Ўзбекистон | 20:51 / 19.02.2024
14466
18 дақиқада ўқилади

Чобаҳор порти: Стратегик йўналишни ишга тушириш жараёни қандай кетяпти?

Ўзбекистонни дунё билан боғловчи савдо йўлларини очишда Эроннинг Чобаҳор порти алоҳида аҳамиятга эга. Kun.uz бу мавзуни яхшироқ очиб бериш учун Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Раҳматулло Хўрмолий ва эксперт Наргиза Умаровани суҳбатга таклиф этди.

— Чобаҳор портидан Ўзбекистон қандай фойдаланади ва истиқболлари қандай? Ҳал қилиниши керак бўлган масалаларга ҳам тўхталиб ўтсангиз.

Раҳматулло Хўрмолий: — Чобаҳор портини ривожлантириш ва аҳамиятга эга бўлган ушбу портнинг минтақавий ва бутун дунё товар алмашинувлари ҳамда шарқ-ғарб ва шимоли-жануб таъминот занжирларидаги аҳамияти Эрон Ислом Республикасининг муҳим устувор йўналишларидан биридир. Ҳамкор ва дўст давлатлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси билан муштарак манфаатларни ошириш доирасида стратегик шериклик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласи бизнинг кун тартибимиздан ўрин олган муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Эрон Ислом Республикасининг тарихан яхши географик транзит ҳудудида жойлашганлиги, транзит борасида бошқа давлатларга нисбатан кўпроқ афзалликларга эга эканлиги ва ушбу афзалликлардан максимал даражада фойдаланишга интилишини ҳисобга олиб, шунингдек, икки асосий вақт, транзит нархлари ва таърифларни оптималлаштириш орқали рақобат устунлигини таъминлаш ёндашувларидан келиб чиқиб, Эрон Ислом Республикаси унинг ҳудуди ва объектларидан фойдаланиш борасида Ўзбекистон Республикаси билан ҳар қандай шериклик ва ҳамкорликни мамнуният билан қабул қилади. Тахминан икки йил аввал томонлар ўртасида Чобаҳор портидан фойдаланиш бўйича ўзаро Англашув меморандуми имзоланган эди.

Шу ўринда Эрон, Ҳиндистон ва Афғонистон ўртасида транзит соҳасида Чобаҳор порти тўғрисидаги битим имзоланганини алоҳида таъкидламоқчиман. Биз ҳатто Ўзбекистон ҳукумати Марказий Осиёдаги муҳим давлат сифатида бу келишувга қўшилиши керак, деган таклифни ҳам илгари сурдик. Чобаҳор порти “Шимол-Жануб” коридорининг муҳим нуқтаси бўлиб, бу борада 2012-йилда Уммон, Қатар, Эрон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасида Ашхобод шартномаси имзоланган. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ҳам ушбу шартномага қўшилиб, аъзо бўлиши мумкин.

Икки нарсани таъкидлаб ўтмоқчиман, ҳозирда Чобаҳор портидан Зоҳидан ва ундан кейин Эроннинг Сархс шаҳрига темирйўл алоқаси амалга оширилмоқда. Худо хоҳласа, ақлли ва тўғри фикр билан Ўзбекистонни ушбу темирйўлдан фойдаланишга таклиф қиламиз.

Умид қиламизки, яқин келажакда Чобаҳор океан портига айланади. Ўзбекистонликлар учун, айниқса, логистика ва транзит соҳасига сармоя киритиш имконияти мавжуд бўлади. Умид қиламизки, қўшма корхоналар тузилиб, ўзбекистонликлар бу имкониятдан фойдаланадилар.

Биз ушбу алоқаларнинг ўзаро шартномалар тузиш даражасига етишига ишонамиз. Ҳатто сиз ва эксперт Наргиза хонимга Чобаҳор порти, Аббос порти ва Эроннинг шимолий портларини яқиндан кўришни таклиф қиламан. Ва Эроннинг имкониятлари ҳақида кўпроқ билиб олишингиз мумкин.

Наргиза Умарова: — Бугунги кунда Чобаҳор порти салоҳиятидан фойдаланиш Ўзбекистон учун устувор масалалардан бири. Бу порт нисбатан ёш порт, умуман, Эрон транзитидан фойдаланиш эса 90-йиллардан бошланган эди. Эронга Туркманистон орқали олиб борувчи темирйўл ҳам 1996 йилда тушган. Лекин у вақтда биз кўпроқ Бандар Аббос портидан фойдаланардик. Охирги 10-15 йилда Чобаҳор порти имкониятларини ошириш бўйича Ҳиндистон билан ишлар олиб борди Эрон. Ашхобод келишуви ҳам бор 2011 йилдаги, бу келишув Ўзбекистон учун уникал эди, чунки Эрон орқали денгиз йўлларига чиқиш имконига эга бўлдик. Фақатгина Эрон эмас, Форс кўрфазига чиқиш ҳам кўзда тутилган эди, бу эса бутун Европага, дунё бозорига чиқиш бўлади. 2021 йилда Ўзбекистон ва Туркманистон комиссиялари иш бошлаганда Ашхобод келишуви бўйича транспорт коридорини қайта тиклашни масала қилиб қўйгандик. Энди бу транспорт коридори Чобаҳорга олиб чиқиши мумкин. Илгари Чобаҳорга замонавий темирйўл бормасди, лекин бундай темирйўл деярли қуриб битказилди бугунги кунда. Тўғри темирйўл орқали портга чиқиш катта имкониятлар яратади, биз учун асосий масалалардан бири ҳам айнан транспорт харажатларини қисқартириш.

— Ҳозир фақатгина темирйўл битиши қолдими ёки бошқа масалалар ҳам борми?

Раҳматулло Хўрмолий: — Тўғри айтасиз, яъни шу Ашхобод келишувини янада кучайтириш керак бўлади. Ҳамда бу ерда яна бир муҳим нарса Чобаҳордан Зоҳидонга темирйўл қурилиши ҳали тугамади. Қурилиш ҳали ҳам жараёнда. Менинг фикримча, 2025 йилгача ишлар якунланади.

Эрон ҳукумати Наргиза хоним тилга олган темирйўллар масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Худо хоҳласа бу масала ҳукумат кун тартибида. Чобаҳор ва Сархс ўртасидаги мавжуд линиялардан бири қуриб битказилади. Бу орқали темирйўл нархлари камаяди.

Наргиза хоним тилга олган кейинги масала Ашхобод келишуви эди. Ҳа, 2011 ва 2012 йилларда бир қанча давлатлар ҳукуматлари ўртасида бу келишув тасдиқланди. Ва бу масала биз учун жуда муҳимдир. Лекин бу Ўзбекистон давлатидан Туркманистон ва Эрон билан уч томонлама учрашувлар ўтказишни талаб қилади.

Наргиза Умарова: — Чобаҳорнинг ютуғи шуки, Ҳинд океанига тўғридан-тўғри чиқувчи порт бу. Бундан ташқари, портга яқин масофада Покистоннинг Гвадар порти жойлашган бўлиб, бу икки порт ўртасида соғлом рақобат кетяпти, Ўзбекистон шу портга ҳам чиқиши мумкин. Бизга фақат Чобаҳор ва Бандар Аббос порти эмас, бошқа муқобил вариантлар ҳам очиляпти.

— Фақатгина вақт масаласи турибди, бошқа бир реал тўсиқ йўқ – шундай десак бўладими?

Раҳматулло Хўрмолий: — Наргиза хоним айтганларидек сизда Гвадар порти варианти ва 1993 йилдан бери ишлаб келаётган Бандар Аббос варианти бор. Шунингдек ёш порт сифатида Чобаҳор порти ҳам мавжуддир.

Бу ерда иккита масала бор. Биринчи масала ҳозирда Покистонга Афғонистон орқали киришингиз керак эди. Лекин ҳозирги пайтдаги Афғонистоннинг шароити барчага аён. Лекин Эрон Ислом Республикаси сиз учун ҳақиқатан ҳам барқарор мамлакат ва муҳим жиҳат шундаки, сиз Форс кўрфази минтақасига камроқ харажат ва вақт билан кирасиз.

(Мухбирнинг хавфсизлик масаласи ҳақидаги саволига жавобан:) Биз Эронда тўлиқ хавфсизликка эгамиз. Шу сабабли Сархес ҳудудидан бемалол кириб, Бандар Аббосга киришингиз мумкин. Сархес вилоятига автомобил ва темирйўл орқали кириб, Чобаҳорга етиб боришингиз мумкин. Араб мамлакатларига боришингиз мумкин. Форс кўрфазидаги давлатларига ҳам бемалол чиқишингиз мумкин.

