Тасаввур қилинг, сиз ҳали боласиз, математика дарсидан берилган уй вазифаси қийинлик қиляпти. Уни тушуна олмаслик кайфиятингизга таъсир қилди ва дафтар, ручкаларингизни отиб юбордингиз.
Улғайдингиз, ундан ҳам каттароқ муаммо олдингиздан чиқди, ўзингизни қандай тутишни билмадингиз ва аламингиздан чиқиш учун чека бошладингиз.
Ёки оила аъзолари билан бўлган муаммоларни ҳал қила олмаслик, бир-бирини тушунмаслик ортидан ҳали гапиришни ҳам билмайдиган бир ярим ёшли болангизга қўл кўтардингиз.
Бу каби ҳолатларга ечим топа олмасдан ўзини йўқотиб қўйишга ҳиссий интеллектнинг пастлиги сабаб бўлиши мумкин.
Ҳиссий интеллект нима?
Ҳиссий интеллект инсоннинг ўз ҳис-туйғуларини тушуниб, улардан фойдалана олиши ва тўғри бошқара олишини англатади. Айнан шу усулда бошқалар билан яхшироқ муносабат ўрнатамиз, уларнинг ҳис-туйғуларини тушунамиз ва стрессларнинг олдини оламиз, зиддиятли вазиятлардан чиқиб кетамиз.

Ҳиссий интеллект бизга атрофдагилар билан соғлом муносабат ўрнатишга, ишда ва ўқишда муваффақият қозонишга, карьерамизни ўзимиз хоҳлаган босқичга олиб чиқишга ёрдам беради.
Ҳиссий интеллект сабаб инсон ўзини кўпроқ ва яхшироқ тушунади: нима ҳис қиляпти, нимага муҳтожлигини англайди. Тушунганлари асосида ҳисларини бошқара олади. Вазиятларда ўзини тутиб қола олади, керакли қарор чиқаради. Ўзини ўзи тушунгани учун бошқаларнинг ҳам нима ҳис қилаётганини тушунади. Ўзини ва бошқаларни тушунгани ҳисобига эса инсонда соғлом муносабат қуриш, жамоада ўзини қандай тутиш, жамоа билан ишлаш, инсонларни руҳлантириш, бошқарувчилик қобилиятлари шаклланади.

Яъни ҳаммаси бир-бирига боғлиқ тарзда ривожланади.
Шунинг учун ҳам инсондаги ҳиссий кўрсаткичнинг аҳамияти ақлий кўрсаткичникидан кам баҳоланмайди.
Болаларга ҳиссий билим керакми?
Албатта, вақтида уйга вазифани бажара олмай дафтарини улоқтириб юборган бола улғайганда муаммоли вазиятда каттароқ нарсадан воз кечиб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳам болаларга улар кичиклигидан ҳиссиётларини тушунишни ўргатиш муҳим.

















