Жаҳон | 19:28 / 22.02.2024
7267
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда пахтақанд сотиш тақиқланди. Унда саратонга олиб келувчи модда борлиги аниқланган  

Ҳиндистоннинг айрим штатларида пахтақандлар сотиш тақиқланди. Сабаби сотилаётган ширинликлар текширилганда пахтақанд таркибида ранг беришда ишлатиладиган, саратонга сабаб бўлувчи родамин-Б моддаси аниқланди.

Фото: Getty Images

Ўтган ҳафта Ҳиндистоннинг жанубий Тамил Наду штатида лаборатор текширувга юборилган пахтақандлар таркибида саратонга сабаб бўлувчи родамин-Б моддаси аниқланган. Шундай сўнг мамлакатнинг айрим штатларида пушти ва эътиборни ўзига тортадиган бу ширинликни сотиш тақиқланди.

Ташқи тузилиши сабаб Ҳиндистонда buddi-ka-baal — "кампирнинг сочлари" деб аталадиган пахтақандлар бутун дунё болалари орасида ҳам машҳур. Бу ширинлик парклар, болалар ўйингоҳлари, умуман одам гавжум ва болалар ҳам ташриф буюрадиган деярли ҳамма жойда сотилади.

Ҳиндистон расмийлари ширинлик кўринганидан кўра зарарлироқ бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда

Тамил Наду штати Ченнай шаҳри озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича мутахассис Сатиш Кумарнинг айтишича, пахтақанд таркибидаги зарарли моддалар саратонга олиб келиши, бутун тана органларига таъсир қилиши мумкин.

Унинг жамоаси шаҳарда конфет сотувчилар учун рейдлар ўтказганда аниқланишича, шаҳардаги ширинлик сотувчилар уларни ўзлари мустақил тайёрлайди, ширинликлар рўйхатдан ўтган заводларда тайёрланмайди.

Рейдлардан сўнг ўтказилган лаборатор текширувларда пахтақандлардан родамин-Б аниқлангач, сотув тақиқланди. Бу кимёвий модда маҳсулотга пуштир ранг беради, асосан, тўқимачилик, косметика ва сиёҳ тайёрлашда ишлатилади.

Тадқиқотларда бу модданинг саратон хавфини ошириши, Европа ва Калифорнияда ундан озиқ-овқат бўёғи сифатида фойдаланиш тақиқлангани аниқланди.

Пахтақанд тақиқланиши фонида Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги родамин-Б таркибида мавжуд бўлган озиқ-овқатларни қадоқлаш, импорт қилиш, сотиш ёки тўй ва бошқа маросимларда оммага тарқатиш озиқ-овқат хавфсизлиги талабларини бузиш сабаби билан жазоланишга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Мавзуга оид