Унда таъкидланишича, бугунги кунда дунё барқарор ривожланишга тўсиқ бўлаётган сиёсий зиддиятларнинг кучайиши, иқлим ўзгариши, табиий ва инсон ресурсларининг танқислиги, кибертаҳдидлар каби глобал муаммолар билан тўқнаш келмоқда.
“2030 йилга қадар 5 йил: Барқарор келажак учун хизмат кўрсатиш жараёнларини жадаллаштириш” мавзусида ўтказилаётган мазкур халқаро анжуман глобал тараққиётда муҳим ўрин тутадиган давлат бошқаруви ва давлат хизмати тизимини такомиллаштириш, уни замон билан ҳамнафас ҳолда янги босқичга кўтариш, кадрлар салоҳияти ва уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш, бу борада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Мазкур тадбирда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар, дунёнинг турли қитъа ва минтақа давлатларидан келган 400 га яқин делегатлар иштирок этаётгани ҳам ушбу анъанавий анжуманнинг мақоми тобора ортиб бораётганини яққол кўрсатади.
Қайд этилишича, бугунги кунда давлат бошқарувида рақамли трансформацияни рағбатлантириш, давлат хизматларини кўрсатишнинг инновацион ечимларини қўллаш, давлат сектори институтларида самарадорликни кескин ошириш, лидерлик бошқарув услубини ривожлантириш, узлуксиз таълим олишни кенгайтириш ва бўлажак раҳбарлар учун зарур кўникмаларни белгилаш бўйича илғор тажриба алмашиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамиятга эгадир.
"Дунёга тобора очилаётган, жадал ислоҳотлар йўлидан бораётган ва илғор халқаро тажрибани кенг татбиқ этаётган, “давлат – халқ учун” тамойилига қатъий амал қилиб келаётган Янги Ўзбекистон давлат хизмати соҳасида глобал ўзгаришларнинг ажралмас бир қисмига айланаётганини алоҳида таъкидлашни истар эдим.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат хизматини чинакамига инклюзив халқ хизматига айлантириш бўйича тизимли ислоҳотларни олиб бормоқдамиз. Жумладан, халқаро экспертлар билан биргаликда “Давлат фуқаролик хизмати” тўғрисидаги қонун тайёрланди", деди президент.
Ислоҳотларнинг ҳар бир хонадонга қадар кириб бориши учун “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилди, манзилли кўмак ва ижтимоий ҳимоя институти кучайтирилди, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга етиб, мамлакат бу борада минтақада етакчи ўринни эгаллади. 700 дан зиёд давлат хизматлари “ягона дарча” тамойили асосида онлайн платформалар орқали амалга оширилмоқда.
Давлат хизмати ва бошқаруви жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш натижасида Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг электрон ҳукуматлар ривожланиш даражаси бўйича глобал рейтингида 24 поғонага, Сунъий интеллектга тайёрлик бўйича халқаро индексда сўнгги бир йил ичида 17 поғонага кўтарилди.















