Ўзбекистон | 19:17 / 06.02.2024
9427
2 дақиқада ўқилади

Туркияга саёҳатга борувчилар маҳаллий тартиб-қоидаларни бузиш оқибатларидан огоҳлантирилди

Маҳаллий аҳоли вакиллари, айниқса аёлларни сўрамасдан суратга олгани учун ушланиб, изоляторда сақланаётганлар ҳам бор.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмаслиги ҳақида огоҳлантирди.

«Орамизда чет элга вақтинчалик яшашга ёки саёҳат учун чиққандан кейин диққатга сазовор жойларда суратга тушишни истамайдиган одам бўлмаса керак. Аммо бу билан чекланмайдиган қизиқувчан сайёҳларимиз хам учраб туради. 

Борган мамлакати муҳитининг суратларда яхшироқ акс этиши учун кўп нарсаларни объектив орқали муҳрлашга ҳаракат қилиб, баъзида жарима ёки жазога тортилиши ҳам мумкин. 

Ҳар бир мамлакатнинг суратга олиш-олмаслик борасида ўз тартиб-қоидалари бор. Масалан, Туркияда маҳаллий аҳолини сўрамасдан суратга олиш ва уни тарқатиш қатъиян ман қилинади. Айниқса маҳаллий аёлларни суратга олиш мумкин эмас. Бу шахсий ҳаётга тажовуз деб ҳисобланади. 

Ушбу қонунни бузганлик учун озодликдан маҳрум қилиниш мумкин. Афсуски, фуқароларимиз орасида ҳам мазкур қонунни бузиб, Истанбулнинг Малтепе туманидаги жазони ижро этиш муассасасида сақланаётганлар ҳам йўқ эмас», дейилган хабарда.

Ҳозирда Бош консулхона шундай фуқароларни озод этиб, уларни ватанга қайтариш учун керакли ишларни олиб бораётгани қайд этилган. 

Мамлакат фуқароларидан бирор давлатга ташриф буюришдан аввал у ердаги қонун-қоидалар билан танишиб чиқиш сўралган.

Мавзуга оид