21:25 / 25.02.2024
46474

Болалик орзусидан жаҳон саҳнасигача. Toyota тарихи ҳақида

Бир бола орзусидан юзага келган компания – Toyota’нинг қисқача тарихи ва бу тарихдан келиб чиқадиган хулосалар. Kun.uz яқинда Японияга қилган ижодий сафари давомида Toyota Мемориал саноат ва технология музейига борганди. Музей бўйлаб қилинган экскурсия ҳақидаги катта кўрсатув олдидан Toyota ва унинг юксалишида Сакичи Тойоданинг болалик орзуси қанчалик аҳамият касб этгани ҳақида қисқа ҳикоя қилиб берилади.   

Катта брендлар учи кўринмайдиган катта тоғ бўлиб кўринади кўзимизга. Аммо бу – империяга айланиб кетган компаниялар кўпинча бир кичик боланинг орзусидан бошланган бўлади. Шундан  бола орзуси нечоғлик кучли нарса эканини билиш мумкин. Бола орзуси – миллий манфаатларга хизмат қилиши ва ҳатто инсоният тараққиётини таъминлаши мумкин.

Toyota тарихи ҳам бир боланинг орзусидан бошланган. Сакичи Тойода 1867 йилда дурадгор оиласида туғилган. У болалигидан ихтирочи бўлишни орзу қиларди. Аммо у оилада катта фарзанд эди ва анъана бўйича ота касбни давом эттириши керак эди. Шу билан бирга, бу пайтга келиб мамлакатда катта ўзгаришлар рўй бераётганди ва анъаналардан чекиниш бошланганди. Натижада Сакичи ўз орзусини амалга оширишига имкон туғилади. У тўқув дастгоҳлари ясаш билан машғул бўлади ва қолган умрини шунга бағишлайди.  

1894 йилда унинг ўғли – Киичиро дунёга келади. 20 йил ўтиб у отасига автоматик тўқув дастгоҳини яратишга ёрдам беради. 1930 йилда Сакичи вафот этади. Ривоятга кўра, Сакичининг болалик орзуси – автомобил яратиш бўлган ва вафотидан олдин шу иш билан машғул бўлишни ўғли Киичирога васият қилган.

Шундай бўлганми ёки йўқ – номаълум. Аммо факт шуки, ота-бола Тойодалар яратган автоматик тўқув дастгоҳига олинган патент Platt brothers & co номли инглиз компаниясига 100 минг фунт стерлингга сотилади ва бу пулларни Киичиро биринчи автомобилини яратиш учун сарфлайди.    

Ва биринчи автомобил яратилди – «Model A 1». Ва биринчи юк ташувчи автомобил ҳам – «Model G1».

«Model A 1» 1936 йилда конвейерга қўйилди. Ўша йилдаёқ экспорт қилина бошланди. 1937 йилда автомобил ишлаб чиқариш департаменти асосий компаниядан ажралиб чиқди, у Toyota Motor Co деб номланди.

Орқароққа қайтамиз. Toyota ўз автомобилини нолдан ишлаб чиқармади – компания тарихи Америка машиналаридан нусха кўчиришдан бошланган. Аммо бу ҳам осон кечмаган – муҳандислар у ёки бу вазифани узоқ вақт бажара олмай юришар эди. 1936 йилда Toyota A автомобили юзага келди. У Америкада ишлаб чиқарилган Chrysler Airflow автомашинасининг кўчирмаси эди. Қуйма кузов, ўрта тўсиқсиз пешойна, дискалар, спицасиз ғилдирак – ҳаммаси сифатли қилиб чиқарилганди. Аммо автомобил қимматга тушгани боис атиги 1404 дона сотилган.    

Аввалбошдан Тойодалар компанияси инновацион ёндашувларни қўллайди. Ҳали тўқув дастгоҳлари ишлаб чиқарилган пайтдаёқ бир ходимнинг ишида муаммо пайдо бўлса, бутун ишлаб чиқариш тўхтатилар эди. Шу тарзда сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқариш эҳтимоли пасайтириларди. Бу тажриба автомашина ишлаб чиқаришда ҳам самарали қўлланади.

1937 йилда Киичиро автомобил ишлаб чиқарувчи бўлинмани ажратиб олиб, алоҳида компания тузади – Toyota Motor Company. Нега аввалги Гап шундаки, D ҳарфини ифодаловчи иероглифни ёзиш учун қалам билан тўққизта чизиқ тортиш керак, тўққиз рақамини эса японлар «бахтсиз» деб билади...

1937 йилда компаниянинг омади чопади – ҳукумат 3000 дона юк ташувчи машинага буюртма беради. Бу кейинги изланишлар учун нақд пул дегани эди – тойотачилар ҳамиша Ғарб машиналаридан нусха кўчириш ниятида эмасди. 1938 йилда компанияга тегишли, хоссатан автомобил ишлаб чиқаришга йўналтирилган завод пайдо бўлди. Завод атрофида шаҳар пайдо бўлади. Ҳозирда у Тойота деб ном олган.

Янги асрга келиб компания бир йилда 10 миллион автомобил сотиб, бу борада жаҳон рекордини қайд этди.

Ривожланиш замирида ҳаракат ётади дейишади. Олимлар катта-катта китоблар ёзган... халқлар қандай қилиб ўз-ўзини ўнглагани, ривожлангани ҳақида. Бутун бошли илмий йўналишлар бу ҳақда гапиради, катта институтлар буни ўрганади. Ҳамма «биз биламиз» дейди, ривожаниш омилларини билишини айтади.

Ҳа, олимлар иқтисодий, ижтимоий юксалиш омилларини яхши ўрганган, буни ёддан айтиб берадиганлар ҳам бор. Бироқ...

Бироқ ҳеч бир илмий луғатда «орзу» сўзи йўқ. Чунки орзу бу нозик материя бўлиб, унинг манбасини – қаердан келишини ҳеч ким билмайди, орзу қилишни ҳеч қаерда ўргатишмайди ва... орзуни чақириб олиб ҳам бўлмайди.

Гўё орзу самони кезиб, кимнинг бошига қўнишни ўзи танлайди. Ва бунда у гўё тоза қалбларни излайди ва тополмаганидан бола қалбини танлайди.

Ва орзу ўз танловини қилгандан кейин, ажиб ишлар содир бўлади... Бу гўё қиш тугаб, қорлар эриб, эрта баҳорда ёғган ёмғирдан униб чиқадиган ўсимликка ўхшайди, ҳаёт қўзғалишига ўхшайди. Зеро, орзу кучи грандиоз ички сафарбарликни келтириб чиқаради ва шунда орзу кучи билан юзага келган ишлар кўзимизга учи кўринмайдиган тоғ бўлиб кўринади. Ҳолбуки, ҳаммаси бир боланинг орзусидан бошланган эди.

Шокир Шарипов

Мавзу
Kun.uz Японияда
Kun.uz ижодий жамоаси 2023 йил охирида Японияга сафар қилиб, кунчиқар юртнинг турли ҳаётий жабҳалари ҳақида бирқанча кўрсатувлар тайёрлади.
Барчаси
Top