Жаҳон | 23:36 / 07.02.2024
10402
2 дақиқада ўқилади

Исроил ҲАМАС томонидан гаровга олинганларнинг 31 нафари ҳалок бўлганини тасдиқлади

Гаровда яна 80 нафар исроиллик қолгани тахмин қилинмоқда. 

Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) ҲАМАС асирлигида қолган 136 кишидан 31 нафари ҳалок бўлганини тасдиқлади. Бу ҳақда ЦАҲАЛ спикери Даниэл Ҳагарий маълумот берди. 

Бир кун аввал The New York Times Исроил разведкасига таяниб, гаровга олинган 32 нафар исроилликнинг ўлими ҳақида ёзган эди. Уларнинг 30 нафари 7 октябрда бошланган ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги уруш пайтида, 2 нафари эса 2014 йилда, аввалги можаро пайтида ҳалок бўлган ва шундан бери уларнинг жасади Ғазо секторида сақланмоқда. 

Ҳагарийнинг аниқлик киритишича, ҳозиргача гаровга олинган 29 нафар исроиллик ва 2014 йилда ўғирлаб кетилган икки аскар ўлими тасдиқланган, уларнинг оиласи бундан хабардор қилинган. 

Исроил разведкасининг ҳали тасдиқланмаган маълумотларига кўра, ҲАМАС асирлигида яна камида 20 нафар исроиллик ўлдирилган бўлиши мумкин. Шу тариқа, тирик қолганлар 80 га яқин экани тахмин қилинмоқда. 

Миср расмийларига кўра, ҲАМАС вакиллари гаровга олинганларнинг қанчаси ўлганини билмаслигини айтган. Бундан ташқари, улар гаровдагилар Исроил ҳаво зарбалари оқибатида ҳалок бўлганини таъкидламоқда. 

7 октябр куни ҲАМАС ҳаракати Исроилга ҳужуми пайтида 240 нафардан ортиқ одамни гаровга олган эди. 2023 йил ноябр ойи охирида Исроил ва ҲАМАС вақтинчалик ўт очишни тўхтатишга келишди ва маҳбуслар билан гаровдагиларни алмашишди. Битимга кўра, 300 нафардан ортиқ фаластинлик Исроил қамоқхоналаридан қўйиб юборилди. ҲАМАС эса гаровдаги 105 нафар исроилликни озод қилди. 1 декабр куни Ғазо секторида жанглар қайта бошланди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид