Фронтдаги вазият: Авдийивка эгаллангач, рус қўшини уч йўналишда ҳужум қилмоқда
Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) экспертлари қайд этишича, украин қўшини Авдийивка шаҳридан чекингач, Россия армияси бир вақтнинг ўзида учта йўналишда Украина қуролли кучлари позицияларига фаол равишда ҳужум қилишга уринмоқда: Запорижжя, Харкив ва Донецк областлари. Украина қуролли кучлари вакиллари ҳам Россия қўшини фаоллашгани тўғрисида хабар қилмоқда.
ISW’нинг навбатдаги ҳисоботида айтилишича, Россия кучлари Ғарбнинг Киевга ёрдам беришдаги кечикишдан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда ва камида учта юриш амалиёти ўтказмоқда: Харкив ва Луҳанск областлари чегарасида, хусусан, Купянск ва Лиман йўналишларида; Донецк областидаги Авдийивка ва унинг атрофида; ва Запорижжя области ғарбидаги Работине посёлкаси ҳудудида.
Аммо, ISW таҳлилчилари ҳисоблашича, юзага келган вазият Москва истагани каби оддий эмас.
Америкалик экспертлар фикрича, Украина қуролли кучлари Авдийивкани ташлаб чиққанидан кейин, катта эҳтимол билан, шаҳардан ғарброқда янги мудофаа чизиғи барпо этишнинг уддасидан чиққан, бу эса ушбу ҳудуддаги навбатдаги шиддатли жангларга олиб келиши мумкин.
Натижада Россиянинг ҳужумкор операцияси муваффақиятсизликка учраши мумкин, деб ёзмоқда ISW ходимлари.
Ёрдам кечикиши
Украин қўшини Авдийивкадан олиб чиқилгач, ISW ва Украина ҳамда ғарбдаги қатор манбалар келган хулосага кўра, Киевга ҳарбий ёрдам етказиб берилиши чўзилиши, биринчи навбатда — артиллерия снарядлари ва ўта муҳим бўлган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари украин қўшинига Авдийивкани ушлаб туриш имконини бермаган.
Ғарб томонидан етказиб берилган қурол-аслаҳаларнинг кескин танқислиги ва Америка ҳарбий ёрдами тўхтатилиши мумкинлиги борасидаги хавотирлар украин қўшинини қўлланаётган моддий-техник воситалар ва қурол-яроғлар миқдорини бутун фронт бўйлаб қисқартиришга мажбур қилди.
Катта эҳтимол билан, бундай ўзгариш Россия кучларини вазиятдан фойдаланиб қолишга ва Авдийивка атрофида чекланган ҳужум амалиётлари бошлашга ундади, улар 2024 йил январ ойи бошида Харкив ва Луҳанск областлари чегарасида, сўнгги 48 соатликда эса Запорижжя области ғарбида шу ишни такрорламоқда, деб ёзади ISW экспертлари.
Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский украин қўшини Россиянинг бир неча ойлик шиддатли ҳужумларидан кейин қуршовга тушмаслик учун Авдийивкадан чиққанини маълум қилган.
Россия томони украин кучлари тартибсиз чекингани ва уларда Авдийивкадан ғарбда олдиндан тайёрланган янги мудофаа марралари бўлмагани тўғрисида даъво қилган бўлса-да, буни тасдиқлайдиган далиллар мавжуд эмас.
ISW таҳлилчилари тахмин қилишича, Москва юзага келган оператив вазиятни нотўғри баҳолаган. Қолаверса, улар украин қўмондонлиги яқинда Авдийивкага қарши ҳужумлар ўтказиш ва шаҳар ичкарисидаги қўшин чекиниши учун хавфсиз йўлак таъминлаш мақсадида қўшимча кучлар олиб келганига эътибор қаратган.
Катта эҳтимол билан, айнан шу янги кучлар Россиянинг олдинги штурмларда кучсизланган ва жонли куч ва техникада катта йўқотишларга учраган бўлинмаларига қарши мудофааланади, бу эса ушбу юришнинг секинлашиши ёки бутунлай тўхташига олиб келади.
Аввалроқ РФ мудофаа вазирлиги Россиянинг «Марказ» қўшинлар гуруҳи Авдийивка шаҳри устидан тўлиқ назорат ўрнатгани ва фронт чизиғининг бу участкасида 8,6 км олдинга силжигани ҳақида маълум қилганди.
Россиялик ҳарбийлар Авдийивка ҳудудида эгалланган украин ҳудудларини 31,75 кв км майдонга баҳоламоқда.
Россия ҳужумлари тўғрисидаги маълумотни украинларнинг «Таврия» қўшинлар гуруҳи қўмондони Олександр Тарнавский ҳам тасдиқлаган.
Унинг сўзларига кўра, Авдийивка ҳудудида «украиналик ҳарбийлар янги мудофаа марраларида мустаҳкам ўрнашган ва россиялик босқинчиларнинг юришни ривожлантиришга қаратилган уринишларини муваффақият билан қайтармоқда».
«Тактик илгарилаш»? Работине ҳудудида нималар бўлмоқда?
Бу вақтда ҳам россиялик, ҳам украиналик пабликлар Россия армияси Запорижжя йўналишида бироз илгарилагани ва Работине атрофида жанглар фаоллашгани ҳақида хабар бермоқда.
Бу қишлоқ украин қўшинининг ёзги юришдаги асосий мақсадларидан бири бўлган ва бир неча ҳафталик жанглардан кейин ушбу ҳудуд устидан назорат ўрнатилганди.
Россияликларнинг WarGonzo Z-канали муаллифига кўра, Россия қўшини бу ҳудудга Новопрокоповка ва Вербове томондан ҳужум уюштирган. «Ҳар икки участкаада тактик илгарилаш мавжуд», — дея ёзган телеграм-канал муаллифи Семён Пегов.
Работинедан Вербовегача ёпирилма ҳужумлар ҳақида аввалроқ украинларнинг Deep State ҳарбий паблиги ҳам хабар тарқатганди. Унинг маълумотига кўра, рус қўшини Вербоведан жануби-шарқда мудофаани ёриб ўтган, ҳозирда украин қўшини «бу муаммо билан шуғулланмоқда». Якшанба куни кун охирига келиб бу ҳудудда жанглар интенсивлиги пасайган.
Россиянинг айрим бўлинмалари Работинега киришга ҳам муваффақ бўлган, «аммо уларнинг аксари йўқ қилинган», дея ёзади Deep State.
Украина ҚК маълумотига кўра, Работине ҳудудида душман 10 марта «украин қўшини позицияларига муваффақиятсиз ҳужум амалга оширган».
Тарнавский бу ҳудудда россиялик ҳарбийлар «бир неча зирҳли техникалар билан биргаликда кичик штурм гуруҳлар орқали ҳужум қилиш тактикасига қайтгани» ҳақида айтган.
Украина қирувчи самолётларни уриб туширганини айтмоқда
Бу вақтда сўнгги бир неча кун ичида украин ҳарбийлари россияликларнинг жами олтита жанговар самолёти уриб туширилгани ҳақида хабар берган.
Россия бу маълумотларга изоҳ бермаган, Украина қуролли кучларининг баёнотини тасдиқловчи бошқа мустақил манбалар йўқ.
Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский ўз телеграм-каналида хабар қилишича, душанба куни шарқий йўналишда украиналик ҳарбийлар вайронкор бошқарилувчи авиабомбалар таший олувчи Су-34 бомбардимончи-қирувчи ҳамда Су-35С қирувчисини уриб туширган.
Аввалроқ Украина ҚК қўмондонлиги бир кун ичида россияликларнинг учта самолёти — иккита Су-34 ва битта Су-35 уриб туширилгани ҳақида хабар берганди. Россиядаги манбалар ўшанда фақат битта Су-35 қирувчи самолёти бой берилганини тасдиқлаган.
Ғарблик экспертлар фикрича, айнан ҳаводаги устунлик ва авиабомбалар фаол қўлланиши Россия армиясига Авдийивкада муваффақият қозониш имконини берганди.
Мавзуга оид
14:45 / 26.12.2024
Захарова: Украина мустақил равишда ядро қуролини яратишга қодир эмас
11:53 / 26.12.2024
Зеленский Украинанинг Германиядаги элчисини алмаштиришга қарор қилди
08:05 / 26.12.2024
Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди
21:53 / 25.12.2024