Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 32 йил бўлди
Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони подшоҳлиги ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йилнинг 20 февралида ўрнатилган. Саудия Арабистони подшоҳлиги биринчилар қаторида Ўзбекистон мустақиллигини эътироф этган. Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг 1992 йил апрелда Саудия Арабистонига амалга оширган ташрифи мустақил Ўзбекистон раҳбарининг хорижга илк ташрифларидан бўлган.
Ўттиз йилдан кейин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил 17–18 август кунларида ушбу мамлакатга амалга оширган тарихий ташриф ва валиаҳд шаҳзода, Вазирлар Маҳкамаси раиси Муҳаммад ибн Салмон бин Абдулазиз билан ўтказилган музокаралар иккитомонлама алоқалар тарихидаги ҳамкорликни юқори даражаларга кўтарди ва фаоллаштирди. Қатор битимлар ва ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Саудия Арабистони подшоҳлигининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Юсуф ибн Солиҳ Ал-Гаҳра Ал-Утайбий Ўзбекистон бўйича таассуротлари катта экани, бу ўлка тарихи ва фарзандларининг турли соҳалар ривожига ҳиссаларини таъкидлаб, мамлакатнинг туризм соҳасидаги имкониятларини кўрсатиб ўтди.
Подшоҳликнинг «2030 йилга нигоҳ» стратегияси ва «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ўртасида ҳамоҳанглик кузатилади. Мазкур стратегиялар турли соҳаларда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Мисол тариқасида Подшоҳ Сауд университети ректори ва Умм ал – Қура университети ректори ўринбосари Ўзбекистонга, Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори подшоҳликка ташриф буюрди. Подшоҳ Сауд университети ва Тошкент давлат шарқшунослик университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. У ўзаро тажриба, ўқитувчилар ва талабалар билан алмашиш, араб тилини ўқитишда ҳамкорликни кўзда тутади. Подшоҳ Салмон номидаги академия Ўзбекистондаги таълим даргоҳларида араб тили бўйича ўқув курслари ташкил этмоқда.
Элчи подшоҳликда ўқишни истаган киши «Саудия Арабистонида таҳсил ол» платформасига кириши ва таълим олиш учун хоҳлаган йўналишини танлаши мумкинлигини билдирди.
Шунингдек, у Саудия Арабистонининг халқаро майдон ва минтақадаги ўрнига тўхталиб, G20 давлатларидан бири экани ва ушбу гуруҳнинг 2020 йилдаги саммитига мезбонлик қилганини кўрсатиб ўтди.
2023 йил июлида Жидда шаҳрида Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ва Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг биринчи саммити бўлиб ўтди. Подшоҳлик кўплаб халқаро муносабатларга мезбонлик қилмоқда ва қилади. Жумладан, 2027 йилда футбол бўйича Осиё биринчилиги, 2030 йилда «ЭКСПО - 2030», 2034 йилда футбол бўйича жаҳон биринчилиги ҳамда бошқа турли анжуманлар, форумлар, конференциялар ва кўргазмалар ўтказилади.
Элчи бугунги кунда Саудия Арабистони подшоҳлигининг Ўзбекистондаги инвестициялари ҳажми 20 млрд доллардан ошгани, инфратузилма, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва бошқа соҳаларга инвестиция қилиш имкониятлари катталигини билдирди.
Суҳбат асносида элчи икки мамлакат ўртасида инвестиция, иқтисод ва савдо соҳаларида алоқаларни кенгайтириш мақсадида 2023 йил декабрида саудия – ўзбек қўшма комиссиясининг 6-йиғилиши ва Ишбилармонлар кенгашининг 5-йиғилиши бўлиб ўтганини қайд этди.
Саудия тараққиёт жамғармаси ўзаро ҳамкорликда муҳим ўрин тутади. Шу кунга қадар жамғарма Ўзбекистондаги турли соҳалардаги 13 лойиҳага 360 миллион доллар ажратган.
Бундан ташқари, тараққиёт жамғармаси тузилиб, унинг сармояси 100 миллион долларни ташкил этади.
Бугунги кунда ўзаро фаол авиаташувлар йўлга қўйилиб, ҳафтасига 25 рейс амалга оширилмоқда. Хусусан, Саудия Арабистонининг Fly nas авиакомпанияси ҳафтасига 8 рейсни адо этмоқда. Мазкур рейслар ўзбекистонликларнинг подшоҳликка боришларига қулайлик туғдириб, Умра маносиклари адо этишлари ёки саёҳат қилишларини осонлаштирмоқда. Элчи икки мамлакат ўртасида саёҳатчилар сони ошиши ва туризм ривожланишига интилишларини таъкидлади.
Мавзуга оид
08:10 / 12.11.2024
Ўзбекистонга Саудия компанияларининг қарийб 2,5 млрд долларлик инвестициялари жалб этилади
19:01 / 11.11.2024
Ўзбекистон ва Саудия бош прокурорлари тергов ва ахборот алмашинувида ҳамкорлик бўйича келишув имзолади
09:25 / 11.11.2024
Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига жўнаб кетди
18:01 / 10.11.2024