ҳудудида яксон этилган, қолганлари эса нишонга — «Ивановец» катерига етиб борган. «Видеога қараганда, кема бир неча портлашдан кейин буткул чўкиб кетган», — дея Украина томони тарқатган видеони шарҳлаган телеграм-канал.

«Ивановец»га ҳужумнинг ҳарбий аҳамияти нимада?

BBC ҳарбий шарҳловчиси Павел Аксенов:

Агар «Ивановец» ракета катери ҳалокати тасдиқланса, бу Россия ва Украина урушидаги жиддий воқеа бўлади. Бу денгизда йўқ қилинган иккинчи ракета билан қуролланган ҳарбий кемадир.

«Ивановец» Россия классификациясига кўра ракета катери деб аталса-да, халқаро стандартлар бўйича корвет ҳисобланади. «Ивановец» кемаларга қарши қанотли ракеталар билан қуролланган.

Украинада бундай ракеталарни қўллаш мумкин бўлган кемалар қолмаган, аммо уруш давомида икки томон ҳам кемаларга қарши ракеталарни қуруқликдаги нишонларга қарши қўллаб келмоқда.

Бундан ташқари, катерда «Vympel Р2» радиоэлектрон курашиш тизими (у МП-405-1 ва МП-405 радиолокация тизимларини ўз ичига олади) мавжуд. Бу анча эски ишланма, аммо уни Россиянинг янги кемаларига ҳам ўрнатишда давом этишмоқда.

Шундай экан, Донузлав кўлида бўлган кема Қримнинг қанотли ракеталар билан ўққа тутилиши ёки экипажсиз катерларнинг ҳужумларига қарши радиоэлектрон кураш олиб бориш билан шуғулланган бўлиши ҳам мумкин.

Ушбу ҳужумнинг муваффақияти Украина қуролли кучлари Қора денгиз флоти билан курашиш тактикасини такомиллаштириб бораётганини англатади, док (кемалар тузатиладиган корхона) ва причалларда (кемалар боғлаб қўйиладиган жой) ҳаракатсиз турган кемаларга зарба бериш учун қанотли ракеталардан фойдаланилмоқда, очиқ денгизда сузаётган нишонларга қарши эса — экипажсиз катерлар билан ҳужум қилинмоқда.

Бу тактика аллақачон шунга олиб келдики, Қора денгиз флотининг кўплаб кемалари базасини ўзгартириб, Севастополдан нисбатан шарқдаги Новороссийскка кўчиб ўтди.

Бу тактиканинг муваффақияти, айниқса денгиз флотида катта ҳарбий кемаларга эга бўлмаган давлат томонидан қўлланиши ҳисобга олинса, ҳарбий-денгиз кучлари келажагига таъсир кўрсатиши мумкин. Катта бўлмаган экипажсиз катерлар энг хавфли «жажжи флот»га айланади, уларга қарши самарали курашиш усуллари эса ҳали ишлаб чиқилмаган.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид