Жаҳон | 23:22 / 14.02.2024
13405
4 дақиқада ўқилади

Украина таслим бўлмайди, биз ҳам таслим бўлмаймиз — Пентагон раҳбари

АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остиннинг таъкидлашича, Ғарб иттифоқчилари ва ҳамкорлари Украинани қўллаб-қувватлашда қўрқмасдан қатъий давом этади. 

Фото: The New York Times

Пентагон раҳбари бу ҳақда виртуал форматда ўтаётган Украина мудофааси бўйича (Раммштайн-19) алоқа гуруҳи йиғилиши аввалида айтди. Остин йиғилишда бутун дунёдан кўп сонли иттифоқчи ва ҳамкорлар иштирок этаётгани, бу коалициянинг Украинани қўллаб-қувватлашдаги қатъияти ва бирлигидан далолат эканини таъкидлади. 

«Биз чекинмаймиз», деб таъкидлади Остин ва бу ой Россиянинг тинч ва демократик Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганига икки йил тўлишини таъкидлади. 

Остин таъкидлаганидек, Россия президенти Владимир Путин адолатсиз ва асоссиз уруш бошлаш учун Украинани айблаган. 

«Аммо у бундан ортиқ хато қилмаса керак. Украина Путиннинг босқинига қарши ақл бовар қилмайдиган жасорат ва ажойиб маҳорат билан курашмоқда», деди АҚШ Мудофаа вазири. 

Унинг қўшимча қилишича, бутун дунё мамлакатлари Украина учун бирлашган. 

«Ушбу алоқа гуруҳи мамлакатларини қарийб икки йилдан кейин ҳамон ягона мақсад бирлаштириб турибди. Кремл биз ҳаммамиз Украинага қизиқишимизни йўқотамиз ва бизнинг қўллаб-қувватловимиз сўниб қолади, деб ўйлашда давом этмоқда. Лекин мен аввалгидан ҳам қатъийроқман, биламан, сиз ҳам. Ушбу алоқа гуруҳи қатъий, қўрқмас ва метин бўлиб қолаётганини биламан», деди Остин. 

У, шунингдек, Қўшма Штатлар Украина томонида эканига шубҳа қилмасликка чақирди. 

«Америка Украинани Путиннинг империалистик агрессиясига қарши принципиал курашини қўллаб-қувватлашда давом этади», деди Остин. 

Унинг фикрича, Кремл ўз хатти-ҳаракатлари туфайли ўзини-ўзи изоляция қилиш ҳолатига янада чуқурроқ ботиб бормоқда. 

Остиннинг таъкидлашича, Раммштайн форматидаги иштирокчилар жанг қилиш учун Украинага ҳарбий ёрдам юборишда давом этмоқда. 

«Бугун биз Украинанинг қисқа муддатли эҳтиёжлари, жумладан артиллерия, ракеталар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталарига бўлган эҳтиёжлари устида ишлаймиз», деди Остин. 

АҚШ Мудофаа вазири Раммштайн коалициясини ўз саъй-ҳаракатларини фаоллаштиришга чақирди. Унинг аниқлик киритишича, бу коалиция Украинанинг бўлажак кучларини Россиянинг доимий тажовузидан тийиб туриш ва ҳимоя қилиш учун пойдевор яратишга ёрдам беради. 

«Биз ўз ёрдамимизни Украинанинг қисқа ва узоқ муддатли хавфсизлик талабларига мослаштиришда давом этамиз», деди Остин. 

АҚШ Мудофаа вазирининг ишонтиришича, алоқа гуруҳи Украина ўз ютуқларини сақлаб қолиш учун зарур бўлган ҳамма нарсага эга бўлишини таъминлаш ва яқин ойларда Россия ҳарбий кучларини сиқиб чиқаришда давом этиши учун биргаликда ишлашда давом этади. 

«Украинани Путиннинг империалистик тажовузига қарши курашининг натижаси ўнлаб йиллар давомида глобал хавфсизликни белгилашга ёрдам беради», деб таъкидлади Остин. 

Унинг сўзларига кўра, Украина ҳаёт-момот курашини олиб бораётган бир пайтда бир четда қараб туриш мумкин эмас.

«Украина таслим бўлмайди, биз ҳам таслим бўлмаймиз», деди АҚШ Мудофаа вазири.

Мавзуга оид