Трамп Путин билан илиқ муносабатда эканидан келиб чиқсак, Зеленский айнан АҚШга сафари чоғида Путиннинг қароргоҳига ҳужум қилишдек провокацион ҳаракатга рухсат ё буйруқ бергани мантиққа тўғри келмайди, дейди сиёсатшунос Фарҳод Толипов. Камолиддин Раббимовга кўра, ҳеч қанақа далил кўрсатилмагани туфайли Россия ўзи учун баҳона тайёрлаб қўйгани ҳақидаги версия ўртага чиқмоқда.

Украина президентининг АҚШга сафарига фонида, Россия томони жиддий айблов билан чиқди: гўёки украинлар 91 та дрон билан Путиннинг Валдайдаги қароргоҳига ҳужум қилган. Москва буни “давлат терроризми” деб атади, лекин далиллар тақдим этмади. Киев эса бу гапларни мутлақо рад этмоқда.

Kun.uz бу борадаги саволлар билан сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимовга юзланди.

“Агар ҳужум ҳақиқатан рўй берган бўлса, уни исботлаш қийин эмасди”

Камолиддин Раббимов:

— Россия томони Украина Владимир Путиннинг Валдайдаги қароргоҳига ҳужум уюштиргани ҳақида баёнот берди, бироқ ҳозирга қадар ушбу ҳужумни тасдиқловчи аниқ далиллар, етказилган зарар ёки жабрланганлар ҳақида ишончли маълумотлар тақдим этилмади. Мазкур баёнотлар АҚШда Доналд Трамп ва Украина президенти Володимир Зеленский ўртасида тинчлик музокаралари бўлиб ўтаётган бир пайтга тўғри келди.

Россия Украинани уруш бошидан бери амал қилиб келинаётган норасмий “ўйин қоидалари”ни бузишда айблашга уринмоқда. Гап 2022 йил февралида, бир қатор давлатлар воситачилигида келишилган тамойиллар – яъни президент қароргоҳлари, марказий давлат институтлари ва олий ҳокимият объектларига ҳужум қилмаслик масаласи ҳақида кетмоқда. Шу вақтгача уруш асосан чегара ҳудудлари ҳамда стратегик инфратузилма объектларига зарбалар бериш орқали олиб борилган. Украина Россиянинг нефт заводлари ва бошқа стратегик инфратузилма объектларига ҳужумлар уюштирган бўлса, Россия ҳам жавобан Украинанинг энергетика ва муҳим саноат иншоотларига кенг кўламли зарбалар берди. Бироқ Москва энди вазиятни янги босқичга олиб чиқишга уриниб, Украинани эскалацияни юқори даражага кўтарганликда айбламоқда.

Хусусан, Россия томони Украинани 90 дан ортиқ дрон ёрдамида Путиннинг Валдайдаги қароргоҳига ҳужум қилганликда айблади. Шунга қарамай, Россия жамоатчиликка, халқаро ҳамжамиятга ва оммавий ахборот воситаларига мазкур ҳужумни тасдиқловчи инкор этиб бўлмайдиган далилларни тақдим этмади. Шу сабабли табиий савол туғилади: нега Россия бундай ахборот кампаниясини айнан ҳозир бошлаб юборди?