Наргиза Умарова: — Ўзбекистоннинг ўзи ҳам халқаро коридорларни ривожлантираётганда ўзининг транзит мамлакатга айланишни ҳисобга олади. Биз минтақамиз марказидамиз, бу эса транзит имкониятини оширади. Биз Эрон билан транспорт коридорини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилаётганимиз учун қўшниларимиз ҳам биз орқали Эронга чиқишни ўйлаяпти ва таклиф қиляпти, масалан Қирғизистон. Яъни умуман, бу транспорт коридори қўшниларимиз фойдасига ҳам бўлади.

— Ўзбекистондан Туркияга Эрондан бориш қулай, лекин бу транскавказ йўлидан қимматроқ эканини айтишади. Эрон томони юк ташувчилар учун тарифларни қайта кўриб чиқиши мумкинми?

Раҳматулло Хўрмолий: — Эрон Ислом Республикаси ҳамиша сиз айтиб ўтган тўловларни камайтириш учун биргаликда ва ўзаро ҳаракат қилишга интилади. Ва бу айниқса темирйўл ва автомобил йўллари соҳасидаги стратегик ва кенг қамровли ишдир.

Юк машиналарининг ҳаракатини осонлаштириш биргаликда иш ва биргаликда ҳаракат қилишни талаб қилади. 2023 йил июн ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Теҳронга ташрифи чоғида Эрон ва Ўзбекистон ўртасида транспорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланган эди. Наргиза хоним бу масалани ҳам тилга олди. Бизнинг саъй-ҳаракатларимиз Эронни бошқа давлатлар учун транзит борасида дўст ва қулай давлат сифатида ривожлантиришдир. Шунинг учун тарифларни қайта кўриб чиқишимиз ва биргаликда чора кўришимиз керак.

Жорий ҳафтада Ўзбекистон делегацияси Эрон транспорт идоралари билан музокаралар олиб бориш учун Теҳронда ҳозир бўлиб, қўшма қўмита тузилиб, ҳужжатлар алмашилди, унинг мақсади ушбу харажатларни ўзаро қисқартиришдир.

Бу борада асосий масала бу – харажатлар масаласидир. Эрон юк машиналари Ўзбекистонга келиб, Эрон машинаси учун 400 доллар олади. Бир марта кириб-чиқиши учун жами 800 доллар олишади. Эронда ёқилғи жуда арзон, тахминан 4 цент. Лекин Ўзбекистонда қанча туради? Тахминан 1 доллардан камроқ. Яъни транзит пули ёқилғи нархига ҳам боғлиқдир.

400 долларни олиб ташласангиз, биз ҳам бу 400 долларни олиб ташлашга тайёрмиз.

Трансафғон коридорининг Эронга чиқувчи йўналиши бугун кун тартибига қайтяптими?

Наргиза Умарова: — Буни кун тартибидан тушириш керак эмас, гарчи асосий эътибор Покистонга чиқувчи Трансафғон темирйўлига бўлса ҳам. Эронга чиқувчи Трансафғон темирйўли Туркманистон орқали чиқувчи йўл билан бир хил вақтда ишлаб чиқилган эди, лекин Афғонистондаги сиёсий беқарорликлар сабаб бу лойиҳани амалга ошириш мураккаблашди. Лекин Эрон томони ўзига юкланган Ҳиротгача бўлган темирйўлни қуриб битказди, Ўзбекистон эса маълум сабабларга кўра лойиҳани тўхтатиб турибди. Афғонистонда Эрон томонидан қурилган темирйўл орқали энди улар ҳам Чобаҳор портига чиқиши мумкин, Афғонистон матбуоти ҳам бу ҳақида гапиряпти.

Эрон ва Ўзбекистон бу масалада яхши ҳамкорлик олиб боряпти, лекин бу ерда Туркманистон манфаатлари ҳам бор, масалалар «учбурчак»да кўрилиши керак. Ўзбекистон ва Эрон ҳаракатлари натижасида Туркманистон ҳам жараёнга фаол қўшилади деб ўйлайман. Ўзи бу лойиҳаларда Туркманистон транзити энг кўп иштирок этади, Ўзбекистон орқали бошқа қўшниларимиз ўтса, Ўзбекистон ҳам уларга қўшилиб Туркманистон транзитидан фойдаланади.

Бундан ташқари, Эрон орқали қуруқлик билан Европага чиқиб бориш мумкин. Бу бўйича Транскаспий йўналиши ишлайди, лекин бу йўлак етарли бўлмаяпти ҳозир, паромлар етишмай қоляпти. Яъни геосиёсий вазият фонида талаб кучайди бу йўлакка, аммо салоҳияти етмаяпти. Шу сабабли Эрон транзити асқатади бу вазиятда, Марказий Осиёдан ташқари Хитой учун ҳам, Европа учун ҳам фойдали бўлади.

