Ўзбекистон | 14:42 / 10.02.2024
6593
5 дақиқада ўқилади

Андижонда “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари ижросида молиявий хатоларга йўл қўйилган – Сенат 

Сенат ялпи мажлисида Андижон ва Тошкент вилоятларидаги дастурлар ижроси муҳокама қилинди. Ўрганишларда ушбу вилоятларда дастурлар ижроси бўйича қатор натижаларга эришиш билан бирга камчиликларга ҳам йўл қўйилгани аниқланган.

Фото: senat.uz

Сенат ялпи мажлисида Андижон ва Тошкент вилоятлари ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.

Андижон вилояти

Вилоятда инвестиция дастурлари доирасида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 641,8 млн долларлик 432 та лойиҳа ишга туширилган. Натижаси 30 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилган.

Иқтисодий фаолликнинг ошиши натижасида 4,2 мингта янги кичик тадбиркорлик субъекти ташкил этилган. Бугунги кунда фаолият кўрсатаётган субъектлар сони 24,4 мингга етган. Ҳудудий бандлик дастури доирасида 532 минг нафар фуқаронинг доимий ва мавсумий ишларда бандлиги таъминланган.

Ўрганиш давомида айрим камчиликлар ва муаммолар ҳам мавжудлиги аниқланган. Жумладан, ҳудудий бандлик дастури ижроси доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасида доимий бандликни таъминлаш бўйича прогноз кўрсаткичлари ижроси таъминланмаган. Жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида доимий иш ўринларини яратиш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичи атиги 45 фоизга, жамоат ишларига жалб қилиш орқали фуқароларнинг бандлигини таъминлаш дастури ижроси эса атиги 40 фоизга бажарилган.

Қайд этилишича, вилоятда молиявий назорат тадбирларида “Аёллар дафтари”даги хотин-қизларга ажратилган маблағлар ҳисобидан 132 та ҳолатда 676,5 млн сўмлик ҳамда “Ёшлар дафтари” жамғармасидан 36 та ҳолатда 453,6 млн сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилгани аниқланган.

Жумладан, Избоскан туманида жамғарма маблағлари ҳисобидан 62 нафар фуқарога берилиши керак бўлган 36,9 млн сўм моддий ёрдам Халқ банки туман филиали ғазначиси томонидан бошқа мақсадларда сарфлаб юборилган. Ёшлар ишлари агентлигининг Хонобод шаҳар бўлими раҳбари томонидан эса 28 нафар ёшни асоссиз равишда “Ёшлар дафтари” платформасига киритиб, даволанишга муҳтож деб ҳужжат расмийлаштирилган ва улар номидаги пластик карталарга ўтказиб берилган 357,2 млн сўм нақдлаштирилиб, бошқа мақсадларга сарфланган

2023 йилда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларининг ижроси молиявий назоратдан ўтказилганда 43 та ҳолатда 1,9 млрд сўмга яқин хато ва камчиликларга йўл қўйилгани аниқланган.

Хусусан, 3 та ҳолатда етказиб берилмаган 800 млн сўмлик жиҳозлар учун тўловлар амалга оширилган, 21 та ҳолатда лойиҳа-смета ҳужжатларига 483,2 млн сўмлик иш ҳажми ортиқча киритилган, 11 та ҳолатда лойиҳа-смета ҳужжатларида кўрсатилган 581,8 млн сўмлик ишлар бажарилмаган.

Тошкент вилояти

Вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 5 фоизга ёки 107,9 трлн сўмга ошган ва аҳоли жон бошига ЯҲМ 35,7 млн сўмни ташкил этган.

Инвестиция дастурлари доирасида 2023 йилнинг 1 декабр ҳолатига 958 млн долларлик 763 та лойиҳа ишга туширилиб, 23 296 та янги иш ўрни яратилган.

Маълум қилинишича, вилоятнинг айрим туман (шаҳар)ларида фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектлари сони ошган. Ушбу кўрсаткич Паркент туманида 874 та, Ўрта Чирчиқ туманида 143 та, Бекобод шаҳрида 461 та, Пискентда 542 та ва Қуйи Чирчиқда 483 тани ташкил этган.

Вилоятда тадбиркорлик субъектлари ўртасида эркин рақобат муҳитини таъминлаш ишлари ўрганилганида назорат органлари томонидан ўтказилган текширишларда 58 та қонунбузилиши ҳолати, шундан 21 тасида ноқонуний текшириш ва 37 тасида текшириш ўтказиш тартибини бузиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган. Уларнинг 13 таси Ўсимликлар карантини агентлиги, 11 таси вилоят солиқ бошқармаси, 10 таси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ва 8 таси қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси ходимлари томонидан содир этилган.

Вилоятда тадбиркорлар томонидан келиб тушган мурожаатларнинг 126 тасида уни кўриб чиқиш муддати бузилган. Жумладан, Янгийўл туманида 21 та, Тошкент туманида 16 та ва Чирчиқ шаҳрида 11 та ҳолатда тадбиркорларнинг мурожаатлари кўриб чиқилишида қонунбузилишга йўл қўйилган.

Ўрганиш натижалари бўйича ҳар икки вилоятда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг самарали ижро этилишини таъминлаш юзасидан “Йўл харитаси” тайёрланган. 

Мавзуга оид