Жаҳон | 20:19 / 23.02.2024
7510
2 дақиқада ўқилади

Байден уруш ва Навалний ўлими туфайли Россияга қарши 500 та янги санкция киритди 

Чекловлар Россия молия сектори, ҳарбий-саноат комплекси, харидлар тармоғи иштирокчилари, санкциялардан бўйин товлаганлар ва Навалнийнинг қамоққа олиниши учун жавобгар бўлганларга қаратилган. 

Фото: Getty Images

Оқ уй Украинадаги уруш ва Алексей Навалнийнинг ўлими туфайли Россияга қарши 500 та янги санкция жорий этилганини эълон қилди. 

Чекловлар Россия молия сектори, ҳарбий-саноат комплекси, харидлар тармоғи иштирокчилари, санкциялардан бўйин товлаганлар ва Навалнийнинг қамоққа олиниши учун жавобгар бўлганларга қаратилган. 

Жумладан, рўйхатда 16 феврал куни Навалнийнинг ўлимини эълон қилган Ямало-Ненец автоном округи Федерал жазони ижро этиш хизмати (ФЖИЭХ) бошқармаси бошлиғи Игор Ракитин ҳам бор. Навалний ўлимидан уч кун ўтиб, Владимир Путин томонидан генерал-полковник унвонига кўтарилган ФЖИЭХ директори ўринбосари Валерий Бояринев ҳам санкцияларга тортилган. 

Санкциялар рўйхатига 90 та корхона ва ташкилот, 500 га яқин жисмоний шахс киритилган. 

Бундан ташқари, «Россия ҳарбий машинаси»ни қўллаб-қувватловчи 100 га яқин ташкилотга янги экспорт чекловлари киритилган. Баёнотда айтилишича, Оқ уй Россиянинг энергетика даромадларини янада камайтириш учун чора кўрмоқда. 

Санкциялар «Путиннинг хориждаги тажовузкорлиги ва мамлакатдаги репрессиялари бундан ҳам қимматроққа тушишини таъминлайди», деди АҚШ президенти Жо Байден. Шу билан бирга, у ўз жамоасига «фуқаролик жамияти, мустақил оммавий ахборот воситалари ва бутун дунё бўйлаб демократия учун курашаётганларни» қўллаб-қувватлашни кучайтиришга кўрсатма берганини қўшимча қилди. 

Байден, шунингдек, АҚШ Конгресси Вакиллар палатасини Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича икки партиявий қонун лойиҳасини маъқуллашга чақирди.

Мавзуга оид