Трансафғон йўлаги кун тартибидан тушгани йўқ, Эрон томони билан бўлаётган мулоқотларда ҳам бу мавзу гапирилиб, шу йўлакдан фойдаланиш кўзда тутиляпти.

— Трансафғон йўлаги бўйича асосий масала хавфсизликми?

Раҳматулло Хўрмолий: — Ҳар бир давлат транзит йўлларидан фойдаланишга интилади. Бу йўналиш Эрон учун ҳам устувор йўналиш ҳисобланади. Чунки Шарқ ва Ғарб учун, ҳатто Хитойни инсон иқтисодиёти нуқтаи назаридан боғлаш муҳокамаси ҳам шу тарафдан Европа давлатларига боғланади.

Шунинг учун биз Эрон Ислом Республикаси Афғонистон иштирокида, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон иштирокида ҳар бир ташаббус остидамиз.

Бу йўналиш биз учун жуда муҳим. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти кун тартибида бошқа коридорлар ҳам бор эди. Бир камар, бир йўл Хитой. Буларнинг барчаси бизнинг устувор вазифамиздир. Эрон пуллари эвазига афғонистонлик бизнесменларга ёрдам қилиш учун Рознак станциясигача Хафов-Ҳирот участкасини қурдирди.

Бу Афғонистон билан яхши келишувларга эришишимизга имкон берди. Юк ва йўловчи ташиш соҳасида яхши келишувга эришдик. Ҳар ҳолда Транс-Афғонистон биз учун ҳам, алоҳида эътибор қаратадиган Ўзбекистон учун ҳам устувор масала.

— Трансафғон темирйўлининг қурилмай қолган қисми молиявий сабабларга тақаладими ёки сиёсийми?

Наргиза Умарова: — Аниқ билмайман, лекин тахминларим бор. Транспорт коридори яратиш геосиёсат масалаларидан бири, шу сабабли геосиёсий вазиятни ҳам инобатга олиш керак бўлади. Ўзбекистон учун иккита транспорт коридори муҳим бўлиб турибди: Покистонга чиқувчи Трансафғон темирйўли ва Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли. Чорак асрдан бери муҳокамада бўлган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли энди қуриладиган бўлди. Агар Афғонистон орқали Эронга чиқиш йўли ишга тушса, Хитой Тожикистон орқали Афғонистонга ўтиб, Ўзбекистон транзитига эҳтиёж қолмаслиги мумкин, шу сабаб ҳам бу лойиҳа вақтинча тўхтатилгандир. Тахмин бу.

Покистонга чиқувчи Трансафғон темирйўлини ривожлантиришга сабаб Покистондаги транспорт инфратузилмасини молиялаштираётган Хитой ҳисобланади. Бир макон — бир йўл лойиҳаси доирасида Хитой Покистон билан иқтисодий коридори жуда қиммат лойиҳа ҳисобланади. Шу маънода Хитой атрофдаги бошқа минтақалар ҳам шу коридорга уланишидан манфаатдор, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам. Бизнинг Покистоннинг Гвадар портига чиқишимиз Хитой ва Покистон иқтисодий коридорига уланишимизни билдиради ва бундан манфаатдормиз. Умуман, ҳозир бизнинг турли муқобил йўлларни ташкиллаштираётганимиз жуда яхши иш. Ҳозир ҳам Афғонистон йўли бўлмаса ҳам Туркманистон орқали Эронга чиқяпмиз бемалол.

— Зангезур йўлаги очилишида Эроннинг ролига ҳам тўхталсак. Бу йўлак истиқболини қандай баҳолайсиз?

Раҳматулло Хўрмолий: — Эроннинг ёндашуви Шарқ, Ғарб, Шимол ва Жануб халқаро коридорлари занжирини якунлашда рол ўйнашдан иборат. Яқинда Озарбойжон Республикаси билан 2023 йилда шартнома туздик. Бизда Арас коридори бўлган ҳудуддан автомобил-темир йўлак бор. У Озарбойжонни Нахчиван билан у ерда қурилаётган кўприк орқали боғлайди.

Ўтган йили мен ўзим худди шу йўналиш бўйича Жолфа чегарасидан Арманистоннинг чегара ҳудудигача бўлган Озарбойжон минтақасига бордим. Эронда операция бошланди ва яқин келажакда бу коридор очилади деган умиддамиз. Озарбойжондан Эронга кирадиган бу коридорнинг фойдаси, шубҳасиз, Марказий Осиё давлатлари ва Туркияни ҳам қамраб олади.

