Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Докторантура учун магистр дипломи шарт эмас”: Кремний водийсидаги ўзбек тадқиқотчиси Абдумалик Абдуқаюмов билан суҳбат
Силикон водийси – технология, инновация ва катта илмий рақобат маркази. Ҳар йили минглаб тадқиқотчилар мазкур ҳудуддаги университетларга кириш учун курашади, аммо улардан атиги бир нечтаси нуфузли илмий дастурларга муносиб топилади. Шундай имкониятни қўлга киритганлар сафида бу йил ўзбекистонлик ёш изланувчи Абдумалик Абдуқаюмов ҳам бор. У Стендфорд бизнес мактаби (GSB) докторантурасига қабул қилинган биринчи ўзбек. Kun.uz мухбири билан суҳбатда Абдумалик ҳужжат топшириш ва саралов жараёнлари, тадқиқот дастури, Кремний водийсидаги илмий муҳит ҳақида гапириб берди.
Абдумалик Абдуқаюмов Бухоро вилояти Олот туманида туғилган. Математиклар оиласида улғайган. Шу боис болаликдан айнан шу фанга қизиқиши кучли бўлган. Қоракўл халқаро математика мактаби ва академик лицейни тамомлаган. 2017 йилда Тошкент давлат Иқтисодиёт университетига ўқишга кирган. Кейинчалик АҚШга йўл олиб, Шимолий Каролинадаги Duke университетида иқтисодиёт ва компютер фанлари бўйича магистратура босқичини тамомлаган.
“Докторантура учун Стенфорд бизнес мактабини танлашимнинг биринчи ва энг муҳим сабаби олийгоҳнинг тадқиқот маданияти ва фикрлаш эркинлигига боғлиқ. Бу ерда сиздан фақат мавжуд назарияларни ўрганиш талаб қилинмайди, аксинча, уларга шубҳа билан қараш, янги ёндашув таклиф қилиш рағбатлантирилади. Бундан ташқари, илмий йўналишдаги қизиқишларим билан факултет тадқиқот йўналишларининг мос тушгани ҳам муҳим омил. Стенфорд БМдаги профессорлар бозорлардаги рақобат, сунъий интеллектнинг иқтисодиётга таъсири, инновацион муҳитда юзага келадиган иқтисодий моделлар бўйича дунёда етакчи тадқиқотлар олиб боради. Мен ўрганмоқчи бўлган мавзулар ҳам айнан шу кесишмада жойлашган”, – дейди у.

Абдумаликнинг айтишича, ҳар йили Стенфорд бизнес мактаби PhD дастурига қабул қилиниш жараёнида рақобат жуда кучли бўлади. Йўналишларга мингга яқин номзод ҳужжат топширади, улардан ўртача 25-30 тагача одам қабул қилиниши мумкин.
“PhD дастурига киришда энг муҳим нарса университет масъуллари сизнинг мустақил тадқиқотчи эканингизга ишонч ҳосил қилишидир. Стенфорд бизнес мактабига ариза топшираётганда бир неча асосий ҳужжатларни тайёрладим. Биринчиси, тадқиқот режаси (statement of purpose). Бу ҳужжатда ўрганмоқчи бўлган тадқиқот мавзум, илмий қизиқишларим ва уларнинг Стенфорд профессорлари йўналиши билан мослигини исботлаб бердим. Стенфордда сиздан фақат мавжуд назарияларни ўрганиш талаб қилинмайди; уларга шубҳа билан қараш ва янги ёндашувлар таклиф қилиш рағбатлантирилади. Шу боис, ўзимнинг илмий йўналишим билан факултетнинг тадқиқот йўналишлари мос келишини кўрсатиш муҳим эди.
Кейинги муҳим ҳужжат – тавсияномалар. PhD дастурига камида учта тавсиянома талаб қилинади. Мен компютер фанлари профессори, иқтисодиёт соҳаси мутахассиси ва Стендфорд БМ профессоридан олганман. Бу тавсияномалар билимимдан ташқари илмий ёндашувим ва мустақил изланишларимни баҳолашга ёрдам берган. Шунингдек, стандарт тест натижалари ҳам талаб қилинади. GRE ёкиGMAT орқали сизнинг математик-аналитик тайёргарлигингиз баҳоланади. GRE’да 335–340 балл оралиғидаги кўрсаткичлар энг юқори номзод қайд этган кўрсаткич сифатида қаралади, мен эса 336 балл тўпладим. Тил сертификати, масалан, IELTS ёки TOEFL АҚШда магистратурани тамомлаганлар учун талаб қилинмайди.
PhD дастурига киришда илмий мақолалар, тадқиқот лойиҳалари ва халқаро олимпиадалар ютуқлари ҳам катта устунлик беради. Мен IMO-2017’даги кумуш медалим ва бошқа математика олимпиадаларидаги натижаларимни тақдим этганман. CV ҳам муҳим, у орқали таълимингиз, илмий ишланмаларингиз, грантлар ва стипендиялар тарихингиз бир қарашда кўринади. Шунингдек, барча ўқиган университетлардан расмий транскрипт ва дипломлар топшириш лозим. Бу ҳужжатлар сизнинг академик тайёргарлигингизни расмий тасдиқлайди. Очиғини айтсам, ўзи Стенфорд бизнес мактабига кириш осон эмас, аммо энг қийин жиҳати киргандан кейинги 5 йил давомида талаб қилинадиган интизом ва изланиш”, – дейди ёш тадқиқотчи.

