Марказий банк интернетда тарқалган 400 минг сўмлик банкнотлар фейк эканини маълум қилди
Регуляторнинг маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган 400 000 сўм номиналдаги банкнотлар ҳеч қандай қонуний асосларга эга эмас. Интернетда 100 000 сўмлик банкнотлар 400 000 рақамига ўзгартирилиб тарқатилмоқда.
Марказий банк ижтимоий тармоқларда 100 000 сўмлик банкнотнинг номинали кўрсатилган рақамлари 400 000 рақамига ўзгартирилган ҳолатидаги расмлари тарқалаётгани юзасидан расмий баёнот берди.
Регуляторга кўра, «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 39-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси пул белгиларининг номинал қиймати Марказий банк томонидан белгиланади.
Таъкидланишича, мазкур қонуннинг 40-моддасига мувофиқ, Марказий банк Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний тўлов воситаси сифатида пул белгиларини муомалага чиқаришда мутлақ ҳуқуққа эга бўлиб, янги намуналардаги пул белгилари муомалага чиқарилиши тўғрисидаги хабар, шунингдек, уларнинг тавсифлари Марказий банк томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
«Шунга кўра, айрим ижтимоий тармоқларда тарқалаётган 400 000 сўм номиналдаги банкнотлар ҳеч қандай қонуний асосларга эга эмаслиги ва фуқароларимиз бундай ёлғон хабарларга алданиб қолмаслигини сўраймиз», дейилади расмий хабарда.
Аввалроқ, Навоийда катта миқдорда қалбаки пул ишлаб чиқарган шахслар ушлангани маълум қилинганди. Шунингдек, Тошкентда қалбаки 200 минг сўмлик банкнотларни сотишга уринган шахс, 2023 йил бошида эса Жиззах, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида қалбаки пулларни тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ ушланганди.
Эслатиб ўтамиз, охирги марта Марказий банк томонидан 1000 сўмлик тангалар муомалага чиқарилган. 2022 йилнинг 15 июлидан Ўзбекистонда 200 минг сўмлик банкнот муомалага чиқарилганди.
2021 йилнинг 21 декабридан бошлаб эса янги кўринишдаги номинал қиймати 50 минг сўм ва 100 минг сўм бўлган банкнот шаклида пул белгилари муомалага чиқарилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, қалбаки пул, аксиз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Мавзуга оид
14:02 / 20.12.2024
Чет эл валютасидаги операцияларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби белгиланди
19:16 / 12.12.2024
“Эски намунадаги 100 долларлик купюраларни айирбошлашда чекловлар йўқ” – Марказий банк
13:16 / 12.12.2024
Марказий банк асосий ставкани 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
17:52 / 11.12.2024