2024 йил 2–4 феврал кунлари Panorama Airways'нинг 3 мингдан ортиқ йўловчиси уйига қайтди. Бу ҳақда 5 феврал куни авиакомпания хабар берди.
“Ушбу вақт давомида сабр-тоқат ва тушуниш учун ҳар бир йўловчига алоҳида миннатдорчилигимизни билдирамиз. Биз ўз рейсларини кутаётган йўловчиларни имкон қадар тезроқ қайтиш парвозини ташкил қилиш учун барча имкониятларни ишга солмоқдамиз”, – дейилади хабарда.
Panorama Airways Мадина ва Дубай шаҳарларига парвозларни амалга оширади. Юқоридаги хабарда келтирилган 3 мингдан ортиқ йўловчи катта эҳтимол билан Мадинадан олиб келинган: сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда Умра зиёратига борган бир неча минг киши Panorama Airways рейсларни кечиктиргани сабабли Ўзбекистонга қайта олмаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Авиакомпания 2 феврал куни буни тасдиқлаб, “бир қанча кутилмаган вазиятлар туфайли” парвозлар жадвали ва компаниянинг умумий операциялари “сезиларли даражада ишдан чиққани”ни маълум қилган. Натижада янги тезкор бошқарув гуруҳи тайинланиб, парвозлар 2 февралдан бошлаб тикланган. Ташувчи бунинг учун йўловчилардан узр сўраган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган, сўзларидан Умра зиёратига юборувчи турфирма вакили экани англашиладиган эркакнинг айтишича, муаммо самолётлар билан боғлиқ бўлган.
“Panorama компанияси эски самолётлари билан учарди. Орада нимадир бўлди, самолётларимиз техник “задержка” деб 10 кунга олиб кириб кетди. Биз Panorama'га одамларнинг боришига ҳам, қайтишига ҳам тўлов қилганмиз. Бу ерда ҳеч қанақа бизнинг [бир нечта турфирмаларнинг – таҳр.] айбимиз йўқ. У ерда 4 мингта одам бор. Шунча одамга 500 доллардан чипта ҳисобласангиз, 200 минг доллар бўлади (аниқроғи, 2 млн доллар – таҳр.). 200 минг долларни Panorama'га тўлаб қўйганмиз”, – деган турфирма вакили. У бундан буён бошқа авиакомпаниялар билан ишлашларини қўшимча қилган.
2022 йилда ташкил этилган Panorama Airways Ўзбекистон шаҳарларидан Мадинага тўғридан тўғри парвозларни йўлга қўйган илк маҳаллий авиакомпания бўлганди.