Абдумалик Абдуқаюмовнинг маълум қилишича, Стендфорд бизнес мактабида PhD дастури Ўзбекистондаги анъанавий PhD’дан тубдан фарқ қилади. Ўқиш муддати беш йил давом этади. PhD’га кириш учун магистратура дипломи талаб этилмайди.
“Дастлабки ва иккинчи йил давомида тадқиқот ҳамда амалий ишланмага йўналтирилган курслар, семинарларни оламиз. Ҳар бир курс аниқ назарий билим билан бир қаторда амалий ишланмаларни ҳам талаб қилади. Масалан, эҳтимоллар назарияси, оптимизация, реал аналитика, ўйинлар назарияси асосида мураккаб моделлаштиришлар қилинади. Курслар охирида эса кенг қамровли имтиҳонлар топширилади, иккинчи босқичда мустақил тадқиқот мақоласини ёзиш топшириғи қўйилади. Бу курс охирига тўлиқ тайёр ҳолда бўлиши керак. Мақола мавзуси факултетдаги профессорлар билан келишилади, улар сизга менторлик қилади, йўналиш ва методология бўйича маслаҳат беради. Ўзим айни вақтда сунъий интеллект ва иқтисодиётнинг кесишмаси, инновацион муҳитдаги иқтисодий моделлар йўналишида изланишлар олиб боряпман”, – дейди Абдумалик.
Унинг таъкидлашича, 3-4-курсларда диссертациянинг биринчи боблари ёзилади, конференцияларда иштирок этилади. Ҳар йили талабалар ўз ишини профессорлар ва ҳамкасблари олдида тақдимот қилади, танқид ва маслаҳатлар олади. 5-курсда эса диссертация тўлиқ тайёр бўлиши керак.

“Стенфорд бизнес мактабининг Силикон водийси билан бевосита интеграцияси ҳам илмий тадқиқотларни амалий жараёнлар асосида ўрганишга катта ёрдам беряпти. Бу ерда Google, Nvidia, Athropic, Uber каби йирик компаниялар бир-бирига яқин жойлашган. Ҳар ҳафта технологик компания вакиллари билан учрашувлар, инвесторлар билан семинарлар, стартап экотизимидаги инновацион жараёнларни жойида кузатиш имконияти берилади. Бу иқтисодий тадқиқотлар учун қулай лаборатория вазифасини бажаради”, – дейди у.
Абдумалик суҳбат давомида Стенфорд бизнес мактаби томонидан докторантларга тақдим этиладиган грант ва стипендиялар, стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун моддий қўллаб-қувватлаш тизими, Кремний водийсидаги ҳаёт тарзи ҳақида гапириб берган.
Суҳбатни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Оператор Абдуқодир Тўлқинов,
монтаж устаси Шоҳрузбек Абдураимов.
Мавзуга оид
17:27 / 29.05.2026
Айрим докторантларнинг стипендияси 1,7 баробарга оширилади
13:52 / 24.02.2026
Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида докторантурага қабул тартиби тасдиқланди
20:47 / 12.10.2025
Докторантура ва бошқа илмий тадқиқот йўналишларига қабул квотаси тасдиқланди
12:03 / 27.02.2025