Бизнинг нуқтаи назаримиз шуки, биз Эронда конструктив рақобатни яратишга интиламиз ва биз халқаро фойда олишни хоҳлаймиз. Албатта, рақобатга эга бўлган маршрут янада жозибадор бўлади. Демак, ҳозир мавжуд бўлган бу коридор, Эроннинг шимоли ҳам хавфсиз, Арманистон ва Озарбойжоннинг умумий манфаатлари бор ва биз ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

Эрон Озарбойжон ва Нахчивон Республикаси билан унинг коридори озарбойжонлар учун очиқ эканлигига келишиб олди.

Ушбу коридор ҳали амалга оширилмаган ва бу вақт талаб этади. Аммо Эрондаги йўлак ва мусулмон давлати Озарбойжон ва қўшни Арманистон билан бўлган йўл орқали биз ҳаракатни амалга оширамиз.

Наргиза Умарова: — Озарбойжон томони иккинчи Қорабоғ урушидан кейин Арманистон билан шу коридорни очишга уринди, аммо Арманистон рози бўлмади. Иккинчи вариант эса Эрон орқали ўтиш эди. Арманистон рози бўлмай транзит имкониятини бой берди. Эрон эса иқтисодий имкониятларни қўлдан бой бермай, аллақачон амалий ишлар бошланди Зангезур коридорини ривожлантириш учун. Умуман олганда, Зангезурга қарши бўлганлардан кўра қўллаётганлар кўп, шу маънода Марказий Осиё давлатлари ҳам бу коридор очилиши тарафдори.

— Санкциялар, геосиёсий вазият фонида Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқалар қандай баланслаштириляпти?

Раҳматулло Хўрмолий: — Сўнгги йилларда мамлакатимиз юқори мансабдор шахслари, хусусан, икки давлат президентлари, икки давлатнинг бошқа расмийлари, жумладан, икки давлат парламентлари шарафли спикерлари, ташқи ишлар, транспорт вазирларининг кўп ва ўзаро ташрифлари амалга оширилди ва илм-фан ва технология ва билимга асосланган иқтисодиёт бўйича вице-президенти, қўшма ҳамкорлик комиссияси масъул вазирлари Икки мамлакат иқтисодиёти бўлиб ўтди, буларнинг барчаси икки давлат ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий муносабатлар юқори даражада эканлигидан далолат беради.

Икки давлат олий мансабдор шахслари учун жуда муҳим масала – иқтисодий ва савдо ҳамкорликни ривожлантириш бўлиб, Эрон томони ўз билим ва тажрибасини дўст Ўзбекистонга ўтказишга тўлиқ тайёр ва шу ўринда мен ҳажмини эслатиб ўтмоқчиман. 2023 йилда икки давлат ўртасидаги тижорат алмашинуви.

Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ўсиб, 504 миллион долларга етди, лекин Эроннинг ўрни Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари орасида 18-ўринда ва Ўзбекистон Статистика маркази ҳисоботига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи савдо ҳажми 2023 йилда қарийб 60 миллиард долларни ташкил этади, Эрон савдосининг Ўзбекистон умумий саватидаги улуши эса қарийб 1 фоизни ташкил этади, бу эса икки давлат президентларининг 2025 йилга бориб биржалар улушини бир миллиард долларга етказиш ҳақидаги таъкидларидан узоқдир.

Шу боис икки давлат ҳукуматида ўзаро манфаатли манфаатлар ва миллий манфаатларни ҳурмат қилган ҳолда иқтисодий ва тижорат алоқаларини мустаҳкамлаш устувор тамойил ҳисобланади. Эрон ва Ўзбекистон иқтисодиёти бир-бирини тўлдириши мумкинлигига ишонаман.

Ўтган ҳафтада Беларус президенти Ўзбекистонга ташриф буюрди. Кўрдимки, улар томонидан кўп хайрли ишлар қилинган, яхши келишувлар тузилган. Бу мамлакатлар билан ҳозир бир қатор Европа давлатлари мулоҳазаларга эга ва у жуда яхши ишламоқда. Беларусдан импортингиз тахминан 500 миллион долларни ташкил қилади. Эрондан импорт эса бундан камроқ.

Ўзбекистон ҳам Эрон манфаатларини ҳисобга олади. Сиз айтган санкцияларга қарамай, муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга тайёрмиз. Эрон ва Ўзбекистоннинг икки халқи ва ҳукуматларига муваффақият ва фаровонлик тилайман.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид