Асрор Арабжонов Kun.uz'га берган интервюсида Ўзбекистондаги айти корхоналар қандай қилиб Кремний водийси билан ишлай олиши, айти экспортини қандай ошириш мумкинлиги ҳақида гапирди.

“Технологик компанияларни бирлаштирадиган платформа очдик”

— Бундан 7-8 ой илгари Стенфорд университетига яқин жойдан офис ижарага олиб, “Silkroad Innovation Hub” деган платформани очганмиз. Биз 5 та Марказий Осиё давлатлари – Қозоғистон, Қирғизистон,Тожикистон Туркманистон, Ўзбекистон ҳамда Монголия, Озарбойжон ва Туркиядан чиққан стартап асосчилари билан ишлаймиз. Уларнинг Кремний водийсига келишини осонлаштирамиз. Биз стартап асосчилари жамиятини тузмоқчимиз.

Кимдир сал орқада бўлса, кимдир венчур инвесторлардан пул йиғган ва кимдир маҳсулотини АҚШ бозорида сотяпти. Улар янги келганлардан кўра кўпроқ маълумотга эга, бир-бири билан маълумотларни бўлишиш ҳам шу платформа орқали бўлади. Биздаги логистика ёки Америкада ривожланган бошқа соҳалар жамияти (comunity) қандайдир тадбирлар ва конференцияларда бир-бирини кўриб таниб туришади. Аммо технологик компанияларга келганда уларни бирлаштирадиган платформа йўқ. Ваҳоланки, стартаплар ҳаммаси, ўзбекча қилиб айтганда, таниш-билиш атрофида қурилган, чунки қанча танишларингиз кўп бўлса, шунча венчур молиясини олиш ва биринчи мижозларни топиш осон бўлади. Биз ҳамма соҳада – венчур капиталида, стартапда, борингки, исталган корхонада ишлайдиган одамлар бир ҳудуддан бўлса, уларни бирлаштиришни осонлаштирамиз.

Дейлик, сиз бирор-бир дастурий таъминот ўйлаб топдингиз, уни АҚШ бозорига тақдим қилмоқчисиз ва сизнинг харидорларингиз катта технологик компаниялар. Масалан, Google, Facebook ва шу каби жойларда ишлайдиган одамлар бор. Кимлардир дастурни сотиб олишга жавоб беради. Ўша одамлар билан шу платформа орқали танишсангиз, ишингиз анча осонлашади.

Силикон водийсига келиш жуда катта тушунча, пандемиядан кейин тушундикки, бу ерга келиб ўтириш ҳам шарт эмас. Кўпчилик айтиши мумкин, ҳамма ўзгаришлар Силикон водийсидан чиқмайди, деб. Чунки Ҳиндистон, Исроил ва бизга ўхшаган шароитдан чиққан Беларус ҳам ўзининг айти ҳабларини ташкил қилган. Аммо Кремний водийси барибир энг олди айти ҳаби бўлиб турибди.

“Силикон водийсидаги катта айти корхоналари билан шартномалар қилиш керак”

— Алоқа вазирлигининг олдига қўйган вазифалардан бири – 2030 йилгача дунёга 5 млрд долларлик айти сервисини олиб чиқиш. Бунинг йўлларидан бири – чет эл корхоналарига хизматларни таклиф қилиш.