Брюсселда фермерлар намойиши полиция билан тўқнашувга айланиб кетди
Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар қишлоқ хўжалиги вазирлари йиғилиши чоғида юзлаб тракторлар Брюссел марказини тўсиб қўйди. Полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланган.
Брюсселда фермерларнинг Европа Иттифоқи қишлоқ хўжалиги сиёсатига қарши намойиши полиция билан тўқнашувларга сабаб бўлди. 26 феврал, душанба куни ЕИ қишлоқ хўжалиги вазирларининг Белгия раислигида қишлоқ хўжалиги долзарб муаммолари муҳокама қилинган йиғилиши вақтида 900 га яқин трактор Белгия пойтахтининг Европа кварталини тўсиб қўйишга уринди.
Полиция эрта тонгдан баъзи кўчаларда ҳаракатни тўхтатган ва Европа Иттифоқи муассасалари учун хавфсизликни ташкил қилган, бироқ фермерлар баъзи ҳолларда тракторлар ёрдамида полиция кордонини бузиб ўтишга муваффақ бўлган. Шу билан бирга, намойишчилар шиналарга ўт қўйган, суюқ гўнг сачратган, полицияга таёқ, шиша, тухум ва пиротехника воситаларини улоқтирган. Полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва сув зарбалари билан жавоб берди.
Belga агентлигининг шу куни кечқурун полицияга таяниб хабар беришича, тўқнашувлар натижасида уч нафар полициячи жароҳатланган. Айбдорларни аниқлаш учун расмийлар олинган видеоёзувларни таҳлил қилади.
ЕИ қишлоқ хўжалиги вазирларининг йиғилиши
Шу куни Европа Иттифоқи қишлоқ хўжалиги вазирлари йиғилишида Европа комиссиясининг Европа бўйлаб фермерлар норозилигига сабаб бўлган янги таклифлари, шунингдек, бу норозиликлар ва уларга қандай жавоб бериш кераклиги муҳокама қилинди. Белгия қишлоқ хўжалиги вазири Девид Кларинвал йиғилиш якунида айтганидек, барча Европа Иттифоқи давлатлари вазият ҳозиргидек қолиши мумкин эмаслигига рози, аммо намойишчиларнинг усулларини қораланади. «Гап фермерлар, футбол безорилари ёки ковид норозиликлари ҳақида борадими, биз ҳар доим зўравонликни қоралаймиз», деди Кларинвал.
Ўз навбатида, Европанинг қишлоқ хўжалиги бўйича комиссари Януш Войцеховский Европа Иттифоқи Европа мамлакатларидаги фермерларнинг норозилигига сабаб бўлаётган саволларга жавоб топиш ниятида эканини очиқ-ойдин таъкидлади. «Эътиборимиз фермерларни ўйлантираётган энг муҳим масалаларга ечим топишга қаратилган», деди у.
ЕИнинг бошқа давлатларида намойишлар
Худди шу куни Мадридда испан фермерлари оммавий норозилиги ҳам бўлиб ўтди, у ерда Пасео-де-ла-Кастеллана марказий кўчасида транспорт тўсиб қўйилган, бундан ташқари, намойиш Европа Иттифоқининг Испаниядаги ваколатхонаси олдида ўтказилди. Бу Испанияда норозиликлар давридаги энг йирик намойиш бўлди, дея хабар беради dpa. Бир кун аввал, 25 феврал куни полшалик фермерлар Германияга олиб борувчи асосий магистрални 24 соат давомида тўсиб қўйди.
Бошқа нарсалар қаторида, фермерлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун адолатли нархларни ва экология қоидаларини юмшатишни талаб қилмоқда, бу, уларнинг фикрича, қишлоқ хўжалиги секторига ҳаддан ташқари босим ўтказмоқда.
Мавзуга оид
21:20 / 19.11.2024
Қишлоқ хўжалиги кооперативлари ҳақидаги узоқ кутилган қонун имзоланди. Соҳада нима ўзгаради?
20:29 / 15.11.2024
Ғайрат Фозилов Европа кенгаши президентига ишонч ёрлиқларини топширди
16:04 / 01.11.2024
Боёвут ҳокими Дилфуза Уралова фермерни ҳақоратлаб, ИИБга уни қамаб қўйишни буюрди
10:38 / 13.10.2024