Жаҳон | 10:15 / 24.02.2024
7714
3 дақиқада ўқилади

Ню-Деҳли ҳиндларни Россия қуролли кучлари сафидан муддатидан олдин бўшатишни сўради

Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқароларини эҳтиёт бўлишга, Россия ва Украина ўртасидаги можародан узоқроқ туришга чақирди. 

Фото: РИА Новости / Алексей Майшев

Ню-Деҳли Россия қуролли кучларида ёрдамчи ишларга жойлашган Ҳиндистон фуқароларини муддатидан олдин бўшатиш талаби билан Москвага мурожаат қилди. Бу ҳақда Ҳиндистоннинг The Hinduсо интернет нашри 23 феврал, жума куни мамлакат ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Рандҳир Жайсвал баёнотига таяниб хабар берди

Аввалроқ, 20 феврал куни худди шу нашр Файсал Хон исмли воситачи томонидан Россия армиясида ёрдамчи ишлар учун ёлланган камида уч ҳиндистонлик Украинада Россия учун жанг қилишга мажбур бўлганини ёзган эди. 

Газета жабрланганларнинг биридан иқтибос келтирди, аммо у ўз исмини айтишдан бош тортди: «Биз бу ерга 2023 йилнинг ноябр ойида келган эдик, армия хавфсизлиги бўйича ёрдамчилар сифатида иш ҳақида шартнома имзолашга мажбур бўлдик. Жанг майдонига юбормасликлари ва 1,95 миллион лакҳ рупий (Ҳиндистонда «лакҳ» сўзи кўпинча 100 000 рупийни билдиради) маош, ойига 50 000 рупий қўшимча мукофот ваъда қилинди. Икки ойлик 50 000 рупий бонусдан ташқари, мен ҳеч қандай пул олмадим». 

Россия қуролли кучларидаги ҳиндлар 

The Hindu нашрининг ёзишича, сўнгги бир йил ичида 100 га яқин ҳиндистонлик Россия қуролли кучларида ишлаш учун ёлланган. «2023 йил ноябр ойидан бери Россия ва Украина чегарасидаги Мариупол, Харкив, Донецк, Ростов-Дон шаҳарларида 18 га яқин ҳиндистонлик қолиб кетди, баъзи маълумотларга кўра, бир киши ҳалок бўлди», — деб ёзади нашр ўз манбасидан иқтибос келтирган ҳолда. 

Таъкидланишича, бу РФ томонида Россиянинг Украинага қарши урушида ҳиндлар иштирок этиши бўйича биринчи тасдиқланган ҳолатдир. Аввалроқ Ҳиндистоннинг бир неча фуқаролари Украина қуролли кучлари халқаро легиони сафига кўнгилли равишда қўшилгани хабар қилинганди. 

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг 23 феврал куни берган баёнотида айтилишича, вазирлик «бир нечта ҳиндистонлик фуқаролар Россия армиясида ёрдамчи ходимлар сифатида ишлаш учун шартнома имзолаганидан хабардор». «Ҳиндистон элчихонаси мунтазам равишда Россиянинг тегишли органларига уларни муддатидан олдин ишдан бўшатиш бўйича ушбу масалани кўтаряпти», - дейилади хабарда. «Биз барча Ҳиндистон фуқароларини эҳтиёт бўлишга ва бу можародан узоқроқ туришга чақирамиз», деб таъкидлади Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги. 

Январ ойида Непал кейинги огоҳлантиришгача Россия ва Украинадаги фуқароларига ишлаш учун рухсатнома беришни тўхтатди. 2023 йил декабр ойида Непал ҳукумати Украинада Россия Федерацияси томонида жанг қилаётган олти нафар мамлакат фуқароси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид