Жаҳон | 19:40 / 17.02.2024
23861
7 дақиқада ўқилади

«Биз худди кинода яшаётгандик ва Алексей унда бош қаҳрамон эди» – Навалний ўлими ҳақида нималар дейишди?

Фото: Евгений Фельдман / «Медуза»

16 феврал куни Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалний вафот этди. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида сиёсатчини хотирлаб майдонларга чиқишди, Россия элчихоналари олдида унинг суратини кўтаришди. Машҳур инсонлар унинг ўлими ҳақида ўз фикрларини билдиришди.

Жо Байден. АҚШ президенти

Менга Алексей Навалний вафот этганини хабар қилишди. Бир томондан ажабланганим йўқ, иккинчи томондан бу хабарни жаҳл билан қабул қилдим. У коррупция ва Путин режимига қарши мардларча курашди. Бунга жавобан Путин уни заҳарлади, сохта иш очиб қаматди ва уни изоляция қилишга уринди.

У қамоқда бўлса ҳам ҳақиқатнинг баланд овозларидан бири бўлиб қолаверди. Биринчи суиқасддан кейин хорижда қолиши мумкин эди, аммо Россияга қайтди. Ватанига ва Россияга қаттиқ ишонди.

Навалнийнинг ўлими учун масъулият Путиннинг гарданида. У нафақат Украинада бўлгани каби бошқа давлат фуқароларига, балки ўз давлатидаги одамларга ҳам ҳужум қилади. Навалний билан бўлган ҳолат Путиннинг қанчалик аёвсизлигидан далолат.

Володимир Зеленский. Украина президенти

Ҳозиргина Россия қамоқхонасида Алексей Навалний вафот этгани маълум бўлди. Шубҳасиз, у Путин томонидан ўлдирилди. Худди минглаб ушбу мавжудот сабаб эзилган бошқа одамлар каби. Путинга ким ўлишининг фарқи йўқ, у учун асосийси ўз ўрнини сақлаб қолиш. Путин мағлуб бўлиши, ҳамма нарсасидан айрилиши ва қилган ишлари учун жавоб бериши керак.

Эммануэл Макрон. Франция президенти

Бугунги Россияда эркинлик руҳидаги инсонлар гулагга юборилади ва ўлимга ҳукм қилинади. Алексей Навалний ўлими муносабати билан ҳамдардлик билдираман, унинг мардлиги ва ватанига содиқлигига тан бераман. Хаёлим унинг оиласи ва рус халқи билан.

Риши Сунак. Британия бош вазири

Бу даҳшатли хабар, рус халқи учун катта фожиа. Алексей Навалний бутун ҳаёти давомида Россия демократиясининг асосий ҳимоячисига айланди ва ақл бовар қилмас мардлик кўрсатди. Хаёлларим бу оғир дард билан яшашига тўғри келадиган Навалнийнинг аёли ва рус халқи билан.

Европа комиссияси етакчилари Урсула фон дер Ляйен ва Жозеф Боррел баёноти

Биз Россиядан Навалнийнинг хавфсизлигини таъминлашни кўп марта талаб қилдик. Унга нисбатан қамоқхона маъмурияти томонидан амалга оширилган руҳий ва жисмоний босим бас қилинишини талаб қилиб келдик. Уни президент Путин ва унинг режими аста-секинлик билан ўлдирди. Улар учун ўзгача фикрлайдиган одамдан кўрқинчлироқ ҳеч ким йўқ.

Россия ҳукумати ва сиёсий раҳбариятини жавобгарликка тортиш учун қўлимиздан келган ҳамма ишни қиламиз. Россия ҳукуматидан Навалний ўлими билан боғлиқ барча деталларга ойдинлик киритиши, қолган сиёсий маҳбусларни эса тезда озод қилишни талаб этамиз.

Али Каримли. Озарбойжон Миллий фронти партияси етакчиси

Мухолифатчи Алексей Навалнийнинг ўлдирилиши Россия тарихидаги энг шармандали саҳифалардан бири. У қатъиятли инсон ва ажойиб сиёсатчи эди. Россия режими уни душман деб қабул қилди, ўз ички қарорини қабул қилди-да, халқи ва дунё жамоатчилиги ўртасидаги кўприкни ёқиб юборди. Улар ҳукуматдаги охирги кунларигача қатағонни давом эттириб, санкциялар остида яшашади.

Дмитрий Муратов. Тинчлик бўйича Нобел мукофоти соҳиби

Бу даҳшатли хабар. Тромб (агар чиндан шундай бўлса) 27 марталаб жарима изоляторига жойлаштириш оқибатидир. Изолятор (СИЗО) яшай бўлмайдиган шароит, еб бўлмайдиган овқат, ҳаво етишмайдиган ва доим совуқ жой. Уч йил давомида уни қийнаб келишди. Навалнийнинг шифокори инсон танаси бундай нарсаларни кўтара олмаслигини айтганди. Навалнийнинг жазо муддатига суиқасдни ҳам қўшишди...

Борис Надеждин. Россия президентлигига номзоди ўтмаган сиёсатчи

Хабар ёлғонлигига ҳамон умид қиляпман. Алексей Навалний Россиядаги мен билган энг қатъиятли инсонлардан бири эди.

Навалнийнинг ўлими ҳақида у кўп марта танқид қилган россиялик бошқа мухолифатчи Максим Кац таъсирли некролог эълон қилди.

Бугун Алексей Навалний ўлди. У Россия сиёсати учун уникал инсон эди ва Путин режимини демонтаж қилиш учун ҳеч қандай хавфдан қўрқмай курашди. У фақат қонуний сиёсат билан шуғулланди ва ҳеч кимни отишга чорламади. Аммо у аёвсиз курашган рақиби ҳеч иккиланмай отиши, бу ишни одатда орқаваротдан амалга оширишини жуда яхши биларди ҳам.

Бу рақиб билан у белгилаган қандайдир «қизил чизиқлар» билан курашиш белгиланган, аммо Алексей буларнинг ҳеч бирини қабул қилмасди. У фақат ўзининг инсоний қоидаларига бўйсунарди холос. Алексей 24 йил давомида Путин даврида сиёсат билан шуғулланди. 2013 йил Москва мэри бўлишига сал қолди. 2018 йил эса президентликка номзод бўлди, аммо уни сайловга қўйишмади. 2021 йил уни ўлдирмоқчи бўлишди ва кейин қамоққа тиқишди. Мана, 2024 йилда у ўлди.

Алексей у ҳақида ишланган ва «Оскар» олган филмида агар уни ўлдирадиган бўлишса, асло таслим бўлмаслик кераклигини айтганди. Худди ўлими ҳақида баёнотни олдиндан тайёрлаб қўйгандек. Ҳа, у мана шундай инсон эди.

Навалний заҳарланганидан кейин ҳам, бир йил давомида жарима изоляторидаги даҳшатли шароитда қолганида ҳам одамларни руҳлантиришда, ҳазиллашишда давом этди. Охирги дамларини ўтказган, одатда рецидивистлар ва энг оғир жиноятлар содир этганлар сақланадиган Полярний томондаги қамоқхонада ҳам бу ишини давом эттирди.

У тўлалигича эркинликка эришганди. Унинг қарорларига қўшилмасанг ҳам охиригача боришини билиб турардинг киши. У мухолифат етакчиси эди. Уни нимагадир кўндиришга уринишар, лекин охир-оқибат қарорни мустақил қабул қилиб, одамларни эргашишга чорлар ва одамлар эргашарди ҳам.

Навалний худди биз билан доим қоладигандек эди. Уни «Новичок» билан заҳарлашади, қамоққа тиқишади, жамоаси аъзолари, адвокатларини таъқиб қилишади. Аммо у твиттерга кириб ҳазиллашишда давом этади.

Баъзан биз худди Ҳолливуд филмида яшаётган, Навалний эса ундаги бош қаҳрамондек кўринар, йўл охирида эса у озодликка чиқиб Россия президенти курсисини эгаллайдигандек туюларди. Ҳозир ҳам худди унинг ўлими ҳақидаги хабар ёлғон бўлиб чиқадигандек. У яна ўз ўлими ҳақида хабарни ҳам ҳазилга бурадигандек.

Ҳа, у бизни ўз ҳаракатлари билан мана шундай яшашга ўргатди. Аммо... у ўлди, энди орамизда йўқ. Мен эса некролог ёздим. Бунга ҳамон ишонолмаяпман, менимча, сиз ҳам...

Мавзуга оид